Албатта, Китобда ишлаб чиқариш учун зарур хомашё ресурсларининг мавжудлиги бу ерда саноатнинг жадал равнақ топишига шароит ҳозирламоқда. Қишлоқ хўжалигида ҳар йили катта миқдорда тотли ноз-неъматлар етиштирилади. Шунингдек, ҳудуд табиий мармар тоши, оҳак, қум-шағал каби муҳим қурилиш материалларига бой. Тумандаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари бу устунлик ва имкониятлардан унумли фойдаланишмоқда.
"Сафит Карб" Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси шулардан биридир. Ушбу саноат мажмуаси бундан 5 йил муқаддам ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, асосан табиий мармар тошини қайта ишлашга ихтисослашган. Корхонада мазкур хомашё негизида микрокальцит ишлаб чиқарилмоқда.
- Корхонамизда йилига 12 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати мавжуд, - дейди тадбиркорлик субъекти раҳбари Баҳром Вафоев. - Микрокальцит тайёрлашда тўлиғича замонавий ускуналардан фойдаланилади. Улар хориждан келтирилган бўлиб, юқори иш самарадорлигига эга. Ҳозирги пайтда бу ерда 50 нафар кишини доимий иш билан банд этганмиз. Шу вақтгача маҳсулотимизни фақат ички бозорга йўналтираётган эдик. Яқинда қозоғистонлик ишбилармонлар ҳамкорлик таклиф қилишди. Манфаатли асосда ўзаро келишувга эришдик. Муайян муддат мобайнида уларга 100 минг евролик микрокальцит етказиб бериш мажбуриятини олганмиз. Ва илк партияни юклаб жўнатишга ҳам улгурдик.
Маълумки, ишлаб чиқаришни диверсификациялаш давр талабидир. Яъни маҳсулоти хилма-хиллигини ошириш тадбиркорга узоқ вақт фаолияти барқарорлиги ва рақобатбардошлигини таъминлайди. Қўшма корхона вакиллари ҳам шу жиҳатларни эътиборга олишган. Яқин истиқболда мажмуа қошида янги маҳсулот - сувли имульсион бўёқлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш мақсад қилинган. Бунинг учун амалий ишлар бошлаб юборилган. Хусусан, хориждан янги линия олиб келинган. Ишбилармон маҳсулотни реализация қилиш борасида муаммога дуч келмаслиги аниқ. Чунки ушбу қурилиш материалига ички ва ташқи бозорларда талаб юқори.
Аҳамиятлиси, жорий йил бошида Китоб тумани саноат салоҳиятини янада юксалтириш, фойдаланилмай турган имкониятларни ишга солиш мақсадида 2 йилга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилган. Дастурдан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи 20 дан ортиқ истиқболли лойиҳа жой олган. Мазкур лойиҳалар асосида тегишли муддатда 1 триллион 734 миллиард сўмлик инвестицияларни ўзлаштириш белгиланган. Яратилажак иш ўринлари сони эса 1500 дан ошади.
- Дастурни тайёрлашда лойиҳа ташаббускорлари, уларни молиялаштириш манбалари, корхона қуришга ажратиладиган ер майдонлари аниқ белгилаб олинди, - дейди Китоб тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Асқар Сирожев. - Саноатни ривожлантириш дастурини тармоқлар бўйича кўрадиган бўлсак, бунда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш етакчи ўринни эгаллайди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, мавжуд қувватларни техник ҳамда технологик янгилаш, енгил саноат соҳасини ҳам кўтариш мақсад қилинган. Икки йил мобайнида озиқ-овқат саноатида 6 та, ноозиқ-овқат саноатида 10 та ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишида 7 та лойиҳа рўёбга чиқарилади.
Мутасаддининг билдиришича, тумандаги "Агромир Китоб" МЧЖ томонидан 2,9 миллиард сўмлик инвестиция ҳисобига йилига 3000 тонна узумни қайта ишлаш (виноматериал) ташкил этилади. Тайёр маҳсулот тўлалигича чет элга экспорт қилиниши мўлжалланган.
