Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

30.06.2020


62 МИЛЛИАРД СЎМЛИК ЛОЙИҲА БИЛАН НИМАГА ЭРИШИЛАДИ?

Пиллачилик

Қишлоқ хўжалиги соҳаси тармоқларида ишни янгича услуб - кластер тизими асосида йўлга қўйиш бугун анча оммалашди. Пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик каби йўналишларда илк бор намоён бўлган бу тажриба энди боғдорчилик, паррандачилик тармоқларига ҳам кириб келди. Шаҳрисабзда йўлга қўйилиши мўлжалланган яна бир кластер эса фаолиятини пиллачиликка қаратган. Айни пайтда мазкур субъект ишини ташкил этиш учун зарур инфратузилма, моддий-техника базаси яратилмоқда.

Қайд этиш жоиз, ҳудуддаги пиллани қайта ишлашга ихтисослашган йирик, ўз даврининг номдор субъектлари инқироз кўчасига кириб қолгач, бир неча уринишлардан сўнг улар фаолияти тикланмаслигига амин бўлинди. Шу-шу ҳудуд фақатгина хом ашё етиштириш билан чекланиб қолди. Айни вақтда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳа эса пиллани шу ернинг ўзида қайта ишлаб, ички ва ташқи бозорга тайёр маҳсулот ҳолида чиқариш имконини бериши айтилмоқда.

Бугун лойиҳа доирасида барпо этилиши кўзда тутилган ишлаб чиқариш майдони, бино-иншоотларда иш қизғин. Ушбу объектлар учун Шаҳрисабз тумани Янгиқишлоқ маҳалласи ҳудудидан ер ажратилган.

"Shakhrisabz silk production" масъулияти чекланган жамияти томонидан ишга туширилиши мўлжалланган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 62 миллиард сўмни ташкил этса,  фақат қурилиш ишлари учун ташаббускор ўз ҳисобидан 10 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратган ва айни пайтга қадар бу борадаги ишлар 90 фоизга якунланган.

- Лойиҳамиз туманда ипак тола учун хом ашё етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлашгача бўлган барча жараёнларни қамраб олади, - дейди корхона мутахассиси Шокир Бозоров. - Хусусан, йилига 1000 тонна хом ашё тайёрлаб, уни қайта ишлаш орқали 350 тонна сифатли ипак тола олиш имкони яратилади. Бу фаолиятга 400 нафар ишчи-ходимни жалб этиш билан улар  бандлиги таъминланади.

Субъектга банк томонидан ажратилган 5,2 миллион АҚШ доллари миқдорига сармоя ҳисобидан пилла хом ашёсини қайта ишлашга мўлжалланган замонавий Хитой технологиялари олиб келинади. Ҳозирги кунда бу борадаги ишлар ҳам деярли ҳал этилган бўлиб, ишлаб чиқариш бинолари тўлиқ шай ҳолга келтирилгач, технологияни етказиш ва монтаж қилиш бошланади.

Корхонани жорий йилнинг октябрь ойида фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo