Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • 40 МИЛЛИОН СЎМЛИК ТОВАР РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИГА НЕГА ҚАЙТАРИБ ЮБОРИЛДИ?

Олим ҚОДИРОВ

13.11.2017


40 МИЛЛИОН СЎМЛИК ТОВАР РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИГА НЕГА ҚАЙТАРИБ ЮБОРИЛДИ?

Қайд этиш керакки, бугун мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомиллар соддалаштирилиб, тадбиркорларнинг моддий ва кредит ресурсларидан мақсадли фойдаланиши, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада тадбиркорларимиз томонидан халқимиз эҳтиёжи учун зарур бўлган барча турдаги маҳсулотлар ўзимизда ишлаб чиқарилаяпти.

Шунга қарамасдан, чет давлатларга ишлаш, ўқиш ва бошқа мақсадлар учун кетган фуқароларимиз юртга қайтишда сўраб-суриштирмасдан ўзлари билан хорижда ишлаб чиқарилган сифатсиз, муқаддам фойдаланилган ҳар хил турдаги нокерак буюмларни олиб келишлари кузатилмоқда.

Мисол учун, Шаҳрисабз туманилик Зоҳид Ҳазратов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Россия Федерациясига бориб, қайтишда ўзи билан 23 турдаги вазни 263 килограмм бўлган турли хилдаги муқаддам фойдаланилган    буюмларни олиб қайтди. Тегишли тартибга мувофиқ ушбу буюмлар учун 12 миллион сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланди. Зоҳид мазкур суммани тўлашга тўладию, бироқ ўйламай қилган ишидан афсус чекди. Чунки бунча пулга юртимизда ҳам кераклича, ҳатто зиёди билан зарур маҳсулотларни харид қилиш мумкин эди.

Яна бир ҳолатда Қарши шаҳрилик Фурқат Иботов Россия Федерациясидан ўзи билан олиб қайтган 17 турдаги вазни 726 килограмм бўлган, муқаддам фойдаланилган маиший техника воситалари, автошиналар ва кийим-кечаклар учун ҳисобланган 40 миллион сўмлик божхона тўловини тўлашдан кўра, ушбу буюмларни Россия Федерациясига қайтариб олиб кетишни маъқул кўрди. Ҳолбуки, божхона тўлови учун ҳисобланган 40 миллион сўмга ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон буюмларни олиш мумкин.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 1 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан истеъмол товарларини олиб киришни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чегарадош давлатлар (Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон,  Тожикистон ва Афғонистон) ҳудудидан шахсий фойдаланиш учун бож тўламасдан бир йўла олиб кириладиган истеъмол товарларининг чекланган миқдорий нормаси 10 АҚШ доллари, Адлия вазирлиги томонидан 1996 йил  10 сентябрда давлат рўйхатидан ўтказилган Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни божсиз олиб киришнинг меъёрий нормаларига асосан чегарадош бўлмаган давлатлар ҳудудидан эса 1000 АҚШ доллари миқдорида белгиланган.

Тижорат мақсадида олиб келинган бир хил турдаги буюмлар учун эса юқорида қайд этилган миқдорий нормалар қўлланилмайди ва божхона тўловлари ундирилади.

Мамлакатимизда қабул қилинган қонун ҳужжатлари талабларига амал қилишга барча фуқаролар бирдек масъул. Чунки ўрнатилган тартиб-таомил мамлакатимиз ва фуқароларимиз манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

 

Олим ҚОДИРОВ, вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи

Report typo