Бунинг олдини олиш учун эса масалани тартибга солиш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги "Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, вилоят ҳокимининг 2011 йил 16 июлдаги тегишли қарори қабул қилиниб, уларга кўра, итлар ва мушукларни сақлаш масалаларини тартибга солиш, қаровсиз ҳайвонларни тутиш хизматлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, масалага дахлдор бошқарма ва идораларнинг, қолаверса барча фуқароларнинг уй ҳайвонларини сақлаш, қутуриш касаллиги бўйича барқарор эпизоотик ва эпидемик вазиятни таъминлаш чоралари кўрилди.
Бироқ, ҳаммага маълум, куз-қиш мавсумидаги урчиш даврида итлар агрессив бўлади. Шу билан бирга, ёввойи ҳайвонлар аҳоли турар жойларига яқинлашиши уй ҳайвонлари билан тўқнашув келтириб чиқаради, фуқаролар эса кўп ҳолларда қаровсиз ҳайвонлар билан муносабатда эҳтиётсизликка йўл қўядилар. Булар ўз ўрнида аҳолининг жабрланиш ҳолатлари ортишига сабаб бўлади.
Жойларда ит тутиш бригадалари ходимлари ўз вазифаларини билмасликлари ёки била туриб, сидқидилдан бажармасликлари, бу борада маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан етарли назорат ўрнатилмагани, аҳоли билан қутуриш касаллиги бўйича санитария-оқартув ва тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмаслиги оқибатида фуқаролар томонидан итларни сақлаш қоидалари қўпол равишда бузилмоқда. Натижада 2018 йил давомида Қарши шаҳридан 527 нафар, Қарши туманидан 413, Китобдан 353, Яккабоғдан 199, Косондан 158 нафар фуқаро ит қопишидан жабрланган. Ушбу ҳолатлар бўйича итларини қаровсиз қолдирган 139 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилган.
Маълумотларга қараганда, бошқа ҳайвонларга нисбатан қутуриш касаллигига кўпроқ мойиллик ва уни юқтиришнинг 63 фоизи итлар билан боғлиқ экан. Касалликнинг дастлабки даврида ит оғзидан кўплаб миқдорда сўлак ажрала бошлайди, у тез-тез ўқчиб, қусади, сув ичиш (гидрофобия) ва ҳаво олишдан (аэрофобия) қўрқади.
Агар бирор ҳайвон одамни тишласа, терисини тирнаса ёки унга сўлаги тегса, ўша заҳотиёқ жароҳат юзасини оқиб турган сувда кир совун билан ювиш, атрофига йод эритмасини суртиб, устига тоза, стерил боғлам қўйиш, жароҳатланган одамни зудлик билан тиббий муассасага олиб бориш, махсус шифокор-мутахассисга мурожаат қилиш даркор.
Муаммонинг яна бир муҳим жиҳати шуки, хўжалик ва хонадонлардаги барча катта-кичик ҳайвонлар ветеринария хизмати ходимлари томонидан ҳисобга олиниши, улар ҳар йили қутуриш касаллигига қарши албатта эмланиши зарур. Шунингдек, кўча-кўй, маҳаллалардаги қаровсиз, дайди ҳайвонлар "қутурган" деб гумон қилиниши ва жойлардаги махсус ит тутиш бўлимлари ходимлари томонидан белгиланган тартиб-қоида бўйича йўқотилиши шарт. Улар фақат чақирув бўлганда эмас, ўзлари мониторинг тарзида мунтазам жойларга чиқиб туриши мақсадга мувофиқ.
Албатта, бу ўта муҳим муҳофаза ишларини амалга оширишда кенг жамоатчилик, хўжалик ва хонадонларда, айниқса, кўп қаватли уйлар хонадонларида уй ҳайвонлари боқувчи, ит, мушук сақловчи барча фуқаролар фаол иштирок этишлари, белгиланган қонун-қоидаларга мунтазам ва пухта амал қилишлари, қолаверса, қутуриш касаллиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишлари лозим. Шундагина қутуриш касаллиги ҳеч кимга хавф солмайди.
Шоймардон ШОДИЕВ,
вилоят ветеринария бошқармаси бошлиғи ўринбосари
Нурбек ҚУЛМУРОДОВ,
вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси командири, катта сержант