Маълумки, қора ва рангли металл ҳар қандай мамлакат саноатида муҳим ўрин тутиб, унга эҳтиёж ҳамиша юқори бўлади. Шунга мувофиқ, мамлакатимиз қонун ҳужжатларида, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рангли металлар парчалари ва чиқиндилари экспортини тартибга солиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, рангли металлар парчалари ва чиқиндиларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетилиши ва экспорт қилиниши тақиқланади.
“Рангли металл парчалари, чиқиндиларини йиғиш, тайёрлаш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорда эса таркибида рангли металлар бўлган механизм ва агрегатларни талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик фактлари, рангли металл парчалари ва чиқиндиларини яширинча тайёрлаш, уларни мамлакат ташқарисига ноқонуний олиб чиқиб кетиш ҳолатларининг олдини олиш чоралари кўрсатиб ўтилган.
Шу асосда божхона органлари ўз ваколати доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш-техника буюмлари парчалари ва рангли металлар чиқиндиларининг республикамиз ҳудудидан ноқонуний олиб ўтилиши ва айланмасининг олдини олиш, республиканинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, қимматли хомашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келади.
Бу галги тадбирда Чироқчи-Қарши йўналишида ҳаракатланаётган О.Қ. бошқарувидаги давлат рақами 70 L 303 LA бўлган “Isuzu” русумли юк автотранспорт воситаси Қўнғиртоғ ЙПХ маскани яқинида тўхтатилиб, юкхонаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, йўловчи сифатида келаётган Н.С.га тегишли, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 23 миллион 190 минг сўмлик, жами 10 тонна 243 килограмм 2 турдаги: 2783 килограмм алюминий, 7460 килограмм қўрғошин рангли металлари ва уларнинг парчалари борлиги аниқланди.
Жорий йилнинг 20 апрель куни Қарши-Бешкент йўли 3-километрида тўхтаб турган Р.Б. бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салони ва юкхонасида қарийб 500 минг сўмлик жами 123 килограмм қўрғошин, алюминий ва мис металлари борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Нуриддин АВЛОҚУЛОВ, вилоят божхона бошқармаси контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими бошлиғи