Қашқадарё вилоятида 2023 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида айни пайтда норасмий секторда меҳнат қилаётган 58 минг 955 нафар ишчининг фаолиятини легаллаштириш назарда тутилган.
Аҳоли бандлигини таъминлаш дастури халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 16 февралдаги қарори билан тасдиқланган ва унга кўра, воҳамиз шаҳар ва туманларида йил давомида жами 440 минг кишини доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларда банд қилиш режалаштирилган. Соҳалар кесимида олиб қарайдиган бўлсак, 12 мингтадан ортиқ доимий иш ўрни инвестицияларни жалб қилиш ҳамда ташқи савдо ва маҳаллий саноатни ривожлантириш ҳисобига яратилади, қарийб 265,4 мингтаси қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги тармоқларида (35,6 мингта доимий ва 229,8 мингта мавсумий) ташкил этилади, яна 162,6 мингтадан ортиғи хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик жабҳасида (89,9 мингта доимий, 13,7 мингта мавсумий ва вақтинчалик, сал кам 59 мингта – легаллаштириш ҳисобига) вужудга келади.
Аҳоли бандлигини легаллаштириш, яъни норасмий сектордаги ишчиларнинг қонуний фаолиятга ўтишини таъминлаш йўлларидан бири сифатида вилоят давлат солиқ бошқармаси ва вилоят бандлик бош бошқармасига туман ва шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда ишчилар сонини бир нафардан кўрсатган тадбиркорлик субъектлари ишини чуқур таҳлил қилиб, норасмийларни легаллаштириш чораларини кўриш топшириғи берилган.
Дастурда фаолияти легаллаштирилиши лозим бўлган ишчилар сони шаҳар ва туманлар кесимида келтирилган экан, уларнинг энг кўпи Қарши шаҳри (қарийб 17,4 минг нафар), Косон (3,6 минг нафардан ортиқ) ва Чироқчи (3,5 минг нафарга яқин) туманлари ҳиссасига тўғри келиши аён бўлмоқда. Қолган ҳудудларда эса жорий йилда 2-3 минг нафардан ишчи норасмий меҳнатдан қонуний фаолиятга ўтиши зарур.
Шу ўринда эслатиш жоизки, ўтган йил 15 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда энергия таъминотини яхшилаш ва аҳоли бандлигини ошириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида, жумладан, хусусий секторда фаолият кўрсатаётган 232 мингта корхонада ишчилар сони бор-йўғи 1 нафарни ташкил қилиши таъкидланган эди.
Мазкур йиғилишда бандлик соҳасидаги 2023 йилги вазифалар муҳокама қилинган экан, давлатимиз раҳбари тўртта асосий йўналишни кўрсатиб ўтди. Биринчиси – пахта ва ғалладан бўшаган 100 минг гектарни аҳолига бўлиб бериш. Иккинчиси – тадбиркорликни ривожлантириш. Учинчиси ва тўртинчиси эса саноат ва қурилиш соҳаларидаги имкониятлардан унумли фойдаланишдир.