Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ҲАҚИҚИЙ ЖАСУРЛИК МАҒЛУБ БЎЛИШНИ ОЛДИНДАН БИЛА ТУРИБ КУРАШИШДАН ҚЎРҚМАСЛИКДИР

Б.САЙФИЕВ

15.06.2023


ҲАҚИҚИЙ ЖАСУРЛИК МАҒЛУБ БЎЛИШНИ ОЛДИНДАН БИЛА ТУРИБ КУРАШИШДАН ҚЎРҚМАСЛИКДИР

Сараланган сатрлар

Мазкур китоб "Энг яхши бадиий китоб учун" Пулитцер мукофоти соҳиби. ВВС талқинига кўра энг яхши 200 китоб рўйхатининг илк ўнталигидан жой олган. "The Quill Book Awards" ғолиби. "The Guardian" нашри талқинига кўра инглиз тилида ёзилган энг яхши 100 китоб рўйхатидан жой олган. ВВС томонидан энг кучли руҳлантирувчи 100 китоб рўйхатига қўшилган.

Гап америкалик таниқли ёзувчи Ҳарпер Ли қаламига мансуб "Мазахчини ўлдириш" романи ҳақида бормоқда.

Асарнинг эътиборга молик жиҳати, катталар дунёсига оид воқеалар болалар нигоҳи орқали ёритиб берилади. Мактабга энди қадам қўйган шўх-шаддод қизча ва унинг акаси. Онаси анча вақт олдин вафот этган, отаси Аттикус адвокатлик билан шуғулланади.

Болалар мактабга бораверишдаги уйда яшайдиган, бироқ ўсмирлигида судлангач, қорасини кўрсатмай қўйган Рэдли алвасти ҳақида бир-биридан ваҳимали миш-мишларни эшитишган. Онасининг ўлимига сабабчи, тунда одамларнинг деразасидан мўралайди, мушук ва олмахонларни еб кун кўради - хуллас, "алвасти" деган сифатга жуда мос. Болалар эса уни кўриш учун турли ҳийлаю ҳаракатлар қилиб кўради, ҳатто бас бойлашиб тунда қўрқинчли уйга келишдан тап тортишмайди. Аммо ҳеч бир ҳаракат натижа бермайди.

Ўша орада улар яшайдиган Мэйкомбда кутилмаган ва ғалати ҳодиса рўй беради. Ноҳақ айбланган қора танли Том Робинсон, гарчи унинг айбсиз экани Аттикус томонидан асосли далиллар билан исботлаб берилганига қарамасдан ўлим жазосига ҳукм қилинади. Суд жараёнида болалар илк бора катта ҳаёт ҳақиқати, адолатсизлигига дуч келишади ва Редли алвасти ҳақидаги ваҳималар ортга чекинади. Улар "Алвасти"нинг одамларга қўшилмай қўйгани сабабларини тушуна бошлайдилар.

70-80 йил илгари Американинг Алабама штатида кечган воқеалар, турфа характер, тутумга эга кишилар образи, суд жараёнлари, айниқса, болалар дунёқараши ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

Китоб 2023 йилда "Академнашр" нашриётида ўзбек тилида чоп этилди. "Дунёни ўзгартирган асар" деган таърифга лойиқ ушбу роман нега "Мазахчини ўлдириш" деб номланади? Дунёнинг энг ривожланган, демократия қарор топган давлатида бир одам ўз-ўзидан ўлиб кетаверадими, судлар билганича иш тутаверадими?

Бу ҳақда роман тўла мутолааси асносида билиб оласиз. Ҳозирча диққатга лойиқ лавҳаларни ҳукмингизга раво кўрдикки, сиз учун манфаатли бўлишидан умидимиз бор.

*  *  *

Кэролайн хоним кунни бизга мушуклар ҳақида ҳикоя ўқиб беришдан бошлади. Мушуклар бир-бири билан узоқ суҳбатлар қурар, чиройли кўйлаклар кийиб юрар ва печка остидаги иссиққина уйчада яшар экан. Бутун синф ҳикоянинг Мушук хоним дорихонага қўнғироқ қилиб, қуритилган сичқондан тайёрланган шоколадли дорига буюртма берган жойига келганда кулгидан буралиб қолаёзганди. Кэролайн хонимнинг ип газлама ёки қоп матосидан тикилган йиртиқ-ямоқ кўйлакларни кийиб олган биринчи синф ўқувчилари юришни ўрганган заҳоти далада пахта териши, чўчқахоналарга кириб чўчқаларга емиш бериши ва бадиий адабиётни тушунмаслиги мумкинлигидан хабари йўқ эди, шекилли.

*  *  *

- Агар сен бир осон ҳийлани ўрганиб олсанг, ҳаётда барча одамлар билан осон чиқишиб кетасан. Нарсаларга инсонларнинг кўзи билан қарамасанг, уларни ҳеч қачон тушуна олмайсан.

- Қандай қилиб?

- Уларнинг ўрнига ўзингни қўйиб кўришинг керак.

*  *  *

Сендан болалар бирор нима сўраса, жавоб бер. Гапни олиб қочишга уринма. Бола бола-да, лекин булар уни катталардан кўра тезроқ сезиб қолишади. Гапни олиб қочиш уларни баттар чалкаштиради.

*  *  *

Ҳамма болалар маълум ёшда сўкинишни бошлайди ва бу билан ҳеч кимни ҳайратга сололмаслигини тушунганида бу ёмон одатини ташлайди. Жиззакилик эса ўз-ўзидан ўтиб кетмайди.

*  *  *

Тентакларгина ўз қобилияти билан фахрланадилар.

