Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

18.08.2020


7 маҳкум муддатидан аввал жазодан озод қилинди. Нега?

Адашган инсонга имкон бериш керакми-йўқми? Баъзан адашишга ёшлик, оқ-қорани танимаслик, яхши-ёмонни фарқлай билмаслик ҳам сабаб бўлиши мумкин. Айримлар борки, ҳаётда бир қоқилгани унинг тўғри йўлга киришига кифоя қилади. Яна кимлардир минг марта қоқилсин, ўзини эмас, “йўл”ни айблаб ўтади...

Шундай экан, адашгану, қилмишининг нотўғрилигини англаган кишиларга бағрикенглик қилиш, улар жамиятда ўз ўрнини топишига шароит яратиш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Вилоят ички ишлар бошқармасидан хабар беришларича, айни пайтда маҳкумларга нисбатан Жиноят кодексининг 73-моддаси талаблари асосида жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш юзасидан туман ички ишлари органлари пробация гуруҳлари томонидан киритилаётган тақдимномалар кўриб чиқилмоқда.

2020 йил 11 август куни жиноят ишлари бўйича Нишон тумани суди томонидан 7 нафар назоратдаги шахсни жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш юзасидан киритилган тақдимномалар қаноатлантирилди.

Жумладан, маҳкум Ф.Зулфикаров билиб-билмасдан автотранспорт воситаси билан боғлиқ жиноятга аралашиб қолганлиги сабабли унга нисбатан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган 2 йил 1 ой 9 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган эди.

Маҳкум жазони ўташ даврида ўзини яхши томондан кўрсатиб, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани ва жазо муддатининг учдан бир қисмини ўтагани инобатга олинди.

Шунингдек, назоратда турган қолган шахсларнинг ҳам ўз айбига иқрорлиги ва чин кўнгилдан пушаймонлиги, бундан ташқари, жазони ўташга виждонан ёндашганликлари инобатга олиниб, шартли озод қилинди.

Албатта, тузалишга, жамиятга қайта мослашишга имкон бериш яхши, бироқ уларнинг яна хавфли қилмишга қўл урмаслиги учун тегишли идоралар, маҳалла-кўй, яқин-атрофдагилар ҳам бефарқ бўлмасликлари лозим.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo