Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • 82 километрлик Яккабоғ-Қарши магистрал сув қувурини франциялик мутахассислар барпо этади

Темур НИЗОМОВ

27.10.2022


82 километрлик Яккабоғ-Қарши магистрал сув қувурини франциялик мутахассислар барпо этади

Қашқадарё ва дунё

"Ўзсувтаъминот" акциядорлик жамияти ва "Eiffage Génie Civil" компанияси (Франция) ўртасида "Яккабоғ-Қарши магистрал сув қувурини қуриш ҳамда мавжуд сув тақсимлаш иншоотларини реконструкция қилиш" лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

"Ўзсувтаъминот" АЖ расмий сайтида хабар берилишича, мазкур келишувга Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари, "Ўзсувтаъминот" АЖ бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаров бошчилигидаги делегациянинг Францияга қилган ташрифи чоғида эришилди.

Меморандум шартларига кўра, "Eiffage Génie Civil" компанияси    лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китобини ишлаб чиқиб, Яккабоғ-Қарши  йўналишидаги 82 километр магистрал сув қувури ҳамда тўртта 10 минг метр куб ҳажмли сув сақлаш иншоотларини қуриш учун барча зарурий чораларни кўради. Келишувга асосан лойиҳани амалга ошириш учун Франциянинг Молия вазирлиги томонидан 123,2 миллион евро миқдорида имтиёзли кредит ажратилади, у 40 йил муддатга 15 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 0,097 фоиз ставкаси бўйича тақдим этилмоқда.

"Eiffage Génie Civil"  компанияси офисида ўтказилган учрашув давомида Ўзбекистондан ташриф буюрган делегация аъзолари "Яккабоғ - Қарши магистрал сув қувурини қуриш ҳамда мавжуд сув тақсимлаш иншоотларини реконструкция қилиш" лойиҳаси доирасида бугунги кунга қадар олиб борилган лойиҳаолди изланишлар, уни молиялаштириш модели ҳамда  франциялик ҳамкорлар томонидан қўлланилаётган илғор технологиялар ва мазкур компания иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишдилар.

Маълумот учун: "Eiffage Génie Civil" компанияси бундан 30 йил аввал таъсис этилган "Eiffage" компаниялар гуруҳининг "Infrastructures" бўлинмаси таркибий қисми ҳисобланиб, саноат ва фуқаролик қурилиши, транспорт инфратузилмаси, сув таъминоти станциялари ва чиқиндиларни тозалаш иншоотлари, гидротехника қурилмаларини лойиҳалаштириш ва бунёд этиш ҳамда яна бир қатор жабҳаларда фаолият кўрсатади. Унинг мутахассислари иштирокида Францияда Пьер Моруа стадиони, Иври-Париж XIII чиқиндиларни қайта ишлаш маркази, Сена Авал оқова сувларни тозалаш станцияси ва бир қатор автомагистраллар, шунингдек, Кот-д'Ивуарда Сингробо-Ахуати гидроэлектрстанцияси, Мавритания ва Сенегалда Гранд Торту-Ахмейим кони газ терминали, Колумбияда Пуэрто Антиокия бандаргоҳи каби кўплаб йирик объектлар лойиҳалаштирилган ва қурилган.

Темур НИЗОМОВ

Report typo