Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдуқаюм МАҲКАМОВ

18.02.2020


473 МИЛЛИОН СЎМ ВА 500 ДОЛЛАР ПУЛ ЎҒИРЛАГАН 6 ЎСМИРГА

ёшлар ташкилоти ва маҳалла мутасаддилари нега ишонч билдиришди?

Жиноят, жазо ва тарбия

Юртимизда ёшлар масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралади. Чунки ёш авлод вакилларига ғамхўрлик кўрсатиш юрт ва миллат келажаги ҳақида қайғуришдир.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди апелляция  инстанцияси судида тўғри йўлдан адашиб, жиноят йўлига кирган ва ўғрилик жиноятини содир қилган шаҳрисабзлик 6 нафар ўспиринга оид жиноят иши кўриб чиқилди. Энг ачинарлиси, уларнинг 3 нафари вояга етмаган бўлса, 3 нафари эндигина 18 ёшга тўлган.

Жумладан, Мироншоҳ Урунов Шаҳрисабз маиший хизмат кўрсатиш коллежи, Шоҳруҳ Алимардонов, Жамшидбек Хайруллаев ва Дониёр Ражабов агроиқтисодиёт коллежи 3-босқич ўқувчилари бўлса, Асадбек Ашуров ва Асадбек Назаров коллежни тугатган, бироқ ҳеч қаерда ишламайди. Шу ерда таълим муассасаларида ўқувчилар билан ишлаш, коллежни тамомлаганидан кейинги тақдирига муносабат қай даражадалиги ҳам кўринади.

Хўш, ҳали оқ-қорани англамайдиган бу ўсмирлар қандай жиноятга қўл урганди ўзи?

Тўрт ака-ука Эргашевлар савдо-сотиқ билан шуғулланиб, ишлаб топган пулларини отасининг Шаҳрисабз шаҳри Қушхона маҳалласидаги уйида сақлашидан хабар топган ўсмирлар бу пулларни ўмариш режасини тузишади. Ҳаммаси ғишт қолипдан кўчгандек осон кечишида эса ўғрилик режасини тузганлар орасида ака-ука савдогарлардан бири - Зокир Эргашевнинг ўғли Асадбек Назаров ҳам борлиги қўл келади. Шуни айтишса керак, ўзингдан чиққан балога қайга борасан даъвога деб.

Хуллас, режага мувофиқ, ўсмирлар тунги соат 1 ларда айтилган хонадон ёнига келиб, икки нафари бирор киши келиб қоладиган бўлса огоҳлантириш учун ташқарида қўриқчиликка қолади. Қолганлар эса девор ошиб хонадон ертўласига киради. Нима қаерда бўлишини яхши билган Асадбек темир сейф калитини топиб берганидан кейин сейфдан 473 миллион сўм ва 500 АҚШ долларини олиб ғойиб бўлишади.

Вақт ўтиб Жамшидбек Хайруллаев ўғирланган пул ҳисобидан "Матиз" автомашинасини сотиб олишга ҳам улгуради.

Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганларидек, уларнинг қилмишга яраша жазосини олиши узоқ куттирмади.

Биринчи инстанция суди томонидан содир этган қилмишлари учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 4-қисми "а" банди билан турли муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тўғри, жиноят учун жазо муқаррар. Лекин бу каби ёшларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинлаш орқали уларни ахлоқан тарбиялаш мумкинми?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан Ёшлар иттифоқи ўртасида меморандум имзоланган бўлиб, унда ёшларнинг жиноят содир этмасликлари, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланишлари ва тузалиш йўлига ўтишлари учун инсонпарварлик ва одиллик тамойилларидан фойдаланиб, қонун доирасида имконият бериш масаласини кўриб чиқиш назарда тутилган.

Шунга мувофиқ, апелляция   инстанцияси судининг ажрими билан, Ш.Алимардонов, М.Урунов, А.Назаров, А.Ашуров, Д.Ражабов ва Ж.Хайруллаевга нисбатан Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган кафолат хатлари, етказилган зарар қоплангани ва жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги каби жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар эътиборга олиниб, уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, суд залида қамоқдан озод қилиндилар.

Уларнинг ота-оналари ва яқин қариндошлари ўз миннатдорчиликларини билдириб, суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасига ўзлари гувоҳ бўлганликларини билдирдилар. Йигитлар ҳам ёшлик оқибатида адашганликларини, уларга берилган имкониятдан фойдаланиб, тўғри йўлдан оғишмасликка ваъда бердилар.

Абдуқаюм МАҲКАМОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси

 

Report typo