Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сафар КАТТАБОЕВ

16.06.2020


8 ЙИЛ ЎТИБ ОҚЛАНДИ. ҲА, ФАҚАТ ОҚЛАНДИ...

Ўшанда 2012 йилнинг август ойи эди. Халқ банкининг Миришкор тумани филиалига қарашли "Помуқ" минибанки мудири Раҳимжон Рўзимуродов соғлиғи панд бера бошлагач, шифокорга мурожаат этди. Мутахассислар унга бир жойда ўтириб ишлаш мумкин эмаслиги, кўпроқ очиқ ҳавода бўлиши кераклиги ҳақида айтиб, акс ҳолда касаллик янада авж олиб кетиши мумкинлигини билдирди.

Начора, саломатлик - туман бойлик. Раҳимжон нақ бир йилга ўз ҳисобидан таътил олиб, уйда даволана бошлади. Лекин эндигина қирқдан ошган, неча йиллардан бери эртадан кечгача ишда ўтириб, ҳисоб-китоб, таҳлиллар билан банд бўлган одамнинг дабдурустдан ҳеч иш қилмай уйда ўтириши осон эмас экан.

Шу боис ҳар замонда ишхонасига келиб, кимгадир маслаҳат, кимгадир йўл-йўриқ бериб турди. Аммо у эртага айнан "меҳнат таътилида бўлишига қарамасдан" деган айбловлар учун йиллаб тергов, суд идораларига қатнаши мумкинлигини ҳали билмасди.

Бу орада унинг йўқлигидан фойдаланибми ёки аввалдан мазахўрак бўлиб келишганми, минибанкнинг ўша пайтдаги бош ҳисобчиси, ғазначиси ва бошқалар турли тоифадаги нафақа олувчиларнинг 81 миллион сўмдан ошиқ пулини ўзлаштириб юборгани аён бўлади.

Табиийки, ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов бошланди. Бу орада минибанк шохобчаларидан бирининг ғазначисидан "нафақа пулидан мудир Раҳимжон Рўзимуродовга ҳам ҳар замонда 400-500 минг сўм "узатиб" турганман" қабилида кўрсатма ҳам олинади. Қарабсизки, таътилдаги мудир ҳам терговга жалб этилади.

Раҳимжон Рўзимуродов 2013 йил 18 июнь куни қамоққа олинади ва жиноят ишлари бўйича Косон тумани судининг 2013 йил 25 декабрдаги ҳукми билан бир гуруҳ бўлиб, давлатнинг жуда кўп миқдордаги мулкини талон-торож қилиш, пора олиш, мансаб сохтакорлиги каби жиноятларни содир қилганликда  айбдор деб топилиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Турган гапки, Раҳимжон Рўзимуродов ҳукмдан норози бўлиб жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судига апелляция шикояти ёзди. Аммо у билан бирга "ўтирганлар" ва аввалги адвокатлари "шикоят ёзишдан ҳеч қандай наф йўқ, уларни биров ўқимайдиям, "ҳукм тўғри, шикоятингиз асоссиз", деган бир парча қоғоз оласиз, холос. Яхшиси, шикоятингизни қайтариб олинг, ҳали замонлар ўзгарса, кейин ёзарсиз" дея маслаҳат беришади. Раҳимжон шу каби гап-сўзларни эшитгач, иккиланиб қолади. Шунинг учун "шикоятимни кўрмасдан қолдиришингизни сўрайман" деб вилоят судига қайта ариза ёзди.

Қамоқдан эса роппа-роса 1 йил 6 ойу 4 кун деганда чиқди. Жазо муддатининг ўталмай қолган қисми иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан ахлоқ тузатиш жазосига алмаштирилди...

Рўпарамда кўзойнагини тез-тез арта туриб, "мана бу ҳужжатлар   айбсизлигимни исботлайди, лекин суд буларни инобатга олмади", дея куйиб-пишиб гапираётган, елим ғилофларга солинган қоғозларни бирма-бир кўрсатаётган собиқ банк ходими турар эди. Ёшига нисбатан анча катта кўринади, соғлиғи ҳам ўзига яраша экани билиниб турибди.

"Бошлиқ бўла туриб шунча пулнинг ўмарилганидан қандай бехабар қолиш мумкин?" қабилидаги саволимга: "Адвокат бўла туриб сиз ҳам ишонмаяпсиз, лекин жиноят ишини ўрганиб чиқсангиз бунақа демаган бўлардингиз", дейди жиғибийрон бўлиб.

