Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • 222 маротаба ўтказилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида  2,9 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди

Шоҳиста БОЗОРОВА

16.08.2024


222 маротаба ўтказилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида  2,9 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди

Матбуот анжумани

Ҳозирда вилоятимиздан 83 минг 64 нафар фуқаро чет давлатларига чиқиб кетган. Шундан 81 минг 14 нафари ишлаш учун, 751 нафари ўқиш учун, 1 минг 299 нафари бошқа мақсадларда (даволаниш, саёҳат, меҳмонга ва ҳ.к) кетганлиги аниқланган.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида  вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси томонидан “Аҳоли бандлигини таъминлаш чоралари ва келгуси режалар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тадбирда бошқарма бошлиғи Фахриддин Муҳаммадиев томонидан 2024  йилда аҳоли бандлигини таъминлаш (ишга жойлаштириш ва касбга ўқитиш, субсидия ажратиш орқали ўзини ўзи банд қилиш) борасида амалга оширилган ишлар, ташқи меҳнат миграцияси ва ҳоким ёрдамчилари томонидан олиб борилган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Қайд этилганидек, жорий йилда аҳолини вакант иш ўринларига ишга жойлаштириш мақсадида 222 маротаба бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, унда 19,7 минг нафар фуқаро иштирок этди. Уларнинг 2,9 минг нафари корхона ва ташкилотлардаги бўш (вакант) иш ўринларига ишга жойлаштирилди, 2,1 минг нафари касбга ўқитиш курсларига юборилди. 935 нафари эса ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. Натижада меҳнатга лаёқатли аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси 2023 йилдаги 9,3 фоиздан 2024 йилга келиб 2 фоизга камайди.

- Меҳнат миграцияси соҳасини такомиллаштириш, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида вилоят делегацияси жорий йилнинг 14-19 март кунлари Германияда бўлди, - дейди Фахриддин Муҳаммадиев. - Ташриф мобайнида таълим, миграция масалаларида қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Жумладан, Германиянинг тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган учрашувлар натижасида “Hehnke Gmbh”, “Simson Private Akademiye”, “Ernst Klett AG” ва “Klett Group” компаниялари раҳбарлари билан ишчи кучини жалб қилиш, Аусбилдунг дуал таълим борасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Германиянинг “Avestos” компанияси билан ҳамкорлик келишувига асосан жорий йилда вилоятимизда тажриба-синов тарзида немис ўқув дастурлари ва технологиялари асосида Ғузор тумани ва Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган 1-сонли касб-ҳунар марказларида Германиянинг профессионал касб-ҳунар мактаби ташкил этилади. Унда немис тили ва касб-ҳунарлар, жумладан, машинасозлик, хизмат кўрсатиш ва қурилиш соҳаларида малакали мутахассислар тайёрланиб, Германияга ташкилий тарзда ишга юборилади.

Таъкидландики, бугунги кунда фуқароларимизга Германия, Буюк Британия, Япония, Финландия, Туркия, Россия, Латвия, Литва, Болгария, Жанубий Корея, Польша каби давлатларда тиббиёт, ҳайдовчилик, қурилиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларида бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда. Ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси бўйича хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилаётган фуқароларни хорижий тилларга, хусусан япон, инглиз, корейс, немис ва рус тилларига ўқитиш бўйича Косон ва Қарши шаҳрида ташкил этилган “Ишга марҳамат” мономарказлари, Шаҳрисабз шаҳридаги “КОICА” ўқув маркази ва “Қирол Сежон” ўқув курслари ташкил қилинган.

 Матбуот анжумани қизғин савол-жавоблар асосида ўтди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo