Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

23.10.2018


5 АСОСИЙ ЙЎНАЛИШДА КИМЛАР ЭНГ ЯХШИ БЎЛДИ?

Аввало кўрик-танлов қамрови анча кенгайди. Яъни илгари асосий йўналишларда асосан йирик саноат корхоналари, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ва уста ҳунармандлар ғолибликни қўлдан бермай келаётганди. Фаолиятини эндигина йўлга қўйган, бизнесда аста-секин тетапоя қилаётган ёш тадбиркорлар кўрик-танловнинг қуйи босқичидаги иштироки билан чекланиб қоларди. Шунингдек, хизмат кўрсатиш жабҳасида иш олиб бораётган хусусий сектор вакиллари меҳнати ҳам алоҳида эътироф этилмасди. Шуларни ҳисобга олиб, алоҳида номинация – “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” йўналиши таъсис этилди. Тадбиркорлик йўналишининг ўзи эса икки қисмга – ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишга ажратилди.

Кўрик-танловнинг вилоят босқичида ҳам янги ўзгаришлар нафаси сезилиб турди. Биринчи навбатда, иштирокчилар сони ошди, шунга монанд, фаолият турлари бўйича ранг-баранглик таъминланишига кенг шароит ҳозирланди. Тадбирда ўтган йил якунларига кўра илғор натижаларга эришган, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва хўжалик юритишнинг бошқа соҳаларида ташаббус кўрсатаётган, кўрик-танловнинг дастлабки – шаҳар ва туманлар босқичида ғолиб бўлган 70 нафардан зиёд тадбиркор, фермер ва ҳунарманд ҳамда ёшлар қатнашди.

Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар тақдим этилган ва бу ушбу танловда вилоятимиз ишбилармонлари томонидан намойиш этилган сифатли, рақобатбардош ва харидоргир маҳсулотлар кўргазмаси мисолида ҳам ўз амалий ифодасини топмоқда.

Аҳамиятлиси, кўрик-танловнинг вилоят босқичида қатнашган тадбиркорларнинг салмоқли қисми иш бошлаганига ҳали унча кўп бўлмаган. Шунга қарамасдан, улар ўз фаолиятида салмоқли ютуқларни қўлга киритгани, ташаббускорлиги ва янгиликларга интилувчанлиги билан ажралиб тургани учун ҳам шу ергача етиб келган. 

- “Ташаббус”дек йирик кўрик-танловда биринчи марта қатнашишим, - дейди мубораклик якка тартибдаги тадбиркор Меҳринисо Яшузоқова. – Бунинг ўзига яраша сабаби бор, албатта. Бизнесга қадам қўйганимга энди бир йил тўлди. Ўқув курсларида пазандаликни ўрганиб, бултур мустақил равишда қандолат цехимни ташкил этдим. Аввалига кичкина печларда ишлаб тургандик. “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури жорий этилиши эса айни муддао бўлди. Дарҳол бизнес-режа таклиф этдим. Чунки фаолиятимни янада ривожлантирмоқчи эдим. Ташаббусим қўллаб-қувватланди. Имтиёзли шарт асосида 27 миллион сўм миқдорида кредит беришди. Янги печь ва ускуналар сотиб олдим. Хом ашёни кўпайтирдик. Самара кутганимиздек бўлди. Маҳсулотимиз тури 20 хилга етди. Талаб юқори бўлган ширинликларни аҳолига етказиб беряпмиз.

Дарҳақиқат, бу йилги танлов ёш ишбилармонларга ўзини кўрсатиш, қобилиятини намоён этиш учун ҳар томонлама қўл келди. Ушбу йўналишда иштирокчиларнинг кўплиги эса рақобат кучли бўлишини таъминлади.

Кўрик-танловда янги йўналишнинг жорий этилиши саноатчи корхоналарнинг ҳам ҳар қачонгидан-да  фаол бўлишига замин ҳозирлади. Улар фаолияти мисолида воҳамиз иқтисодиёти мазкур тармоғининг ҳақиқий салоҳияти бир қадар намоён бўлди. Вилоятимизнинг хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида банд бўлган тадбиркорлик субъектлари ҳам илк бор алоҳида асосий йўналишда ғолиблик учун курашиш имкониятига эга бўлишди. Ҳудудда ушбу соҳа ривожи миқёси ишбилармонлар намойиш этган хизмат турлари мисолида аниқ кўринди.

- Жорий йилдан соҳа вакиллари учун алоҳида асосий номинация таъсис этилганидан хурсанд бўлдик, - дейди Нишон туманидаги “Нуристон” хусусий корхонаси раҳбари Илҳом Гуллиев. – Ташаббус кўрсатиш учун қулай фурсат бу. Даромадимиз кўпайгани сари янги тармоқларни ишга тушириш пайида бўляпмиз. Ўтган йили туманимизда янги меҳмонхона очдик. Ушбу муассасамизда бир пайтда 95 меҳмонга хизмат кўрсатилмоқда.

Маълумки, фермерлик ҳаракати вилоятимиз халқ хўжалигининг муҳим тиргаги саналади. Шунга монанд, замонавий қайта ишлаш қувватларини ташкил этмас, дунёда тан олинган илғор усулларни қўлламас экан, фермер бугун фақат маҳсулот етиштиргани билан мақтана олмайди. Кўп тармоқни йўлга қўйиш фермер хўжалигининг ихтиёрида бўлган бўлса, бора-бора бу асосий мажбуриятга айланади. Кўрик-танловнинг вилоят босқичида “Йилнинг энг яхши фермери” йўналишида ғолибликка даъвогарлар  фаолияти давр талабига, қўйилаётган мезонларга қай даражада мослиги жиҳатидан баҳоланди.

- Фермерлик билан шуғулланаётганимизга ҳам 20 йил бўлди, - дейди Деҳқонобод туманидаги “Абдулатиф” фермер хўжалиги раҳбари Хушмамат Раҳимов. – Шу вақт мобайнида ўзимиз учун озми-кўпми янгилик қилишга улгурдик. Ҳозирча фақат деҳқончилик ва чорвачилик йўналишида ишлаяпмиз. Лалми ерда буғдой, арпа, нўхат етиштирамиз. Ҳамкорлар ўртасида имзоланган шартнома режасини доим уддалаяпмиз. Жорий йилда ҳам 20 гектар майдондан 11 тоннадан ошириб ғалла топширдик. Алмашлаб экиш ҳам жорий қилинган. Махсар ва бошқа дуккакли экинлардан ҳам мўл ҳосил йиғиб оламиз. 6 йил олдин эса боғ барпо этгандик. 1600 туп атрофида олма, нок, бодом кўчатларини парваришлаяпмиз. Яқин-яқиндан ҳосил олишни бошладик. Гольден, симиренко, беш юлдуз каби саранав олмалар экспортбоп саналади. Келаси йилдан ташқи бозорга маҳсулот беришни мўлжал қилганмиз. Чорвачилик тармоғимиз 300 бош майда  ва 30 бош йирик шохли молни ўз ичига олади. Ҳар йили туман аҳолисини сезиларли миқдорда чорва маҳсулотлари билан таъминлаймиз. Энди ўзимиз учун қулай бўлган тармоқ - йилқичиликни ҳам ривожлантирмоқчимиз.

Ранг-баранглик борасида ҳеч бир павильон ҳунармандларникига тенглаша олмади. Улар ташкил этган стендларда бўш жой топишнинг ўзи амри маҳол. Йўналиш иштирокчилари тақдим этган тикувчилик, каштачилик маҳсулотлари, бежирим ва юксак дид билан ишланган уй-рўзғор буюмлари кўрик-танлов ҳудудий босқичи кўргазмасини жуда бойитди.

Кўрик-танловда нуфузли ҳакамлар ҳайъати иштирокчилар фаолиятини бир қатор мезонлар асосида баҳолаб борди. Бунда тадбиркорлик субъектларининг нафақат ишлаб чиқариш ҳажми ёки хизмат кўрсатишдаги улуши, балки мавжуд интеллектуал ва инновацион салоҳияти ҳам инобатга олинди. Уларнинг хулосасига кўра, йилнинг энг яхшилари номлари эълон қилинди.

Саноат соҳасида “Йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналишида учинчи ўрин Муборак  туманидаги пайпоқ ишлаб чиқарувчи “Муборак текс” МЧЖ раҳбари Илҳом Сатторов, иккинчи ўрин Қарши шаҳридаги пиллани қайта ишловчи “Радиант силк” қўшма корхонаси раҳбари Ражабали Мейлиевга насиб этди. Яккабоғ туманидаги табиий шарбат тайёрловчи “Дармон-фарм” кўп тармоқли хусусий корхонаси раҳбари Анзур Нормуродов эса ғолиб деб топилди.