*  *  *

Одамлар билан тотув яшай олишим учун, аввало, ўзим билан муроса қилиб яшашим керак. Инсондаги кўпчиликка бўйсунмайдиган ягона нарса унинг виждонидир.

*  *  *

Ҳақиқий жасурлик мағлуб бўлишингни олдиндан билсанг-да, курашишдан қўрқмаслигинг.

*  *  *

Билганларингни ҳаммага овоза қилишнинг кераги йўқ. Иккинчидан, одамлар атрофида ўзидан ақллироқ одам бўлишини ёқтирмайди. Бу уларни жазавага солади.

*  *  *

Инсонлар ҳатто ўзлари сезмаган ҳолда бир-бирини  таҳқирлашади, мана, нимага йиғлаш керак. Оқ танлилар қора танлиларни таҳқирлашади, улар ҳам одам-ку деб ўйлаб ҳам кўришмайди, мана нимага йиғлаш керак.

*  *  *

Ҳақиқат шуки, айрим қора танлилар ёлғон гапиради, айрим қора танлилар ахлоқсиз, айрим қора танлилар - хоҳ қора танли, хоҳ оқ танли бўлсин - аёллар учун хавфлидир. Аммо маълум бир ирқ ҳақида эмас, балки бутун инсоният ҳақида шундай дейиш мумкин. Ушбу суд залида умрида бирор марта бўлса ҳам ёлғон гапирмаган, бир марта бўлса ҳам ахлоқсизлик қилмаган инсонни топиб бўлмайди ва дунёда бир марта бўлса ҳам бирор аёлга ҳирс билан қарамаган эркак йўқ.

*  *  *

Педагоглар зеҳни паст, ялқов ўқувчиларни қобилиятли ўқувчилар билан бараварига синфдан синфга кўчирмоқда, негаки ҳамма тенг қилиб яратилган эмиш, қолоқ ўқувчилар синфда қолса, ўзларининг ноқобиллигидан қаттиқ азият чекар эмиш. Ҳаммамизга аёнки, бизни ишонтирмоқчи бўлаётганларидек инсонлар бу маънода тенг яратилган эмас: айрим инсонлар қолганлардан ақллироқ, баъзилар қолганларга қараганда кўпроқ имконият билан туғилган, айримлар бошқалардан кўра кўпроқ пул ишлаб топади, баъзи аёллар бошқа аёлларга қараганда мазалироқ ширинлик пиширади, хуллас, айрим инсонлар қолганларга қараганда қобилиятлироқ бўлиб туғилади.

*  *  *

Маслаҳатчилар айблов ҳукмини чиқарган бўлса, ҳеч қачон судланувчига қарамайди.

*  *  *

- Одамларнинг устидан кулишдан  бошқа иш қўлимдан келмайди, шунинг учун бирор циркка қўшилиб олиб, ичагим узилгунча уларнинг устидан кулиб юраман.

- Сен адашяпсан, Дилл, - деди Жем. - Масхарабозлар ўзи ғамгин бўлади, одамлар эса уларнинг устидан кулади.

*  *  *

Доим ўзинг билан қурол олиб юриш сени кимдир отиб қўйишини истаётганингни англатади.

*  *  *

Адолат ҳукм суриши, инсонларнинг рангидан қатъи назар барчага бир хил муносабат бўлиши керак бўлган судга маслаҳатчилар қотиб қолган қарашлари, шахсий гиналари билан келишади. Улғаяр экансан, оқ танлилар қора танлиларни ҳар қадамда алдашларини, уларга нисбатан ноҳақлик қилишларини кўра бошлайсан. Аммо сенга ҳозир бир гап айтаман, уни ҳеч қачон унутмагин - қора танлига шундай муносабатда бўлган ҳар қандай оқ танли инсон, ким бўлишидан қатъи назар, хоҳ у бой бўлсин, хоҳ зодагон, тубан кишидир.

*  *  *

Аттикуснинг айтишича, биз дўстларимизни танлашимиз мумкин, аммо қариндошларимизни танлай олмас эканмиз. Уларни қабул қилсак-қилмасак, бизнинг қариндошимиз бўлиб қолаверар экан, уларни қабул қилмаслик тентаклик эмиш.

*  *  *

Мен бир марта ундан нега Ҳитлерни бунчалик ёмон кўришини сўраганимда:

- Чунки у қутуриб кетган, - деди.

Йўқ, бундай бўлмайди, таажжубланардим мен бутун синф масала ечар экан. Қутурган одам битта, немислар эса миллионта. Менимча, улар ўзларини қамашига йўл қўймай Ҳитлернинг ўзини осонликча қамаб қўя оладилар. Бу ерда қандайдир чалкашлик бор.

*  *  *

Агар ҳамма вақт ҳиссиётимизга таяниб иш қилганимизда, уйдан чиқмай шифтга тикилиб ётишимизга тўғри келарди.

*  *  *

Илк беш центимизни қўрқинчли хонага ишлатдик, лекин умуман қўрқмадик: еттинчи синфнинг қоронғи хонасига кирдик, вақтинча у ерда ўтирган вампир бизга инсон танасининг ҳар хил қисмлари деб ҳар хил нарсаларни ушлаб кўришни буюрди.

- Мана одамнинг кўзи, - деди у бизга идишдаги арчилган икки дона узумни ушлатиб.

- Бу эса унинг юраги, - деди у хом жигарга ўхшаган нарсани бизга бериб.

- Булар эса унинг ичак-човоқлари, - деди у қўлимизга бир тарелка совуқ спагеттини ушлатиб.

*  *  *

Одамлар одатларидан ноодатий ҳолатларда ҳам воз кечмайдилар.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo