Анъанага мувофиқ, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб-тамойиллар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2023 йил 1 мартдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар ҳақида тўхталамиз.
Барча юридик шахсларга ЯИДХП орқали тижорат хизматларини кўрсатишга рухсат берилади
Президентнинг "Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:
солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади;
ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча юридик шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тижорат хизматларини кўрсатишга рухсат берилади;
Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан амалга ошириладиган бир шартнома суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 минг 500 баравари ва ундан юқори бўлган давлат харидлари бўйича буюртмалар тўғридан-тўғри шартномалар асосида бажарилишига йўл қўйилмайди;
вазирлик (идора, муассаса) ва унинг таркибидаги ташкилот (муассаса) ўртасида қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 минг 500 баравари ва ундан юқори бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилиниши тақиқланади.
Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича тузилган далолатномалар электрон шаклда расмийлаштирилади
Давлат раҳбарининг "Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан:
назорат тадбирларини амалга оширишда тафовутларни аниқлаш мақсадида Ўзэнергоинспекцияга "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖларнинг электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларидаги ёқилғи-энергия ресурслари истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни мониторинг қилиш имконияти яратилади;
электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича тузилган далолатномаларни электрон шаклда расмийлаштириш ва тегишли маълумотларни "E-ma'muriy ish" тизимига киритиш тартиби жорий этилади.
Унитар корхона ёки қўшимча масъулиятли жамият ташкилий-ҳуқуқий шаклида юридик шахс ташкил этишга йўл қўйилмайди
Бу норма Президентнинг "Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган.
2023 йил 1 мартга қадар амалда фаолият юритиб келаётган унитар корхона ёки қўшимча масъулиятли жамият ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш жараёнлари 2025 йил 1 январга қадар якунланади.
Яна, ушбу ҳужжат билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ўзининг расмий веб-сайти орқали қуйидаги фактлар тўғрисидаги ахборотни улар юз берган санадан икки иш куни ичида эълон қилади:
қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш, уни тўхтатиб туриш, амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топиш;
қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензия бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, лицензияни бекор қилиш;
қимматли қоғозлар бозорида қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш, хизматларни кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажариш ҳуқуқини берувчи малака сертификатини бериш.
Тегишли юридик шахслар учун қатор амалиётларни "E-aktiv" ААТда акс эттириш мажбурий бўлади
Ҳукуматнинг "Солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни янада такомиллаштириш ва қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, қўшилган қиймат солиғи тўловчилар ва устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар учун:
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш (сотиб олиш (қуриш), ишга тушириш, қайта баҳолаш, тасарруф этиш) ҳамда ўз устав фондини (устав капиталини) шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни солиқ органларининг "E-aktiv" автоматлаштирилган ахборот тизимида акс эттириш;
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хўжалик фаолияти давомида товар-моддий захиралар сақлаш муддати тугагач яроқсизлиги, жисмонан ва маънан эскирганлиги натижасида йўқ қилинганда ва камомад, йўқотиш ёки шикастланиш (синиш, бўлиниш) сабабли ҳисобдан чиқарилганда уч иш кунидан кечиктирмасдан "E-aktiv" автоматлаштирилган ахборот тизимида акс эттириш мажбурий ҳисобланади.
Шунингдек, жорий йилнинг 1 мартидан эътиборан:
Президентнинг "Республикада капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг смета қийматини аниқлаш Давлат статистика қўмитаси, солиқ қўмитаси ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базаларини интеграция қилган ҳолда Қурилиш вазирлиги томонидан жорий этиладиган "Қурилиш ресурслари миллий классификатори" электрон платформаси асосида амалга оширилади.
* * *
Давлат раҳбарининг "Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий қилинади:
биринчи босқичда - туман (шаҳар) мусобақалари;
иккинчи босқичда - вилоят мусобақалари;
учинчи босқичда - республика (финал) мусобақалари.
* * *
Терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилади.
Бу норма Президентнинг "Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори билан мустаҳкамланган.
* * *
Президентнинг "2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ягона электр энергетика тизимига уланиш учун берилган техник шартларда кўрсатилган қувватдан юқори бўлмаган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини электр тармоқларига улашда қўшимча техник шарт олиш талаб этилмайди.
* * *
Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун "Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап" (President Tech Award) танловини ўтказиш тартиби тўғрисида"ги қарорида белгиланганидек, IT-парк дирекциясига унинг резидентлари томонидан ҳар ой ўтказиладиган ажратмалар миқдори, улар томонидан яратилган дастур, миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар аудиториясининг қамрови 500 минг фойдаланувчидан ошганда 25 фоизга, 1 миллион фойдаланувчидан ошганда 50 фоизга пасайтирилади.
* * *
Ҳукуматнинг "Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги қарори талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган кам учрайдиган касалликларни даволаш учун мўлжалланган орфан дори воситалари ҳамда кам учрайдиган (орфан) касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун мўлжалланган тиббий буюмлар рўйхатига кирган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида амалга оширилган рўйхатга олиш натижаларини тан олиш тартиби доирасидаги дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббиёт техникасининг Давлат реестрига киритилган дори воситаларини мажбурий рақамли маркировкалаш бошланади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.