Хизмат кўрсатиш соҳасида “Йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналишида Қарши шаҳридаги полиграфия хизмати кўрсатувчи “Photo Express” хусусий корхонаси раҳбари Зафар Турдиалиев юқори ўринга муносиб кўрилди.   Шаҳрисабз шаҳридаги текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Садо” МЧЖ раҳбари Ҳусан Каримов иккинчи ўрин Касби туманидаги ўзида савдо ва ишлаб чиқаришни умумлаштирган “Ислом Обод Турғун” хусусий корхонаси раҳбари  Обод Тоштемирова учинчи ўрин билан тақдирланди.

“Йилнинг энг яхши фермери” йўналишида ҳам фаолиятида юқори иқтисодий кўрсаткичларга эришган қатнашчилар муносиб тақдирланди. Жумладан,  Ғузор туманидаги кўп тармоқли, фаолият бошлаганига бир йилдан ошган “Ғузор оқ тулпори” фермер хўжалиги раҳбари Лутфулла Равшанов етакчиликни қўлга киритди. Деҳқонобод туманидаги “Абдулатиф” фермер хўжалиги раҳбари Хушмамат Раҳимов мазкур йўналишда иккинчи бўлди. Миришкор туманидаги “Гумбаз кўл” фермер хўжалиги раҳбари Анвар    Жомуротов учинчи ўрин билан кифояланди.

Кўрик-танловнинг вилоят босқичида аввал ҳам ғолиб бўлган Ғузор туманилик ҳунарманд Шарифжон Раупов “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналишида бу сафар ҳам биринчи ўринга муносиб кўрилди.  Мубораклик ҳунарманд Дилафрўз Бекниёзова эса иккинчи ўринга лойиқ кўрилди. Қамашилик ҳунарманд, миллий қўғирчоқлар устаси Мактуба Жабборовага учинчи ўрин насиб этди.

“Йилнинг энг ёш тадбиркори” йўналишида ҳам ғолибликка даъвогарлар кўп бўлди. Ҳакамлар эса Чироқчи туманидаги “Абдураҳмон асали” хусусий корхонаси раҳбари, ёш ишбилармон Заҳриддин Бобоевга биринчи ўринни беришга қарор қилишди. Тикувчилик фаолиятини ривожлантираётган, Қарши шаҳридаги “Танҳо дизайн” корхонаси раҳбари Жамшид Жалилов иккинчи ўринни эгаллади. Косон туманилик ёш тадбиркор, “Уста Аслан табиб” МЧЖ раҳбари Рухсора Аслановага учинчи ўрин берилди.

Асосий йўналишларда биринчи ўринларни қўлга киритган тадбиркор, ҳунарманд ва фермер ҳамда ёшлар кўрик-танловнинг финал босқичига йўлланмалар олишиб, махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Шунингдек, танловда бир қатор фаол иштирокчилар “Энг яхши тадбиркор аёл” (Миришкор туманилик ҳунарманд Рўзима Ҳакимова), “Энг яхши инновацион лойиҳа муаллифи” (Қарши шаҳрида янги очилган “BISS Electronics System” МЧЖ раҳбари Сардор Ғайбуллаев), “Ёшларга энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор” (Китоб туманидаги “Кенжаев Сарвар Раҳматуллаевич” оилавий корхонаси раҳбари Сарвар Кенжаев), “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби” (деҳқонободлик якка тартибдаги тадиркор Барно Холиқова), “Энг яхши экспортчи” (Косон туманидаги қоракўл тери тайёрловчи “Ботир” хусусий фирмаси раҳбари Низомиддин Тошмуродов), “Энг масъулиятли ижтимоий шерик” (Қарши туманилик ҳунарманд Собир Тоиров), “Йилнинг энг яхши маҳсулоти” (Чироқчи туманидаги устки қишки кийимлар ишлаб чиқарувчи “Чироқчи буюрсин текстиль” хусусий корхонаси раҳбари Охунжон Жалолов) каби рағбатлантирувчи номинациялар бўйича мукофотланди.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Суратларда: кўрик-танлов фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo