Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 апрел, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

13.07.2023


53 та таълим маскани қайта ташкил этилади

Вилоятимиздаги фанлар чуқур ўқитиладиган мактаблар ва мактаб-интернатлар 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактаблари сифатида қайта ташкил этилмоқда.

Вилоят ҳокимининг бу ҳақдаги қарори жорий йил 10 июлда қабул қилиниб, бунга асос сифатида давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 апрелдаги фармонининг 14-банди кўрсатилган. Қарор билан тасдиқланган рўйхатга биноан янги ўқув йилидан бошлаб, масалан, Қарши шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати 49-умумий ўрта таълим мактаби, Шаҳрисабз шаҳридаги 1- ва 7-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатлари эса мос тарзда 24- ва 25- умумий ўрта таълим мактаблари номи билан фаолият кўрсатади. Шу тариқа ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатларининг қайта ташкил этилиши натижасида Китоб туманида 97-, Шаҳрисабз туманида 84-, Яккабоғ туманида 49-, Ғузор туманида эса 77-умумий ўрта таълим мактаблари пайдо бўлади. Айрим фанлар чуқур ўқитиладиган синфлари мавжуд 46 та мактаб ҳам умумий ўрта таълим мактаблари сифатида қайта ташкил этилади.

Фармонга мувофиқ, фанлар чуқур ўқитиладиган мактаблар ҳамда мактаб-интернатлар фаолияти ушбу мактабларда ихтисослаштирилган дастурлар асосида таълим олаётган ўқувчилар ўқишини битиргунига қадар давом эттирилади. Фанлар чуқур ўқитиладиган мактаблар ҳамда мактаб-интернатларнинг раҳбарларига ҳамда ихтисослаштирилган фанлардан дарс ўтганлиги учун педагог кадрларига амалда белгиланган қўшимча устама ҳақлар ушбу мактаблардаги ихтисослаштирилган синфлар фаолияти тугатилгунига қадар сақлаб қолинади. Мактаб-интернатларда ўқувчилар белгиланган тартибда ётоқхона ва озиқ-овқат билан таъминланади.

Ўз мухбиримиз

Report typo