Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 апрел, шанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

Бекзод САЙФИЕВ

16.03.2023


3 ТА "СПАРК" УЧУН - 640 МИНГ ДАЪВОГАР

Эътиборлиси, учала автомобилга ҳам қизлар эга чиқди

 Келажакка сармоя

Ўтган ойда мамлакатимизда қизиқ ҳолат юз берди. Турли ҳудудда истиқомат қилаётган 33 нафар ўғил-қизнинг ҳар бири оз эмас, кўп эмас, 10 миллион сўм пулга эга бўлди. Улар орасида 12-13 ёшлилари ҳам бор, ўттизнинг остонасида турганлари ҳам.

Ёшларнинг 3 нафари 30 миллион, яна шунчаси 50 миллион сўмни қўлга киритди.

3 нафар қиз - навоийлик Азиза Иброҳимова, самарқандлик Марҳабо Маҳкамтошева ҳамда наманганлик Замира Абдуллаева яп-янги "Спарк" автомобилига эга бўлишди.

Ҳой-ҳой, шошма, нима гап ўзи, бирор шоу ёки лотерея ғолиблари аниқландими, нега биз бундан бехабар қолдик, булар ниманинг ҳисобидан бунча катта маблағга, автомобилга эга бўлади, дейсизми?

Йўқ, бу ёшлар аллақандай шоуда вақт йўқотишмаган. Тасодифий ютуқларни ҳам хуш кўришмайди. Китоб ўқишади. Ўқиганда ҳам бошқалардан, тенгдошларидан кўра яхшироқ ўқишади. Шунинг эвазига моддий рағбатга эга бўлишаётир.

Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг беш муҳим ташаббуси доирасида Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида "Ёш китобхон" танлови финал босқичи ўтказилди.

10-14, 15-19, 20-30 ёш тоифасида 1-ўринни эгаллаган иштирокчиларга  Президент соврини - "Спарк" автомобили берилди. 2-ўрин соҳиблари - 50 миллион, 3-ўрин - 30 миллион сўм пул мукофотига эга чиқди. Қолган барча иштирокчилар 10 миллион сўмдан олишди. Жайдари тушунтирсак, довга нақ 900 миллион сўм тикилган эди. Албатта, ҳар бир ёш тоифасида вилоятимиз вакиллари ҳам мукофотдан бебаҳра қолишмади.

Бунисига нима дейсиз? Китоб ўқиб машина олган одам ҳақида эшитганмисиз? Буёғига кўп эшитасиз.

Танловда қатнашиш учун нима қилиш керак?

 Танловда қатнашиб, юқори натижалар қайд этиш учун яхши, зукко китобхон бўлсангиз кифоя. "Telegram" ижтимоий тармоғидаги "Yoshkitobxoninfo" каналига аъзо бўлиб, тегишли йўриқлар асосида 1 сентябрга қадар онлайн ариза топшириб қўясиз - бўлди. Қолгани бир-бирига уланиб кетаверади. Танлов қачон, қаерда, қай шартлар асосида ўтказилади - ҳаммаси ҳақида каналда маълумот бериб борилади.

Ким ўтказади?

Мазкур танловни юқори савияда ўтказишда асосий ташкилотчи - Ёшлар ишлари агентлиги. Агентлик турли идора ва вазирликлар билан ташкилий-амалий ишлар бўйича ҳамкорлик қилса, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети илмий-ижодий ишлар бўйича масъул ташкилотлар сирасида бош-қош бўлади.

Кимлар қатнаша олади?

"Ёш китобхон" танловида Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши ва тилидан қатъи назар 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган барча ёшлар иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Эътиборлиси, аввалги йилда 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаганлар жорий мавсумда қатнаша олмайди. Бу - кучли рақобатчи биттага камайди, дегани. Асл мақсад - бошқаларга ҳам имконият яратиш эканини тушуниб турибсиз.

Тенг - тенги билан...

Албатта, 10 ёшли китобхон билан 30 ёшлисининг дунёқараши, бадиий қизиқишлари орасида катта фарқ бор. Шунинг учун ҳамма ёшига кўра қатнашади.

Жумладан, 2023 йилги, жорий мавсумда:

10 ёшдан 14 ёшгача - 2009-2013 йиллар оралиғида туғилганлар;

15 ёшдан 19 ёшгача - 2004-2008 йиллар оралиғида туғилганлар;

20 ёшдан 30 ёшгача 1993-2003 йиллар оралиғида туғилганлар маҳалла, сектор, туман, вилоят ва ундан ўтганлар республика босқичида ғолиблик йўлида ҳаракат қилишди.

Қайси китобларни ўқиш зарур?

Ҳар йилги мавсум учун Экспертлар комиссияси томонидан тавсия этилган ки-тоблар рўйхати "Yoshkitobxoninfo" каналида эълон қилинади.

Бунда 10-14 ёшли китобхонлар илмий-оммабоп, ўзбек ва жаҳон адабиётига оид 50 та, 15-19 ёшлилар - 60 та, 20-30 ёшлилар 70 китобни ўқиб чиқишлари керак.

Ҳозирча 2023 йилги мавсумда ўқиладиган китоблар рўйхати эълон қилинмади. Оббо, танлов сентябрда бошланса, унгача 60-70 та китобни қандай ўқиб чиқамиз, деб шошилманг.

Рўйхат ўтган йилгидан тубдан фарқ қилмайди - айрим китоблар янгиси билан алмашади. Бу - танловда доимий қатнашиб юрадиганлар учун қулай, ўтган йили яхши ўзлаштиролмаган китобни бу йил пухта ўқиб олиши мумкин.