Суд архивидан бир-биридан қалин тўрт жилдли жиноят ишини олиб ўрганар эканман, Раҳимжоннинг нега бунчалик жиғибийрон бўлганини тушуна бошладим. Мени ҳайрон қолдирган нарса - асосий процессуал ҳужжатлар ҳисобланган терговчининг айблов ва қамоққа олиш тўғрисидаги қарорлари, айбланувчи тариқасида Раҳимжон Рўзимуродовни сўроқ қилиш баённомалари ва бошқа ҳужжатларда ушбу жиноят иши бўйича дастлаб тергов олиб борган Миришкор тумани прокуратураси катта терговчисининг ҳатто имзоси йўқ! Саналар ҳам кўрсатилмаган эди.

Кейинчалик суд мажлисига чақирилган собиқ терговчи унинг номидан қўйилган имзоларни ҳам тан олмади. Табиийки, гумон кейинги терговчига тушади, чунки жиноят иши дастлабки терговда фақат терговчи ёки туман прокурорининг қўлида бўлади. 

Ундан кейин терговни давом эттирган ушбу туман прокуратурасининг катта терговчиси ҳам "Мен бу имзони сохталаштирган эмасман, ким сохталаштирганини ҳам билмайман", деди.

Унда имзоларни ким қалбакилаштирган?

Суд-хатшунослик экспертизаси аввал вилоят ички ишлар бошқармаси, кейин Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказига тайинланди. Афсуски,  экспертларнинг хулосасига ҳам тушуниш қийин кечди, уч марта экспертиза тайинласак-да, аниқ жавоб олмадик. Охири "собиқ терговчилар ўша қалбаки имзоларга ўхшатиб имзо қилишсин, шунга қараб жавоб берамиз" дейишди.

Собиқ терговчининг имзосини имзо дейиш ҳам қийин, шунчаки ўйин қилиб иккита чизиқни бир-бирига улаб қўйганга ўхшайди. Сўроқ баённомасига қўйган санасида рақамлар нимани англатишини судда унинг ўзидан сўраб била олдик, холос.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди кассация инстанциясига ушбу ишни кўриб, мазмунан ҳал қилиш учун 1 йилу 3 ой керак бўлди. Суд мажлисига жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамовнинг шахсан ўзи раислик қилди. Ахир яна гувоҳларни, тафтишчиларни чақириш, юзлаштириш, ҳужжатларни таҳлил қилиш, қайта текшириш, синчиклаб ўрганиш зарур эди. Ва ниҳоят, 2019 йил 12 ноябрь куни оқлов ажрими эълон қилинди: унга кўра Раҳимжон Рўзимуродов тўлиқ оқланиб,   айбсиз деб топилди.

Суддан сўнг собиқ минибанк мудири секин олдимга келиб, "Нима бўлди ўзи? Қон босимим кўтарилиб, ҳеч нарсани эшитмай қолдим" деди. Уни ташқарига, очиқ ҳавога олиб чиқиб, оқланганини айтганимда кўзига ёш олиб, "Илтимос, ёши саксонга қараб кетган отамга телефон қилинг, мана рақами, ўзингиз тушунтиринг, мен тушунтирадиган аҳволда эмасман" деди.

Бобо ҳам ишонқирамай, "Раҳимжон оқландими, ҳазиллашмаяпсизларми? Қани ўзи?", деб довдираб қолди.

Ҳа, орадан 6 йил ўтгандан сўнг ҳақиқат қарор топди, лекин...

Энди "лекин..."ни изоҳлаймиз.

Зукко ўқувчида "Имзолар сохталаштирилгани, инсон тақдирига    беписандлик билан муносабат учун кимдир жавоб бердими ёки йўқми?", деган савол туғилиши табиий.

Йўқ, ҳеч кимга ҳеч қандай чора кўрилмади.

Мен бу масалани кўтарган эдим, Раҳимжон "Керак эмас, Худога солдим. Улар ҳам ўша вақтдаги вазиятдан келиб чиқиб шундай қилишган бўлса керак-да. Бошқа югур-югурларга тоқатим ҳам йўқ. Аммо бир йилдан бери Миришкордан Қаршига қатнайман, олти йилдан бери ишсизман. Бугун йўлкирани ҳам отамдан қарз олиб келдим. Яхшиси, ишимга тиклаб, кўрган моддий ва маънавий зарарларни ундириб беринг. Безор бўлдим, асабларим тамом бўлди" деди. Қонунга кўра мижознинг талабидан ташқарига чиқишга ҳаққим йўқ.

