Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

17.07.2020


30 МИНГ СЎМЛИК ДОРИ 100 МИНГГА КЎТАРИЛДИМИ?

Бугуннинг гапи

Балки эшитган чиқарсиз, бир неча кун олдин 30-40 минг сўм атрофида сотилган "Эргоферон" деган дори бирданига 100 мингга кўтарилибди. Ўшандаям дорихонадан ололмас экансиз, "аптека"чилардан таниш-билиш бўлса, топиб беришаркан. Куни кеча Бухоро вилоятидаги дорихоналарда айнан шу дори умуман қолмагани ҳақидаги хабарларни ҳам эшитган бўлсангиз керак.

Айтишларича, шу дори иммунитетни кўтарармиш, коронавирус юқишининг олдини оларкан. Ҳатто айрим расмий каналларда коронавирусга қарши, иммунитетни кўтарувчи ва модда алмашинувини яхшиловчи, бордию кимдир вирус юқтириб олиб, касаллик енгил, симптомсиз кечаётган бўлса, уни даволашда ишлатиладиган дори воситалари рўйхати, кунига неча маҳалдан ичиш кераклиги ҳақидаги тавсиялар эълон қилинди ва келтирилган рўйхатда айни ўша "Эргоферон" ҳам бор. Маълумотларга кўра, мазкур дори препарати Россиянинг "НПФ "МАТEРИА МEДИКА ХОЛДИНГ" корхонаси номидан Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, худди шу таркибга эга бошқа дори воситалари мамлакатимизда рўйхатдан ўтказилмаган экан.

Хўш, айтилаётган дори воситалари чинданам самаралими? Агар шундай бўлса, нега бу давлат миқёсида, соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари томонидан кенг оммалаштирилмаяпти?

Айни шу савол билан бир неча кун олдин Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабековга ҳам мурожаат қилинди. Мутасадди коронавирус инфекциясининг олдини олишда биринчи навбатда санитария-гигиена ва карантин талабларига риоя этиш зарурлигини, касаллик профилактикаси учун ёки касаллик белгилари намоён бўлса, албатта шифокорга мурожаат қилиш кераклиги, ҳар хил тавсиялар ва рекламадаги препаратлар билан билиб-билмай ўзбошимчалик билан даволаниш натижасида касалликни оғир формасига ўтказиб юбориш мумкинлигини билдирди.

"Коронавирус профилактикасида "Эргоферон" ва шунга ўхшаш дори воситаларини ўзбошимчалик билан қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас", деди бош инспектор.

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан уйда даволаниш бўйича тартиб ишлаб чиқилган, унга мувофиқ "Азитромицин", "Плаквенил", "Лопиавир/Ритонавир", "Ремдесивир", "Умифеновир", "Фавипиравир" каби дорилар тавсия этилаяпти. Бу дориларнинг барчаси профилактика, касаллик юқишининг олдини олиш мақсадида ишлатиш мумкинлиги айтилаяпти. Лекин соҳа масъулларининг уқтиришича, ҳар қандай ҳолатда ҳам аҳоли ушбу дориларни мустақил эмас, балки тиббиёт ходимларининг тавсиясига асосан қабул қилиши мақсадга мувофиқ.

Масаланинг яна бир жиҳати ҳам борки, сиҳат-саломатлик истаган киши дорига зўр бергани эмас, табиий воситалар орқали иммунитетини кўтаришга интилгани, спорт билан мунтазам шуғуллангани ҳар томонлама маъқул иш. Қолаверса, бу дорилар ҳали қанчалик самарадор, қанчалик натижа беради, буям тўла синовдан ўтгани йўқ.

Модомики, тавсия қилинаётган дориларнинг қандайдир нафи бўлса, одамлар уни харид қила олишлари учун имконият яратиб берилиши керак. Қадимда Ибн Сино шифобахш дори деб беморга бир коса оддий сув бериб тузатиб юборгани ҳақидаги ривоятларни эшитганмиз-ку. Аслида бу борада кўп гап ишончда. Одамлар касалликнинг олдини олади, деб ишонгани учун ҳам айрим дори воситалари дорихоналарда йўқолиб қолаяпти. "Қўл"да эса бор. Яна бу кимларнингдир ўйини эмасмикан тағин, деб ўйлаб ҳам қоласан.

Нима бўлганда ҳам, бизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги деган бир ташкилот, ваколатли давлат органи, унинг жойларда бошқармалари бор. Айни жараёндан улар четда турмасликлари керак. Тавсия асосида қабул қилса бўларкан ва қандайдир фойдаси ҳам тегаркан, шундай дорилар асоссиз равишда қимматлаб кетмаслиги, фақат "қўл"да сотиладиган бўлмаслиги керак...

Зеро, куни кеча ўтказилган селектор йиғилишида Президент "Дори воситалари қимматлашса, одамларимизнинг норозилигига олиб келади. Ана шуни қаттиқ назоратга олиш керак", деб таъкидлаб ўтганини ҳам унутмаслик керак.

НАСРИДДИН

Report typo