Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда, барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомиллар соддалаштирилиб, тадбиркорларнинг моддий ва кредит ресурсларидан мақсадли фойдаланиши, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловлар бартараф этилиб, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашганларга нисбатан жавобгарлик чоралари кучайтирилди.
Бу каби имтиёзлардан самарали фойдаланган тадбиркор даромадини кўпайтириб, фаолиятини кенгайтираётган, шу билан бирга, мамлакат иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бўлса, яратилган кенг имкониятларни четлаб ўтиб, ўз манфаатларини кўзлаб, тез бойиш истагида бўлган “тадбиркор”лар ҳам, афсуски, учраб турибди.
Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим тадбиркорлик субъектлари четдан товар олиб келишда тегишли ҳужжатда кўрсатилганидан ортиқча маҳсулот олиб киришга уринаяпти. Маълумки, бу божхона қонун ҳужжатлари бузилиши ҳисобланиб, ортиқча товар ва бошқа моддий қийматликлар суд қарорига кўра давлат эгалигига ўтказилади.
Мазкур йўналишда ўтган йил давомида божхоначилар томонидан 40 та қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, умумий қиймати 33,7 миллион сўмдан ортиқ ҳужжатда кўрсатилганидан ортиқча товар белгиланган тартибда давлат эгалигига ўтказилди.
Мисол учун, 2016 йилнинг 13 декабрь куни Хитой Халқ Республикасидан “Жозиба плюс” МЧЖ номига (корхона номлари ҳамда фуқароларнинг исм-фамилиялари ўзгартирилган) оғирлиги қарийб 44 тонна ва қиймати 85 минг 218 АҚШ долларига тенг бўлган товарлар олиб келинган. Ушбу ташкилотнинг божхона ишлари бўйича масъул ходими Шоди Сапаров томонидан тақдим этилган божхона юк декларацияси асосида товарлар божхона кўригидан ўтказилганда, юк ҳужжатлари ва божхона юк декларациясида кўрсатилмаган қиймати 16 миллион 245 минг сўмлик 600 килограмм Хитой гуручи ҳамда 30 турдан зиёд бўлган хўжалик моллари аниқланди.
Яна бир ҳолатда, 2016 йил 23 декабрь куни Хитой Халқ Республикасидан Муборак туманида жойлашган “Ҳамкор 61” МЧЖ номига оғирлиги 19 минг 55 килограмм ва қиймати 410 минг 42 еврога тенг бўлган грануляцияланган олтингугурт ўрами системаси олиб келинган. Товарлар ушбу ташкилотнинг божхона ишлари бўйича масъул шахси Анвар Ҳасанов томонидан тақдим этилган юк кузатув ҳужжатлари ва божхона юк декларациялари асосида божхона кўригидан ўтказилганда, юк ҳужжатлари ва божхона юк декларациясида кўрсатилмаган қиймати 2 миллион 40 минг сўмлик 51 дона ортиқча товар олиб кирилаётгани аниқланди.
Якунда мазкур хуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича тегишли суд органининг қарори билан “Жозиба плюс” МЧЖнинг божхона ишлари бўйича масъул шахси Шоди Сапаровга 748 минг 875 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланиб, ҳужжатдагидан ортиқча 16 миллион 245 минг сўмлик товар давлат эгалигига ўтказилган бўлса, “Ҳамкор 61” МЧЖнинг божхона ишлари бўйича масъул шахси Анвар Ҳасановга нисбатан тўпланган материаллар кўриб чиқиш учун суд органига юборилди.
Унутмаслик керакки, давлатимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш йўлида яратилган имкониятлардан тўғри ва мақсадли фойдаланиш, қонун ҳужжатларига амал қилиш нафақат тадбиркорларга наф келтиради, ўз ўрнида мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Жаҳонгир БЕГАЛИЕВ,
вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи