Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ш.БОЗОРОВА

23.10.2019


24 ОКТЯБРЬ – БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ ТАШКИЛ ТОПГАН КУН

Фаолияти бошидаёқ БМТнинг устувор йўналишларидан бири иқтисодий, ижтимоий, маданий ёки гуманитар масалаларни ечишда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини - ирқий, жинсий, тил ёки диний аломатларга қараб ажратмасдан – ҳурмат қилиш, эъзозлаш ва илгари суриш мақсадида халқаро ҳамкорликни ўрнатишдан иборат бўлган.

1948 йилда инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси инсон ҳуқуқлари тушунчасини халқаро ҳуқуқ соҳасига киритди. Шундан бери БМТ тегишли ҳуқуқий воситалар ва бир қатор аниқ чора-тадбирлар орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиб келмоқда.

БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши тинчликпарвар миссияларини маъқуллаш, санкцияларни ўрнатиш, халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинаётган ҳолатларда қуролли кучлардан фойдаланиш ҳақидаги қарорларни қабул қилиш ҳуқуқига эга. БМТ Устави халқаро ҳуқуқ воситаси бўлиб, унга аъзо барча мамлакатлар бажаришга, риоя этишга мажбур. БМТ Уставида барча давлатларнинг суверенитети, тенг ҳуқуқлилиги тушунчасидан тортиб халқаро муносабатларни қуришда куч ишлатмаслик каби халқаро алоқаларнинг асосий тамойиллари аниқ белгилаб олинган. 

Мазкур Устав асосида илк бора Иккинчи жаҳон уруши оқибатида ачинарли аҳволга келиб қолган Европа ҳудудида яшовчи халқларга гуманитар ёрдам кўрсатилиб, Европани қайта қуришга катта ҳисса қўшилган. Фалокат ва табиий офатлар оқибатида азият чекаётган аҳолига гуманитар ёрдамни етказиб бериш билан боғлиқ ишларни амалга оширишга алоҳида мамлакатнинг ўзи ожизлик қилаётган ҳолларда бундай ишлар БМТга топширилади. 

Ўзбекистон 1992 йил 2 мартда БМТга аъзо бўлди. Шу куни БМТ Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилди. 1993 йилда БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди. БМТда Ўзбекистон Республикаси ваколатхонаси иш бошлади.

Ўзбекистонда БМТ билан ҳамкорлик барча соҳада изчил ривожланиб бормоқда. Мамлакатимизда ушбу ташкилотнинг нуфузли органлари - Тараққиёт дастури, Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури (ЮНЕЙДС), Гендер тенглиги ҳамда аёллар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича тузилмаси, Марказий Осиёда Превентив дипломатия минтақавий маркази, Халқаро меҳнат ташкилоти, БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ ҳўжалиги ташкилоти ҳамда Кўнгиллилар дастури ваколатхоналари фаолият юритаётгани ҳамкорлик самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

БМТнинг Ўзбекистондаги фаолияти  тараққиётга кўмак дастури (ЮНДАФ)га асосланган бўлиб, бу дастур миллий ҳамкорлар ва БМТ ўртасидаги 2016 йилдан 2020 йилгача бўлган даврни ўз ичига камраб олувчи стратегик ҳужжат ҳисобланади. Ушбу дастур БМТ агентликларининг билим ва техник ёрдам маблағларини тараққиёт мақсадларига эришиш йўлида сарфлашга бўлган интилишларига асосланади.  

Манбалар асосида Ш.БОЗОРОВА тайёрлади.

 

 

 

Report typo