Тадбир доирасида вилоят ҳокими Зафар Рўзиев муддатли ҳарбий хизматдан қайтган 400 нафардан зиёд воҳамиз ёшлари билан мулоқот ўтказди ва уларнинг ҳарбий хизматда олган билим-тажрибалари, келажак режалари билан қизиқди. Ҳарбий хизмат чоғида жисмонан чиниққан, ақлан тўлишган бу йигитларнинг ўзлари истаган соҳада ишлаб, юрт равнақига ҳисса қўшишларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида сўз юритилиб, ҳеч ким давлат эътиборидан четда эмаслиги, аҳоли бандлигини таъминлаш устувор вазифа эканлиги таъкидланди.
- Яқинда муддатли ҳарбий хизматдан тавсиянома олиб қайтдим, - дейди деҳқонободлик Темур Мейлимаматов. - Ўзим Деҳқонобод агробизнес ва транспорт коллежини тамомлаганман. Имтиёзга эгалигим боис келажакда олий ўқув юртида ўқишни режалаштираяпман. Бугунги тадбирда ўзим каби ҳарбий хизматга бориб, олган тавсияномаси асосида имтиёзли ўқишга кирган тенгдошларим билан мулоқотда бўлиб, бу аҳдим янада қатъийлашди.
Ярмаркада вилоятимиздаги 705 та корхона-ташкилот ўзларида мавжуд бўлган 3 минг 274 та бўш иш ўрни билан қатнашди ва тадбир иштирокчиларига бўш иш ўринлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Вилоятимиздаги тижорат банклари вакиллари эса тадбиркорликка йўналтирилаётган имтиёзли кредитлар тўғрисида тарғибот юритди.
Тадбир якунларига кўра, ярмаркада иштирок этган фуқароларнинг 534 нафарига ишга жойлашишлари учун йўлланмалар берилди. Шундан 270 нафарини ёшлар (56 нафари коллеж битирувчилари), 186 нафарини хотин-қизлар, 78 нафарини Қуролли Кучлар сафидан захирага бўшатилган йигитлар ташкил этди. Шунингдек, ярмарка иштирокчиларига меҳнат қонунчилиги, тадбиркорлик йўналишлари бўйича маслаҳатлар берилди.
Х.ҚИЛИЧЕВА
Суратда: тадбирдан лавҳа.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.