Маълумки, ов қилишнинг ҳам ўзига яраша тартиб-қоидалари бор. Жумладан, “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, овчи ўзига тегишли ов қуролини, унинг ўқ-дориларини сақлаш, олиб юриш, ташиш ва қўллаш қоидаларини билиши шарт.
Ўз ўрнида шовқинга, шитирлашга, аниқ кўринмаётган нишонга қарата, туман пайтида, кучли қор ёғаётганида, сутканинг қоронғи вақтида, қуёшга қарата ва яхши кўринмайдиган бошқа шароитларда, шунингдек, кўриниш чекланган шароитларда 2,5 метрдан (ер ёки сув юзасидан) пастликда учаётган қушга қарата ўқ узиш; аҳоли пунктларига бир километрдан яқин масофада, автобус қатнайдиган автомобиль йўлларига 300 метрдан яқин масофада ўқланган ов қуроли билан бўлиш; яраланган ёввойи ҳайвонни ов қуролининг қўндоғи билан уриб ўлдириш; ҳосил йиғим-терими жараёнида қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларида ов қилишни амалга ошириш; алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик моддаси таъсиридаги ёки ўзгача тарздаги мастлик ҳолатида ов қилишни амалга ошириш ТАҚИҚЛАНАДИ. Энг муҳими, қуш ёки ҳайвон овлашни истаган кишида бунга рухсат берадиган тегишли ҳужжат бўлиши керак.
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан Ғузор туманида ўтказилган назорат тадбири давомида эса 4 нафар фуқаро ноқонуний равишда ов қилиб юргани аниқланди. Ов қилиш йўлланмаси бўлмасдан овга чиққан фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг “Ов қилиш ва ов хўжалиги тўғрисида”ги Қонуни талабларига зид равишда 3 бош кулранг ғоз овлаганликлари маълум бўлди.
Натижада мазкур ҳолат бўйича ушбу шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 90-моддаси 1-қисмига кўра базавий ҳисоблашнинг беш баравари миқдорида маъмурий жарима ва ноқонуний овланган ғозлар учун Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги қарори билан тасдиқланган, ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан, етказилган зарар ҳисобланди.