"Насриев Шермат Зайниевич" оилавий корхонаси эса қиймати 2 миллиард сўмлик лойиҳани таклиф этган. Унинг асосида тошни майдалаш ва ишлаб чиқариш цехи фаолияти йўлга қўйилади.
"Китоб тери мўйна" савдо тайёрлов ширкати таклиф этган лойиҳа ҳам юқори ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга. Ташаббускор 1 миллиард сўм инвестиция жалб қилиш эвазига йилига 4 миллион квадрат дециметр терини қайта ишлаш қувватини ишга туширади. Корхона замонавий ва энергия тежамкор дастгоҳлар билан жиҳозланади.
Эътиборли жиҳати, дастурда чет эллик сармоядорларни жалб этишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилган. Хитой мамлакатининг "AnHui Conch Cement Company Limited" корпорацияси сармоядорлари ҳудудда ишбилармонлик фаолияти билан шуғулланишга катта қизиқиш билдирган. Хорижлик инвестор 200 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя олиб кираяпти. Цемент ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш янги ташкил этилажак хорижий корхонанинг асосий йўналиши бўлиши режалаштирилган. Лойиҳа 2019 йилда тўлиқ ҳаётга татбиқ этилиши лозим. Бунинг натижасида 500 янги иш ўрни яратилади.
Дастурдан жой олган яна бир лойиҳанинг ўзига хос томони шундаки, у истеъмол маҳсулоти эмас, балки тайёр ускуна ишлаб чиқаришни кўзда тутади. Тумандаги "Тегирмон монтаж сервис" масъулияти чекланган жамияти асосий ташаббускор сифатида майдонга чиққан. Ушбу тадбиркорлик субъекти юртимиздаги донни қайта ишлаш корхоналарига ўзи тайёрлаган бутловчи ва эҳтиёт қисмлар етказиб бераётган эди. Жорий йилда лойиҳа амалга ошса, мазкур тадбиркорлик субъекти ўз мижозларини тайёр ишлаб чиқариш линиялари билан таъминлаш имконига эга бўлади.
- Бу борада Туркиянинг катта тажрибага эга бўлган компанияси билан ҳамкорлик қилаяпмиз, - дейди тадбиркор Алижон Эшқобилов. - Чет эллик инвестор билан келишиб, туманимизда "Erkan machinery" Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонасини таъсис этдик. Лойиҳамизнинг самарали рўёбга чиқиши учун 5 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиши ҳисоб-китоб қилинди. Шунинг 408 минг АҚШ доллари эквивалентидаги маблағ тўғридан-тўғри хорижий инвестициядир. Ҳозирда корхона учун ажратилган 3 гектардан ортиқ майдонда ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этиш ишлари кетаяпти. Йил охирига қадар маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаш режа қилинган. Замонавий қувват ишга туширилса, бир йилда 400 дона тегирмон ва омихта ем ишлаб чиқариш ускунаси тайёрлаш имконияти пайдо бўлади, шунингдек, 20 нафарга яқин кишининг бандлиги таъминланади.
Кўриниб турибдики, яқин келажакда туман саноатида ишлаб чиқариш маҳсулдорлиги ва ўсиш суръати янада ошади. Тармоқдаги йўналишлар ҳам янгилари ҳисобига кўпаяди. Мавжуд қувватларнинг модернизация қилиниши эса таклиф этилаётган маҳсулотлар сифати замон талабларига мос бўлишига замин яратади. Бир сўз билан айтганда, ушбу йирик лойиҳалар ҳудуд саноати янада ривож топиши, аҳоли фаровонлиги ортиши, туманнинг экспорт салоҳияти кенгайишига хизмат қилади. Ҳозирги муҳим вазифа эса ишлаб чиқилган дастурда белгиланган лойиҳаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлашдир.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