Қарши шаҳридаги Араловул маҳалласи ҳудудида "Wunder children" (Билимдон болалар) номли янги хусусий мактабгача таълим муассасаси иш бошлади.
Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳада хусусий сектор улушини ошириш орқали ўзаро ҳалол рақобатни шакллантириш, хусусий боғча ташкил этаётган ишбилармонларга имконият ва имтиёзлар яратиб бериш борасидаги ташаббусларидан руҳланган тадбиркор Хуршида Ҳакимова ана шу лойиҳани амалга оширди.
Бинога киришингиз билан тадбиркорнинг бу ишга астойдил ёндашганини ҳис этасиз. Беихтиёр кайфиятингиз кўтарилиб, ҳавасингиз ортади. Яна болалик дамларига қайтиш орзуси уйғонади.
- Яқиндагина иш бошлаганимизга қарамай, тарбияланувчиларимиз сони кундан-кунга ошиб бормоқда, - дейди муассаса мудираси Гулсара Воҳидова. - Муассасамизда бир пайтда 90 нафар болага таълим-тарбия беришни мақсад қилганмиз. Бадиий гимнастика, спорт тўгараклари ташкил этаяпмиз, шунингдек, инглиз, рус, корейс ва хитой тилларидан машғулотлар олиб борамиз.
Аҳамиятли жиҳати, тадбиркор ишни ташкил этишда ота-оналар учун барча қулайликларни яратишга эътибор қаратган. Боғча аксарият ота-оналарнинг ишда бўлиш вақтини инобатга олган ҳолда, эрталаб соат еттидан кечки еттига қадар, яъни 12 соат ишлайди. Бундан ташқари, талаб асосида 24 соатлик гуруҳга ҳам тарбияланувчиларни қабул қилиш имкони яратилган.
Хусусий боғчада тадбиркор фойда олишни кўзлайди ва шу асосда энг аввало ишни ривожлантиришни, мижозлар ишончини қозонишни ўйлайди. Таълим ва тарбияни сифатли ташкил этишга, янги имкониятларни ишга солишга ҳаракат қилади. Бунга тадбиркор Хуршида Ҳакимова амалга ошираётган ишлар мисолида яна бир бора амин бўлдик.
Собир НАРЗИЕВ
Муаллиф олган суратларда: муассаса фаолиятидан лавҳалар.