Масаланинг у айтган қисмини ҳал қилишга киришдим ва Халқ банкининг Қашқадарё вилояти филиали бошлиғига Раҳимжон Рўзимуродовнинг оқлангани ҳақидаги суд ажримини юбориб, уни аввалги ишига ёки унга тенглаштирилган бошқа лавозимга тиклашни сўрадим. Аммо тез орада "Раҳимжон Рўзимуродовни аввалги ишига тиклай олмаймиз, чунки ушбу лавозим ҳам, минибанк ҳам аллақачон тугаб кетган", деган жавоб олдик.

Наилож, судга мурожаат қилишга тўғри келади.

2020 йил 17 февралда фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро суди даъвомизни қаноатлантириб, минибанк мудири лавозимига тенг бошқа иш билан таъминлансин, мазмунида ҳал қилув қарорини чиқарди.

Буни қарангки, банкнинг вилоятдаги раҳбарлари Раҳимжон Рўзимуродовга "Ҳозирча қўшни Муборак туманидаги филиалимизда кичикроқ лавозимда ишлаб туринг, кейин аввалги лавозимингизга тенг бошқа иш берамиз", деб ваъда қилишибди. Янги вазифада бир ой ишлагач эса "Сиз ишлаб турган лавозим штат қисқариши билан тугатилди, ўзингизга бошқа иш топинг" деб қўлига "паттаси"ни тутқазишибди.

Бу ҳақда аввал менга айтмаган Раҳимжон бўғриқиб телефон қилаяпти. "Нега вақтида айтмай, энди телефон қилаяпсиз, ахир суд қарорини бажаришни талаб қилиш керак эди" десам, "банк раҳбарларининг ваъдасига ишонган эдим" дейди.

Бизнинг битта йўлимиз қолди: суднинг аввалги лавозимга ишга тиклаш тўғрисидаги қарорини ижро этишни сўраш. Акс ҳолда, суд қарорини бажармагани учун банк раҳбарларини жавобгарликка тортишни талаб қилиш. Ҳозирча эса собиқ минибанк мудири ишсиз ва унга қачон иш берилади - номаълум.

Биз маънавий зарарни 200 миллион сўмга баҳолаб, шунча товон пули тўлаб беришни сўраган эдик. Фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро суди 20 миллион сўм ундиришга рози бўлди. Фуқаролик ишлари бўйича вилоят судига арз қилган эдик, улар ҳам туманлараро суд тўғри қарор қабул қилган, деган хулосага келди.

Одатда бундай зарар туман молия бўлимларидан ундирилади. Чунки суд, прокуратура, ички ишлар давлат органлари ҳисоблангани учун улар етказган зарарни тўлаб беришни қонунга кўра давлат ўз зиммасига олади.

Афсуски, судлар Раҳимжон Рўзимуродовнинг бир ярим йил ҳибсда сақланганини эътиборга олишмади. Шундай деймизу, лекин ноҳақ судланган бўлса-да, қамоқда бўлмаган одамларга ҳам шунча товон пули тўланаётганини кўриб-билиб турибмиз. Тўғри, қонунда "Агар қамоқда бўлмаган бўлса мана шунча, қамоқда ойлаб-йиллаб сақланган бўлса, мана бунча товон пули тўланиши керак" деган норма йўқ. Чамамда, қонунга бу ҳақда аниқлик киритилса, адолатдан бўлар эди.

Иш ҳақи сифатида олиниши керак бўлган, лекин олинмай қолган 39 миллион сўмдан ошиқ пулни ҳам жиноят ишлари бўйича Косон тумани суди қисқартириб, 6 миллион сўмини олиб ташлади. Шунча сумма солиқ учун ушланиши керак.

"Майли, ҳарна-да, 50 миллиондан ошибди-ку, ишқилиб, шу пулларни олдими?" деб тоқатсизланаётган бўлсангиз керак.

Йўқ. Мана уч ой бўлаяпти ҳамки, ҳаммаси ҳозирча қоғозда. Маҳаллий бюджетга қачон пул тушса, кейин тўлаб берилар экан. Хуллас, на ишдан дарак бор, на пулдан.  Раҳимжон эса яна уйида, ишсиз ўтирибди.

Сафар КАТТАБОЕВ,

Қарши шаҳридаги "Процессуал кафолат" адвокатлик бюроси адвокати

Report typo