Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жавоҳир РЎЗИЕВ

26.04.2019


80 НАФАР ФУҚАРО ВА 39 МАСЪУЛ НЕГА ЖАРИМАГА ТОРТИЛДИ?

 Таъкидлаб ўтиш жоизки, кундалик турмушда барчамиз газ, иситиш печлари, турли электр жиҳозларидан фойдаланамиз. Бироқ  бундай манбалар ўзининг фойдали жиҳатлари билан бирга, турли кўнгилсизликларга ҳам олиб келиши мумкин. Шу боис уларни қўллашда ниҳоятда эътиборли бўлиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим. Аммо буни тўғри англаб етмайдиган, эътиборсизлик, бефарқликка йўл қўядиган фуқароларимиз ҳам йўқ эмас.

 Мисол учун, нефть маҳсулотлари тез аланга олишини ҳаммамиз биламиз. Уни уй шароитида ишлатиш мумкин эмас. Аммо туманнинг Бойғунди маҳалласида яшовчи М.К. бу қоидага амал қилмаган. Яъни тандирда оловни тезроқ аланга олдириш мақсадида бензин сепган. Натижада, кучли олов ўзига келиб урилган ва танасининг 7-8 фоизи куйиш жароҳати билан шифохонага тушган.

 Ёки бошқа бир мисол, жорий йилнинг 12 февраль куни тонгда туманнинг Нартичуқур маҳалласида яшовчи фуқаро Б.Ш. хонадонида ёнғин содир бўлган. Электр симларининг қисқа туташувидан келиб чиққан ёнғин натижасида уйнинг ички шифт қисми ҳамда бир қанча жиҳозлар кулга айланган.

 Мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш, фуқароларнинг бу борада кўникмасини ошириш борасида тизимли равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

 Хусусан, жорий йилнинг ўтган вақти давомида Косон туман ЁХБ ходимлари томонидан ҳудуддаги 20 мингдан ошиқ аҳоли хонадонлари ҳамда 91 та давлат тасарруфидаги объектнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати текшириб чиқилди.

 Аниқланган ҳолатлар шуни кўрсатадики, бу муҳим масалага  эътиборсиз қараётган фуқаро ва масъуллар кам эмас. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузган 80 нафар фуқаро ҳамда 39 нафар давлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбар ёки ёнғин хавфсизлиги учун масъул ходимига нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилди. 41 та масканда корхона ишини тўхтатиш ва бинодан фойдаланишни тақиқлаш бўйича баённома расмийлаштирилди. Аниқланган камчиликлар бўйича юқори турувчи корхона ва ташкилот раҳбарларига 6 та тақдимнома киритилди.

 Жавоҳир РЎЗИЕВ,

 Косон туман ЁХБ катта инспектори, сержант

 

 

 

 

Report typo