Корхона йилига 33,5 миллиард куб тозаланган ва қуритилган табиий газ, 417 минг тонна олтингугурт, 186 минг тонна барқарорлаштирилган газ конденсати, 258 минг тонна суюқ углеводородли газ (СПБТ, ПБА маркали) ишлаб чиқариш қувватига эга. Завод ва унинг тасарруфидаги ташкилотларда минглаб ходимлар меҳнат қилишмоқда.
Табиийки, мана шундай йирик иқтисодий аҳамиятга эга бўлган саноат объектини асраш, унинг хавфсизлигини таъминлаш, айниқса, объектда тез алангаланувчи газ ва нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши боис ёнғинлар келиб чиқишига йўл қўймаслик ўта муҳим ва масъулиятли вазифа ҳисобланади.
Шундан келиб чиққан ҳолда, “Муборак газни қайта ишлаш заводи” масъулияти чекланган жамияти ёнғин хавфсизлиги бўлими томонидан завод ва унинг ҳудудидаги объектларда ёнғинларнинг олдини олиш, уни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабабларни бартараф этиш, ишчиларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2018 йилнинг 9 ойи давомида корхонада меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар ўртасида 158 маротаба профилактик тарғибот тадбирлари, корхонада тузилган кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати шахсий таркиби иштирокида 27 маротаба ўқув машғулотлари ўтказилди.
Шунингдек, корхона ҳудудида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаган 296 нафар ишчи-хизматчига нисбатан 14 миллион 315 минг 838 сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилган. Ушбу ходимлар иш жараёнида техник қурилмалардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаганлиги, тақиқланган ҳудудларда ёнғин чиқариши мумкин бўлган воситалардан фойдалангани ёки шунга ўхшаш ҳолатларга йўл қўйганлиги учун жаримага тортилган.
Қолаверса, корхона ёнғин-техник комиссияси иштирокида олиб борилган ўрганишлар натижасида 5 маротаба қўпол камчиликларга йўл қўйган 8 нафар ишчи-хизматчи муҳокама қилиниб, уларга нисбатан меҳнат қонунчилигида кўрсатилган жазо чоралари кўрилган.
Албатта, бу ишлардан мақсад кимнидир жаримага тортиш эмас, ишчи-хизматчиларнинг бу борадаги масъулиятини янада ошириш, корхона хавфсизлигини ишончли таъминлашдир.
Тоштемир ЧОРИЕВ,
“Муборак газни қайта ишлаш заводи” МЧЖ ЁХБ катта инспектори, сержант