Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

15.03.2019


44 ЙИЛЛИК МЕҲНАТНИНГ МУНОСИБ ЭЪТИРОФИ

- Маҳалла учун бирор хайрли ишни амалга оширсангиз, унинг самараси узоқ куттирмайди, - дейди М.Комалова. - Биз ҳам энг чекка ҳудудларга бориб, болаларни китоб ўқишга жалб қилдик. Уйида дарс қилиши учун етарли шароити бўлмаган оилаларга кириб, шароит ҳозирлашга уриндик. Ҳозир ўша болаларни учратиб қолсам, кўзлари порлаб салом беришади, мен қувониб кетаман. Эртага ана шу қоракўзлар юрт корига камарбаста инсонлар бўлиб вояга етишига чин дилдан ишонаман. Ана шу ишонч янги ташаббусларга қанот беради.

Дарҳақиқат, муаммонинг катта-кичиги бўлмайди. Эътиборлиси, туманда маҳалла тизими мутасаддилари оила масаласига алоҳида эътибор қаратишган. Шунинг ортидан имкон қадар ихчам тўйлар, дабдабасиз маросимлар ўтказишига эришилмоқда.

- Баъзи кишилар учун маҳалла-кўй аралашуви, йўл-йўриқ бериши эриш туюлади, - дейди Мехринисо Комалова. - Бироқ кўпгина муаммолар гап-сўзи ўткир, обрўли кексалар билан оқилона ҳал бўлиши мумкин. Шу орқали низоли, ажрим ёқасидаги оилаларда муҳит яхшиланди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда "Тадбиркор - элга мададкор", "Ҳунар - ҳунардан унар", "Қўли гулдир ўзбек аёлин" каби тадбирларни ташкил этиб бормоқда. Натижада биргина Чўмич маҳалласидаги 38 нафар қизнинг кашта, тикувчилик, гиламдўзлик, зардўзлик тўгаракларида бандлиги таъминланди. Шунингдек, ёрдамга муҳтож, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолганлар, жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилаётир.

- Баҳорнинг илк кунлари - Халқаро хотин-қизлар байрами арафасидаги хушхабар мени қувонтирди, - дейди Мехринисо Комалова. - Муҳтарам Президентимиз фармонига кўра "Шуҳрат" медали билан мукофотландим. Бу - 44 йиллик меҳнатимнинг эътирофи, қадрланиши, рағбати бўлди. Янада самарали меҳнат қилишга ундади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo