Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Фирдавсий ЖАББОРОВ

20.02.2018


608 МИЛЛИАРД СЎМДАН ОРТИҚ СОЛИҚ ЭЛЕКТРОН ТАРЗДА ТЎЛАНДИ

 

Бугунги кунда Давлат солиқ қўмитасининг “Электрон давлат хизматлари - my.soliq.uz” портали орқали 35 турдаги электрон давлат хизматлари кўрсатилмоқда.  Шунинг 15 таси ахборот давлат хизматлари, 20 таси интерактив давлат хизматлари таркибига киради. Порталда юридик, жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетлари очилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 13 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонуни билан Солиқ кодексига янги “221. Солиқ тўловчининг шахсий кабинети” моддаси киритилди. Солиқ тўловчининг шахсий кабинети тушунчасининг киритилиши солиқ тўловчилар билан деярли барча муносабатларни электрон шаклда амалга ошириш учун ҳуқуқий асос яратди.

Шахсий кабинет орқали Солиқ тўловчи мурожаатлар, солиқ органларида ҳисобда туриш, назорат-касса машиналарини рўйхатдан ўтказиш, ортиқча солиқ тўловларини қайтариш тўғрисида аризалар, солиқ ҳисоботлари ва декларацияларни электрон кўринишда юбориши мумкин. Бундан ташқари, тизимда солиқ қарзи мавжуд эмаслиги, солиқ органларида ҳисобда турганлиги (СТИР), Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлганлиги ҳақида, шунингдек, ҳисобланган, тўланган суммалар, солиқ қарзи, ортиқча тўлов, пенялар ҳамда бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар билан ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига бормасдан олиш имкони мавжуд.

Вилоятимиз солиқ тўловчилари ҳам ушбу имкониятлардан ўз ўрнида фойдаланишмоқда.  Мисол учун, 2017 йил давомида my.soliq.uz порталига вилоят бўйича жами фойдаланувчилар томонидан 20 миллиондан ортиқ мурожаат қилинган. 30 мингдан ортиқ юридик шахслар ҳисоботларни тўлиқ электрон кўринишда топширган. Қолаверса, ўтган йили вилоятимиз бўйича    шахсий кабинетлар орқали тадбиркорлик субъектлари томонидан 608 миллиард сўмдан ортиқ солиқлар электрон шаклда тўланди.

Мазкур давр давомида солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги хизматларга жисмоний шахслар томонидан 502 мингдан ортиқ, юридик шахслар томонидан 270 мингдан ортиқ, якка тартибдаги тадбиркорлардан 5 минг маротабага яқин мурожаатлар бўлган.

Бугун солиқ тўловчилар ва солиқ хизмати органлари ўртасидаги электрон шаклда амалга оширилмаётган мулоқотларни ҳам тўлиқ электрон шаклга ўтказиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан яратилган ушбу имкониятлар солиқ тўловчиларнинг, айниқса, тадбиркорлик субъектларининг солиқ органларига тўғридан-тўғри мурожаатларини камайтиришга, натижада вақт, сарф-харажатларини тежашга олиб келиб, тадбиркорлик фаолиятининг самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Фирдавсий ЖАББОРОВ, вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи

Report typo