Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

12.01.2021


52 ЭЛЧИ ВА МАСЛАҲАТЧИ ТАШРИФИДАН СЎНГ ҚАШҚАДАРЁДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШ БЎЛАДИ?

Салоҳият ва имконият

9 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари бир гуруҳ вакиллари Қашқадарёда  бўлишди.

Вилоятнинг иқтисодий ва экспорт салоҳиятини кучайтириш, истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш каби мақсадлар кўзланган ташриф доирасида ҳудуднинг инвестиция, туристик имкониятлари хусусида маълумот берилди, йирик тадбиркорлик субъектлари ҳамда зиёрат туризми масканларига сафар уюштирилди. Шунингдек, вилоят ҳокимлигида, Қарши шаҳридаги IT-технопарк, корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникасида учрашувлар ўтказилди.

Мамлакатимизнинг Саудия Арабистони, Афғонистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Эрондаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари вакиллари Қарши туманидаги Абул Мўъийн ан-Насафий мажмуасини зиёрат қилишди. Улар Қашқадарё зиёрат туризмини хорижда тарғиб этишга тайёр эканини билдиришди.

Қарши шаҳрида фаолият бошлаган корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникасида тадбиркорларга иқтисодий-молиявий ва юридик маслаҳатлар бериш, информацион хизматлар кўрсатиш учун яратилган шароитлар, Қашқадарёдаги йирик корхоналар ва тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг доимий кўргазмаси билан яқиндан танишилди.

- Қарши шаҳрида жойлашган "SULTON TEX GROUP" хусусий  корхонасига қарашли тикув фабрикасини бориб кўрдик, - дейди Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги фавқулодда ва мухтор элчиси  Баҳром Ашрафхонов. - Корхонада асосан болалар, аёллар ва спорт кийимлари тикилаётган экан. Ўйлайманки, бу маҳсулотлар Озарбайжонда катта қизиқиш уйғотади.

Ўзбекистонлик элчилар IT-технопаркда ёшлар билан билан мулоқот қилиб, уларнинг таклифларини тинглади. Ўз ўрнида йигит-қизларга ўз фаолиятлари хусусида ҳам сўзлаб беришди.

Ситора Ҳамдамова Бирлашган Араб Амирликларидаги элчимизга вилоятдаги олий таълим муассасалари ҳамда Абу-Дабида жойлашган Халифа университети ҳамкорлигини йўлга қўйишни сўради.

- Албатта, бунинг имкони бор, - деди элчи Бахтиёр Ибрагимов. - Бунгача Тошкент давлат техника университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилган эди. Ушбу таклиф бўйича ҳам ҳаракат қиламиз.

Айтиш ўринли, ташриф давомида маҳаллий ҳокимликлар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, истиқболли лойиҳаларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб боришди.

Жумладан, Китоб тумани ҳокимлиги масъулларининг Ўзбекистоннинг Буюк Британия, Эрон, Россия, Япония, Малайзия, Польша давлатидаги элчилар билан суҳбатлари натижасида Польша иштирокида картошкачилик маркази ташкил этиш, Эронга калава ип экспорт қилиш ва лак-буёқ ишлаб чиқариш бўйича инвесторлар жалб қилиш тўхтамига келинди.

Деҳқонобод ҳокими Зоир Алиқулов Ҳиндистондаги элчи билан туманда етиштирилаётган коврак маҳсулотини қайта ишлашни, Бельгиядаги элчи билан бентонит ва Тожикистондаги вакилимиз билан доломитни қайта ишлашни муҳокама қилган бўлса, Украинадаги элчи билан чорвачиликни ривожлантириш учун хорижлик инвесторларни топиш масаласида келишиб олди. Қолаверса, Индонезиядаги элчига калий заводи лойиҳалари бўйича маълум қилинган бўлса, Эрондаги элчи билан писта плантацияларини кўпайтириш бўйича фикрлашилди. Россиядаги элчидан Оқрабод қишлоғида жойлашган эски консерва заводини қайта тиклаш борасида инвестор топишда кўмак сўралди.

Шу куни элчи ва маслаҳатчилар учун маданий дастур ҳам ташкил этилиб, турли миллат вакиллари урф-одат, анъаналарини акс эттирувчи чиқишлар, мумтоз ва анъанавий куй-қўшиқлар ижро этилди.

Н.ХЎЖАЕВ

 

Report typo