Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

14.01.2020


420 БОЛА ОТА-ОНАЛАРИ ТОМОНИДАН ҚАРОВСИЗ ҚОЛДИРИЛГАН

Ижтимоий ҳимоя

Табиатнинг энг покиза, беғубор ҳилқати бўлган болаларга бир боқишнинг ўзиёқ инсон қалбига ўзгача завқ-шавқ бағишлайди, ҳаёт мазмунини эзгу туйғуларга тўлдиради. Лекин орамизда инсонийликнинг энг оддий ҳис-туйғуларидан мосуво кимсалар ҳам учраб турадики, улар ҳатто ўз жигаргўшаларига ҳам ота-оналик меҳрини раво кўрмайди. Натижада уларнинг норасида фарзандлари озгина эътибор ва меҳр-шафқат истагида туғилган гўшаларидан безиб, кўчаларда сарсон-саргардон бўлишмоқда.

Меҳрдан мосуво болалик

- Онам вафот этгандан сўнг дадам мени чет давлатга олиб кетди, - дейди 15 ёшли Юлиана Шурхавецкая. - Кейин у ўша ерда икки нафар фарзанди бор аёлга уйланди. Ота-онамиз бизга беэътибор бўлганлиги сабабли учаламиз ҳам кўча боласига айланиб қолдик. Бизни милиция ходимлари ўша ердаги реабилитация марказига жойлаштиришди. Ўгай онам болаларини олиб кетди. Мен эса қолдим. Дадам Қаршига қайтиб кетган экан. Мени ҳам аввал Тошкентга, кейин шу ерга олиб келишди. Энди эса болалар уйига жойлаштиришмоқчи.

Вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси тасарруфидаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази "меҳмони" Юлиана келажакдаги орзулари ҳақида болаларча қувониб гапирганда, унинг кўзларида шодлик, бахтиёрлик учқунлари кўринди.

- Отам чет давлатига кетиб, қайтиб келмади. Онам вафот этгандан сўнг бувим билан яшадим, - дейди марказнинг яна бир "меҳмони".  - 2015 йилда бувим ҳам вафот этди. Сени тергайдиган ота-онанг бўлмагандан сўнг қийин экан... Кўча боласига айландим...

Ижтимоий ва маънавий кўмак

Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази Қарши шаҳрида жойлашган бўлиб, бино 1949 йилда қурилган ва 2005 йилда таъмирланган. Хоналар кичик-кичик бўлишига қарамасдан, барча шароитлар яратилган.

- Болаларни бу ерга олиб келишганида қаровсизлигидан уст-боши хароб, жисмонан толиққан ва руҳан эзилган, тушкун бир аҳволда бўлишади, - дейди марказ ижтимоий ходими, подполковник Нодира Ражабова. - Биз биринчи галда уларнинг соғлиғига эътибор қаратамиз. Махсус педагог-психолог ва профилактика инспекторлари иштирокида тарбиявий ишлар олиб борилади. Марказимиздаги болаларнинг аксарияти ота-она беэътиборлиги ва  бемеҳрлигидан азият чеккан. Бу ерда 30 кунлик ва лозим ҳолларда, яъни суд ажримига асосан қўшимча 15 кун муддат мобайнида уларнинг шахси, оилавий аҳволи ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилади: Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернат ва коллежга жойлаштирилади ёки яқин кишиларига қайтарилади.

2019 йил давомида 510 нафар бола марказга жойлаштирилган бўлиб, уларнинг 18 нафари 3-6 ёшли, 214 нафари 7-13 ёшли ва 278 нафари 14-17 ёшли. Шулардан 59 нафари қиз болалардир.

- 420 бола ота-оналари томонидан қаровсиз  ва назоратсиз қолдирилгани, 8 нафари адашиб қолганлиги, 4 нафари уйидан ўзбошимчалик билан чиқиб кетганлиги маълум бўлди, -  дейди Нодира Ражабова.    - Улар ўз оилаларига қайтарилди. 6 нафари эса махсус таълим муассасаларига, 7 нафари Меҳрибонлик уйига, 2 нафари васийлик ва ҳомийлик органига топширилди.

2004 йилда туғилган Албина  ҳам 30 кун ушбу марказда бўлиб, энди уйига қайтаётган экан.

Маълум бўлишича, у бир йигитнинг алдовига учиб, уйидан қочиб кетади. Вақт ўтиб ёмон йўлларга киришга мажбур бўлади... Сўнг ИИБ ходимлари томонидан  шу ерга олиб келинган. Албатта, уни алдаган кимса тегишли жиноий жавобгарликка тортилган.

- Бу ерда кўп меҳрибонлик ва эътибор кўрсатишди, - дейди Албина. - Қилган хатоимни тушуниб етдим. Бунинг учун ота-онамдан кечирим сўрайман. Келгусида ҳаётда ўз ўрнимни топиб, фарзандларимга меҳрибон она бўлиш - орзуим.

Инсоний бурч

Маънавий-ахлоқий қадриятларимиз манбаи саналган Ҳадиси шарифда ҳам ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи ва фарзанднинг ота-онадаги ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида айтиб ўтилган.

Ота-она фарзандлари вояга етгунларига қадар едириб-ичириши, кийинтириши, маънавий-ахлоқий етук инсон даражасида таълим-тарбия бериши ва бирор касб-ҳунарга ўргатиши шарт. Неча минг йиллик урф-одатларимиз руҳи билан йўғрилган миллий қонунчилигимизда ҳам бу жиҳат ўз ифодасини топган. Ўзбек халқи меҳр-мурувватли, бағрикенг, саховатпеша, болажон халқ сифатида дунёга танилган. Ота-боболаримиз ўзининг охирги бир бурда нонини ҳам муҳтожлар билан бўлишиб, қувончу қайғусини бирдай баҳам кўришган. Лекин ҳозирги   дориломон, тўкин-сочинлик ва тинч-осойишта кунларимизда айрим кимсалар инсонийликнинг оддий тамойилларини ҳам унутиб қўйишмоқда, чамамда.

Ҳозирда вилоятимиз умумий аҳолисининг қарийб 40 фоизини 18 ёшга тўлмаган болалар ташкил қилади. Шулар орасидан бор-йўғи биргина ўспирин ҳуқуқбузарлик содир этса ҳам бу - улкан хавф. Негаки,  мустаҳкам жамият барпо этиш - эртамиз пойдевори бўлган бу ёшларнинг қандай инсон бўлиб етишишига боғлиқ. Шуни унутмаслик даркор...

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

Report typo