тарих ҳақидаги тасаввурларимизни янада кенгайтириши шубҳасиз
18 май – Халқаро музейлар куни
Вилоятимиз тарихининг олис пучмоқларидан сўзловчи экспонатларни ўзида жамлаган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи 1975 йилдан 2007 йилга қадар Хўжа Абдулазиз мадрасасида фаолият кўрсатиб келган бўлса, дастлаб 3 та бўлим: инқилобгача, инқилобдан кейинги давр ҳамда табиат бўлимлари ишлаган.
Музей 2007 йилда мослаштирилган янги бинода фаолият кўрсата бошлади. Музей, шунингдек, илмий-тадқиқот ишларини ҳам олиб боради. Жумладан, 2011 йилда “Ўзбекистон обидаларининг эпиграфик дурдоналари” китоб-альбомини тайёрлаш учун ёдгорликлардаги ёзувларни ўрганиш жараёнида маълум бўлмаган бир қатор тарихий матнларни тиклаш, эпиграфик ёзувларни ўрганиш ва илмий тадқиқ этиш ишларида музей олимлари фаол қатнашдилар.
Муассасада ҳозирги кунда тарих, халқ амалий санъати ва SKM музей бўлимлари фаолият кўрсатиб келмоқда.
Музей фондида 38 мингдан ортиқ рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик, нумизматика, археология, халқ амалий санъати, суратлар, ҳужжатлар, маиший ва этнография буюмлари мавжуд.
Мазкур музей бисотида тўпланган қўлёзма китоблар асосида 2004 йил Италиянинг Рим шаҳрида “Қашқадарё вилояти ўлкани ÿрганиш музейидаги шарқ қўлёзмаларининг каталоги” чоп этилгани ҳам эътиборга молик. Каталогда муаллифлар юртимиз тарихи ва маданиятига доир 50 дан ортиқ қўлёзмалар тавсифини келтириш билан бирга илмий-маърифий аҳамиятга молик муҳим масалаларни ҳам амалга оширишган.
Бу қўлёзмаларни ўрганиш орқали юртимизда китобат тарихининг тараққиёт босқичлари, Қашқа воҳасида XVIII-XIX асрларда кенг тарқалган ўқув даргоҳлари – мадрасалар тарихи, уларнинг фаолият доираси, фиқҳ (ислом ҳуқуқи) илоҳият, араб тили ва грамматикаси ҳамда бошқа фанларни ўқитиш усуллари, ўқув жараёнлари хақида маълумотга эга бўламиз.
Каталогга тавсифи киритилган асарларнинг талай қисми таниқли олимлар қаламига мансуб бўлиб, улардан Соҳибқирон Амир Темур саройида фаолият кўрсатган буюк олим Саадуддин Масъуд ибн Умар ат-Тафтазонийнинг (вафоти 1389 йил) “Тахзийб ал-мантиқ вал-калом” номли асарига ёзилган шарҳ, 1367 йилда Хоразмда насафлик олим ва тилчи Нажмиддин Умар Абу Хафс ан-Насафийнинг қимматли асари “Ақоид”га ёзган шарҳини келтириб ўтиш мумкин. Амир Темур ва Темурийлар даврида Самарқандда фаолият кўрсатган машҳур файласуф ва фақих Саййид Шариф Али ибн Муҳаммад ал-Журжоний (1339-1413) қаламига мансуб “Ашшарифиййа шарҳ ал-фароиз ас-сирожиййа” номли фиқҳ илмига оид, шунингдек, унинг “Ар-Рисола аш-шамсиййа” номли асарига Муҳаммад ибн Қутбиддин ар-Розий томонидан битилган шарҳ ҳам қимматли манбалардан ҳисобланади.
Шу билан бирга, XIX асрнинг иккинчи ярмида Қўқонда ёзилган қўлёзма “Насабнома” (шажара – Аҳмад Яссавий ва Зангиота авлодлари), Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”, Мирзо Абдулқодир Бедилнинг “Девон”, Муҳаммад ибн Мавлоно Юсуфнинг “Искандарнома” асари ҳам каталогдан ўрин олган. “Искандарнома” асари (1899-1900 йилларда ёзилган) Ўзбекистонда ёзилиш усулига кўра ягона нусхада.
Музейда Қаршининг қадимги манзили – Ерқўрғон ёдгорлигидан топилган сопол буюмлар коллекцияси мавжуд.
Бундан ташқари, поляк рассоми Апельбаумнинг юздан ортиқ ноёб картиналари коллекцияси ҳам сақланади. Картиналар акварель ва мойбуёқда ишланган бўлиб, унда 1947-1957 йиллар давомида рассом томонидан яратилган ижод намуналари ўрин олган.
- Карантин муносабати билан муассасамиз бир муддат экспонатларини онлайн тарзда намойиш этди, - дейди вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи директори Баҳодир Мамадиев. – 15 майдан эътиборан ташриф буюрувчилар сони чекланган ҳолда музейлар фаолиятига рухсат этилди. Шундай экан, барча юртдошларимиз бу ерга келиб, тарихимиз ҳақида янада кенг тасаввурга эга бўлишлари мумкин.
Н.ХЎЖАЕВ