Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

20.12.2019


2020 ЙИЛДА ҚАЙСИ СОҲАГА ҚАНЧА МАБЛАҒ ЙЎНАЛТИРИЛАДИ?

Вилоят Кенгаши сессияси

2020 йилда вилоят маҳаллий бюджети даромадлари 2 триллион 935,7 миллиард сўм, ўз навбатида келгуси йилда маҳаллий бюджетнинг жами харажатлари 3 триллион 693,8 миллиард сўм бўлиши кутилмоқда (шундан 758,1 миллиард сўми республикадан ажратиладиган  тартибга солувчи трансферт).

Маҳаллий бюджет харажатлари 2019 йилга нисбатан 5,7 фоизга ошиши назарда тутилиб, ижтимоий соҳа харажатлари учун 1 триллион 936 миллиард, жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасига 1 триллион 97 миллиард, таълимга 351,4, маданият  жабҳасига 30,2, спорт тадбирлари билан боғлиқ харажатларга 19,8 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Президентнинг 2019 йил 7 июндаги "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига асосан ҳар бир туман ва шаҳарда ташкил этилаётган ахборот-кутубхона марказларини сақлаш учун 2020 йилда 5 миллиард сўм йўналтирилади.

Ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва компенсация тўловлари 434,5 миллиард сўмни ташкил қилади.

Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида айтиб ўтилди. Сессияда вилоятнинг 2020 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.

Қайд этилдики, 2020 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси биринчи марта Халқаро валюта жамғармаси ҳамда бошқа халқаро молиявий институтлар экспертлари билан биргаликда жаҳон стандартларига мос равишда қонун шаклида ишлаб чиқилди. Ушбу қонун билан 2020 йилдан бошлаб маҳаллий бюджет харажатлари халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тасдиқланиши тартиби жорий этилди. Бунда халқ депутатлари вилоят Кенгашлари тегишли бюджетларни Ҳисоб палатасининг, шаҳар ва туманлар  Кенгашлари эса молия бош бошқармаси хулосаси асосида қабул қилади.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар солиқлардан тушумлар кўпроқ тушишини прогноз қилсалар, мустақил ва мос равишда харажатларни ҳам ошириш имконига эга бўлдилар. Даромад тушуми прогноз кўрсаткичларидан 5 фоиздан ортиқроқ камайиб кетса ва ҳудудда харажатларни мос равишда камайтириш имконияти бўлмаса, маҳаллий ҳокимликлар қўшимча трансфертлар ажратилишини сўраб Молия вазирлигига мурожаат қилишлари мумкин.

2019 йил 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи ставкасининг 20 фоиздан 15 фоизгача камайтирилиши келгуси йилда бизнесга солиқ юки пасайишига асос бўлади.

Устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат корхоналари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 12 фоизгача камайтирилди.

Фойда солиғи ставкаси 12 фоиздан 15 фоизгача оширилди. Бунинг сабаби - бир томондан, давлат бюджети йўқотишларини қисман қоплаш бўлса, иккинчи томондан, ишловчиларга иш ҳақини фойда орқали берилишига кўмаклашишдир.

2020 йилдан бошлаб алкоголь маҳсулотлари ва мобиль алоқаси учун акциз солиғи миқдори ҳудудларнинг аҳоли сонидан келиб чиқиб қайта тақсимланади. Маълумот учун, вилоят аҳолиси сони 2019 йил 1 июль ҳолатида 3 миллион 213,3 минг нафарни ёки республика умумий аҳолисидаги улуши 9,6 фоизни ташкил этган.

Сессияда 2020 йил учун вилоят маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинди.

Б.САЙФИЕВ

 

Report typo