Тадбирда тегишли ҳисобот даврида вилоятда юз бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш бўйича белгилаб олинган чора-тадбирлар ижроси, бу борада қилинган ишлар аҳволига атрофлича баҳо берилди. Йиғилиш кун тартибидаги ушбу масала юзасидан комиссия раиси ўринбосари - вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Фахриддин Ғуломов маъруза қилди.
Таъкидланганидек, аҳолини куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш мақсадида кўплаб таъсирчан чоралар кўрилди. Вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда 1439 марта, аҳоли хонадонларида эса 68 минг 175 марта ўрганиш олиб борилди. Бозорларда рейдлар ўтказилиб, бунинг натижасида 198 дона қўлбола, сертификатланмаган газ ва иситиш мосламалари сотувдан олинди. Табиий газдан нотўғри фойдаланиш бўйича 36 ҳолат аниқланди ва бартараф этилди. Айбдорлар тегишли тартибда маъмурий жаримага тортилди.
Шунингдек, ҳокимликларга қарашли сув хўжалиги ва бошқа ижтимоий соҳа ташкилотларига 3,5 миллиард сўм ажратилиб, 10 та объектда муҳандислик ишлари тўлиқ ниҳоясига етказилди. Ўтган йил давомида вилоятимизнинг кўчки хавфи мавжуд ҳудудларида яшовчи аҳоли хавфсизлигини таъминлашга ҳам устувор аҳамият қаратилди. Шаҳрисабз, Қамаши, Китоб, Деҳқонобод ва Яккабоғ туманларидаги ана шундай ҳудудларда истиқомат қилувчи 38 нафар фуқаро доимий ёки вақтинчалик муддатга хавфсиз ҳудудларга кўчирилди. Уларга бу ҳудудларда уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратилди.
Воҳамиз ҳудудида бир қанча фавқулодда вазиятлар юз бергани олиб борилаётган чора-тадбирлар талаб даражасида эмаслиги, уларни амалга оширишда айрим мутасадди корхона ва ташкилотлар масъуллари томонидан сусткашликка йўл қўйилганини кўрсатди. Мисол учун, Шаҳрисабз, Китоб ва Яккабоғ туманларидаги 3 хўжаликни хавфсиз ҳудудларга доимий кўчириш ишлари охирига етказилмаган. Ҳудудий газ таъминоти корхоналари маиший газ баллонларини доимий техник кўрикдан ўтказиш, носоз, яроқсиз ёки муддати ўтган маиший газ баллонларини намойишли утилизация қилиш, яроқлилик муддати ўтган бундай жиҳозларни истеъмолдан чиқариш чорасини вақтида кўрмаган.
Яна бир жиҳати, жойларда ташкил этилган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ҳудудий комиссиялар фаолияти зарур талабларга жавоб бермайди. Уларнинг ишида натижадорлик кўринмайди. Шаҳрисабз шаҳри ва Қарши, Деҳқонобод, Яккабоғ, Шаҳрисабз туманлари комиссиялари тегишли ҳисобот даврида бирорта ҳам йиғилиш ўтказмаган ва юқори турувчи ишчи органига ҳисоботлар тақдим этмаган.
Йиғилишда юқоридагиларни инобатга олиб, жорий йилда мавжуд вазиятни барқарорлаштириш, соҳада учраётган хато ва камчиликларни бартараф этиш, тегишли комиссиялар фаолиятини самарали ташкил қилиш, аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фав-қулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга қаратилган асосий тадбирлар режаси тасдиқланди. Унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга мутасадди ташкилот ва идораларнинг биринчи раҳбарлари шахсан масъул этиб қўйилди. Ўз ишига совуққон муносабатда бўлган мансабдор шахсларга интизомий чоралар қўлланиши белгиланди.
М.ШУҲРАТОВ