Қарши шаҳридаги "Насаф металл сервис" масъулияти чекланган жамияти вилоятимизда биринчилардан бўлиб спорт тренажёрлари ишлаб чиқаришни бошлаб берганди. Ўтган даврда турдош субъектлар сони ҳам кўпайди. Шунга монанд мазкур корхона таклиф этаётган маҳсулот тури ортди.
- Корхонамизда ҳозирги пайтда 40 турдан ортиқ спорт инвентарлари тайёрланмоқда, - дейди жамият директори Нурбек Сирожев. - Биргина спорт тренажёрлари ёнига бир қанча янги функцияли муқобиллари қўшилди. Шунингдек, штанга, гантель сингари зарур анжомларни ишлаб чиқаришни ҳам фаол ўзлаштирдик. Бугун бир спорт муассасасини таъминлаш мумкин бўлган барча инвентарь ўзимиздан чиқаяпти ҳисоби. Уларнинг шакли ва функцияларини такомиллаштириш устида ишлаяпмиз. Қолаверса, металл конструкцияларнинг бошқа хилларини ясашни ҳам йўлга қўйдик. Болалар майдончалари учун арғимчоқлар, сув минораси шулар жумласидан.
Ишлаб чиқаришнинг самарали диверсификация қилингани маҳсулдорлик ошишида ҳам муҳим омил бўлган. Бултур корхона қиймати 1 миллиард сўмдан кўп товарни реализация қилишга эришган. Тадбиркорлик субъекти барқарор фаолияти 40 нафарга яқин кишининг мустаҳкам даромад манбаига эга бўлишини таъминламоқда.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Сурат муаллифи Собир НАРЗИЕВ.