Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • 813 нафар фуқаролар йиғини раисидан 569 нафари биринчи марта сайланди

Шоҳиста БОЗОРОВА

27.05.2022


813 нафар фуқаролар йиғини раисидан 569 нафари биринчи марта сайланди

Маълумки, жорий йилнинг май ойида юртимизнинг барча ҳудудларида муҳим тадбир - фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бўлиб ўтди.

Ушбу жараён Фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколат муддати тугаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддаси ҳамда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ ўтказилди.

Бу йилги сайловда вилоятимизда 813 нафар фуқаролар йиғини раиси сайланди.

- Ушбу сиёсий жараённи қонун доирасида ўтказишга ҳаракат қилдик, - дейди вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Турсунов. - Ҳар бир маҳаллада сайловлар “Сайлов ҳуқуқшуноси” акцияси доирасидаги тушунтириш-тарғибот ишлари билан бошланиб, сайловда иштирок этган фуқароларга “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳияти, унга кўра сайлов қонунчилигига киритилган янгиликлар бўйича батафсил тушунчалар берилди. Сайловчилар ўзларининг сайлов ҳуқуқидан фойдаланиб, маҳалла етакчилигига муносиб номзод танладилар. Тўғри, айрим маҳаллаларимизда сайлов жараёнида камчиликлар ҳам бўлди. Лекин улар жойида, ҳамжиҳатликда бартараф этилди.

Маълумотларга кўра, 2022 йилги сайлов натижаларига кўра сайланган 813 нафар фуқаролар йиғинлари раисларининг 697 нафари (85,7 фоизи) олий, 116 нафари (14,3 фоизи) ўрта махсус маълумотга эга. Уларнинг 569 нафари (70 фоизи) биринчи маротаба сайланди, шунингдек, фуқаролар йиғинлари раисларидан 43 нафари (5,3 фоизи) аёллар, 27 нафари (3,3 фоизи) эса халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатларидир. Шундан 8 нафари (1 фоизи) 30 ёшгача, 181 нафари (22,3 фоизи) 30-40 ёшда, 253 нафари (31,1 фоизи) 40-50 ёшда, 292 нафари (35,9 фоизи) 50-60 ёшда ҳамда 79 нафари (9,7 фоизи)  60 дан юқори ёшдадир.

Сайловларда жами 253 минг 492 нафар вакил иштирок этиши белгиланиб, шундан, 190 минг 272 нафари (75,1 фоиз) иштирок этди. Воҳамиздаги 22 та бошқа мамлакатлар билан чегарада жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларига ҳарбий соҳадан хабардор, Қуролли Кучлар сафида хизмат қилган, қўшни давлатлар қонунчилиги ва фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш қоидаларини биладиган, турли миллат ва дин вакиллари ўртасида обрў-эътиборга ҳамда аҳолини сафарбар эта олиш кўникмалари эга бўлган шахслар сайланишига эътибор қаратилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo