Бу ҳақда Қарши давлат университетида бўлиб ўтган кўргазмали семинарда сўз юритилди. Тадбир вилоят давлат солиқ ва божхона бошқармалари ҳамкорлигида мамлакатимиз солиқ сиёсатида рўй берган янгиликларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилди. Тадбирга воҳамизда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, хўжалик юритувчи идоралар раҳбарлари, ҳисобчилар, ишбилармонлар таклиф этилди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги қарори ва "Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. Унга асосан,тегишли қонунчилик ҳужжатларига бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Тадбир доирасида махсус стендлардан иборат кўргазма намойиш этилди. Улар асосида семинар иштирокчиларига қисқача тушунтиришлар берилди. Шундан сўнг солиқ идораси мутахассислари мавжуд ўзгаришлар бўйича тадбиркорларга батафсил маълумот тақдим этишди. Ушбу янгиликлар аҳолига, хусусан, тадбиркорга нима бериши, янги тартиб-таомиллар нима мақсадда жорий этилаётгани аниқ мисоллар ёрдамида изоҳлаб ўтилди.
- Биргина фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бирлаштирилгани, бунинг самарасида тегишли солиқ ставкаси илгариги 15,5 фоиз ўрнига 14 фоиз қилиб белгилангани тадбиркорга анча қулайлик тақдим этади, - дейди Ғузор туманидаги айни пайтда савдо хизмати кўрсатаётган ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқараётган "Муртазаев Дилшод Мустафаевич" корхонаси раҳбари Дилшод Муртазаев. - Сўнгги йилларда бу каби енгилликлар кўпайиб бораётганини кўриш мумкин. Албатта, бу қонуний ишлаб, фойда олиш ниятида бўлган тадбиркор манфаатига тўла мос келади. Хўш, ортган маблағимизни нима ҳам қиламиз, турган гапки, ишлаб чиқаришимизни ривожлантиришга сарфлаймиз, фаолиятимизни кенгайтирамиз, иқтисодий имкониятимизни яхшилаймиз.
Қайд этилишича, жорий йилда солиқ юки камайиши ҳисобига вилоятимиз тадбиркорлари 204 миллиард сўмдан кўп маблағ тежайди. Албатта, бу ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ҳам ўз ижобий ифодасини топади. Замонавий қувватга эга корхоналар, хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилиб, янги иш ўринлари яратилишига замин ҳозирланади.
Семинар давомида мутахассислар иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтаришди. Тадбир якунида ўтган йили интизомли солиқ тўловчи бўлган талайгина ишбилармонлар, солиқ тизимидаги янгиликларни ёритишда солиқ идоралари билан фаол ҳамкорлик қилган оммавий ахборот воситалари ходимлари тақдирланди.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