Китоблар жаҳон ва ўзбек адабиётидаги машҳур, ҳар бир инсон албатта ўқиши керак бўлган асарлардан иборат бўлади. Аввалги мавсумларда "Ёш китобхон" рўйхатига иштирокчилар ёшига қараб "Алпомиш"у "Ўткан кунлар"дан тортиб, Ханс Кристиан Андерсен эртакларию "Жиноят ва жазо" каби маълуму машҳур романлар киритилган.

Яна бир эътиборли жиҳати, тавсия этилган асарларнинг айримлари 5-10 бетли ҳикоядан ҳам иборат бўлиши мумкин - манбаларнинг ҳаммаси 400-500 бетли романлар эмас. Барини ўқиб чиқишга бемалол улгурасиз.

Шартлари қандай?

Маҳалла босқичи сентябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида ўтказилади. 1 сентябрга қадар ариза топширган ёшлар илмий-оммабоп, ўзбек ва жаҳон адабиётига, буюк адибларимиз ҳаёти ва ижодига оид 25 та тест саволларига жавоб беришади. Ҳар бир ёш тоифаси бўйича энг кўп балл  тўплаган 1 иштирокчи кейинги босқичга ўтади.

Октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида ўтадиган сектор босқичида саволлар сони ўзгаради - 40 та тестдан энг кўп жавоб топган китобхон яна бир поғона юқорилайди.

 Туман (шаҳар) босқичи октябрь ойининг учинчи ўн кунлигида 2 та шарт асосида бўлиб ўтади. "Бадиий асарлар билимдони" шартида иштирокчи билет тортиб, рўйхатдаги китоблардан бирининг мазмун-моҳияти, ғояси ва аҳамиятини шарҳлаб беради.

 "Тезкор савол-жавоб" шартида 2 та саволга жавоб бериш талаб қилинади.

Танловнинг ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар) босқичи ғолиблари ноябрь-декабрь ойлари давомида "Бадиий асарлар билимдони" ва "Тезкор савол-жавоб" шартлари асосида аниқланади. Фақат бу сафар тезкор саволлар сони - 5 та бўлади.

Дарвоқе, танлов босқичлари ўтказилиш муддатлари ўзгариши ҳам мумкин - бу ҳақда олдиндан хабар берилади.

Аравани қуруқ олиб қочганга...

"Бадиий асарлар билимдони" шартида айрим иштирокчилар тавсия этилган китоб-ларни эмас, у ҳақида оммавий ахборот воситаларида, газета-журналларда эълон қилинган мақолаларни айтиб беришади. Ёки асар қолиб, унинг муаллифи таърифу тавсифи билан ўзига ажратилган вақтни зое кетказади. Шунинг учун рўйхатдаги китобларни албатта ўқиб чиқинг ва фикрларингиз асар ичидан бўлсин - атрофида айланиб юрманг, ҳакамлар бунинг учун балл қўймайди. Асарни чиндан ўқиганингизни 2 дақиқа давомида чиройли ифодаланг, шу кифоя. Бор-йўғи 2 дақиқада катта бир роман ҳақида нималарни айтиш мумкин? Демак, юзага билимнинг қаймоғини чиқарасиз.

Албатта, бу бир қадар нисбий. Сабаби, кимдадир нутқ яхши - ўқимаган ёки бир-икки бет варақлаган китобини ҳам ўқигандай айтиб бериши мумкин. Айримлар чин китобхон бўладию, қалбида ҳис қилган, онгида тушунганларини юзага чиқаришга қийналади.

Айни ўринда ҳакамлар зиммасига катта масъулият юкланади. Ўйламанг, ўқиган бўлсангиз, бир-икки оғиз гапингиз билан сизни тушуниб олишади. Тезкор савол-жавобларда эса қозонда бори чўмичга чиқади.

Ҳакамлар ҳайъати кимлардан тузилади?

Ҳакамлар ҳайъати маҳалла, сектор ва туман босқичларида Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бўлимлари томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳаллий ижодкорлар, зиёлилардан шакллантирилади.

Вилоят босқичларида эса таниқли ижодкорлар, китобхонлар ҳакамлик қилади. Дейлик, "Ёш китобхон" танлови вилоят босқичларида аввалги мавсумларда филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим, таниқли шоир Эшқобил Шукур, адиб ва таржимон Вафо Файзуллоҳ, ёзувчи Нурилла Чори каби ижодкорлар, китобхонлар ҳакамлик қилишган.

Рақобат кучлими?

"Ёш китобхон" танловида иштирок этиш учун 2021 йилда қарийб 555 минг ўғил-қиз ҳужжат топширган бўлса, ўтган йили бу рақам 640 мингга яқин бўлган. Танловнинг вилоят босқичларида  қатнашган 624 китобхоннинг 42 нафарига республика йўлланмаси насиб қилди. Биз юқорида келтирган моддий ютуқларга айнан шу ёшлар эга чиқишди.

Кўриб турибсиз, танлов шартлари у қадар қийин эмас. Ўқилиши шарт бўлган китобларни ҳам жуда кўп деб бўлмайди - ўқиб-ўзлаштирса бўлади, бунинг учун вақт-фурсат етарли. Дейлик, танловда кўзлаган мақсадингизга ета олмаган тақдирда ҳам китоблардан олинган билим умр бўйи ҳаёт йўлларингизни ёритиб туради. Демак, "Ёш китобхон" танловида мағлубнинг ўзи бўлмайди. Пул, машина - шунчаки рағбат. Муҳими, ўқишдан тўхтаманг. Зеро, инсонни, дунёни китоб, билим ва маърифат ўзгартиради, яхшилайди, тараққий топтиради.

Бекзод САЙФИЕВ

Report typo