Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

15.05.2018


60 ТОННА ГИЛОС ЭКСПОРТ ҚИЛИНДИ

Шу кунларда эса айрим турдаги ноз-неъматлар пишиб етилди. Хусусан, катта миқдорда тотли мева-чева етиштирилиб, истеъмол бозорига етказиб берилмоқда.

Маҳсулотнинг истеъмолдан ортгани сараланиб, хориж мамлакатларига ҳам жўнатилмоқда. Айни пайтда гилоснинг савдоси қизиган. Экспорт талабига жавоб берувчи ушбу маҳсулотга чет элда харидор кўп. “Ўзбекозиқ овқатхолдинг” холдинг компанияси тарқатган маълумот ҳам шундан далолат беради.

Тегишли ахборотда қайд этилишича, 11 май ҳолатига кўра мамлакатимиздан ташқи бозорларга жами қиймати 7 миллион 95 минг АҚШ долларига тенг 1 минг 668 тонна гилос меваси экспорти амалга оширилган. Ҳисоб-китобимизга қараганда, бунда бир тонна маҳсулот баҳоси ўртача 4 минг доллардан ошади. Албатта, нарх гилоснинг нави ва бошқа сифат кўрсаткичларига қараб фарқ қилишини унутмаслик лозим.

Бизнинг бу маҳсулот асосий харидорлари Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, БАА ва Украина мамлакатлари ҳисобланади. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, гилос экспорти ҳажмида етакчиликни Фарғона вилояти эгаллаган. Мазкур ҳудуд соҳибкорлари экспортга 931 тонна маҳсулот етказиб беришган. Кейинги ўринларда эса 303 ва 203 тонна кўрсаткичлар билан мос равишда Наманган ва Андижон вилоятлари бормоқда. Бу вилоятларнинг асосан боғдорчиликка ихтисослашган экани гилос экспортида ҳам яққол устунлик бериши табиий.

Аҳамиятлиси, вилоятимиз боғбонлари ҳам ташқи бозорни гилос билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшишган. Хорижлик харидорларга сотилган маҳсулот баҳоси 253 минг АҚШ долларини ташкил этмоқда. Экспорт ҳажми эса 60 тонна бўлган. Ҳали боғларимизда мева-чева кўплигини инобатга олсак, бу рақам яқин орада яна ўсишини тахмин қилиш мумкин.

М.ШУҲРАТОВ

Report typo