Гап шундаки, ушбу фармонга мувофиқ, 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахслар ва 2018 йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллангани учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахсларнинг солиқлари, пенялари, молиявий жарималари ва суд харажатлари бўйича ҳисобланган қарзларидан воз кечилиши белгиланган.
Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда ҳам зарур чоралар кўрилмоқда. Жумладан, воҳамизда бир муддат тўхтаб қолган тадбиркорлик фаолиятини қайта тиклаган ва давлат рўйхатидан ўтган ҳолда фаолиятини давом эттираётган 89 нафар тадбиркорнинг 741 миллион 500 минг сўмлик солиқ қарзлари ҳисобдан чиқарилди. Хўш, бу енгиллик ишбилармонларга нима берди? Бу борада уларнинг фикрлари билан қизиқдик.
- 2015 йилда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйгандим. Ёш ва тажрибасизлигим туфайли бизнеснинг илк йилларида ишим унча ривожланмади, - дейди Қарши шаҳрилик Асқар Усмонов. - Натижада бу ишдан бироз кўнглим совиди. Тадбиркорлик билан шуғулланишдан ўзимни бироз четга олдим. Лекин фаолиятимни расман тўхтатмаганим учун солиқлардан 1 миллион 300 минг сўм қарздорлик пайдо бўлди. Қарзни тўласам, янги ишни қандай бошлашни ўйлаб юргандим. Бироқ бунга юрак урмай турганди. Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон айни муддао бўлди. Барча қарзларимдан кечишди. Энди бемалол иш бошлайман.
- Бир неча йилдан буён савдо фаолияти билан шуғулланаман, - дейди Қарши шаҳрилик Байрамали Тўйлиев. - Айрим қийинчиликлар сабаб солиқлардан 6 миллион 150 минг сўм қарз бўлиб қолдим. Албатта, бу катта сумма. Уни тўлашга қўлим калталик қилаётган эди. Давлатимиз томонидан қарзларимдан кечилгани мен учун кутилмаган янгилик бўлди. Энди тадбиркорлик фаолиятимни давом эттириб, юртимиз ривожига ҳиссамни қўшаман.
Қайд этиш керакки, бугунги кунда вилоятда Президент фармонига асосан, қатъий белгиланган солиқ ва молиявий жарималар бўйича қарздорлигини ҳисобдан чиқаришга номзод якка тартибдаги тадбиркор (фуқаро)лар сони 5 минг 591 нафарни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, қарздан воз кечилиши учун мазкур шахслар 2019 йил 1 январга қадар муддатда тадбиркорлик фаолиятини тиклаши ёки давлат рўйхатидан ўтган ҳолда фаолиятни давом эттириши лозим бўлади.
Фирдавсий ЖАББОРОВ,
вилоят давлат солиқ бошқармаси шуъба бошлиғи