Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ш.БОЗОРОВА

28.12.2016


АҲИЛЛИКДА ҚУТ-БАРАКА, ҲИКМАТ КЎП

 

Дарҳақиқат, миллатлараро, конфессиялараро, маданиятлараро ва тиллараро бағрикенглик – ўзбек  халқининг ўзига хос тарихий хусусияти. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти таъбири билан айтганда, бошқа миллатларнинг вакилларига нисбатан кенгфеъллилик ўзбекларда шу қадар ривожланганки, уларнинг маданияти ҳамда руҳиятининг ажралмас қисмига айланиб кетган.

- Жонажон Ўзбекистонимиз юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар учун ягона Ватандир, - дейди Қизил Ярим Ой жамияти Қамаши туман бўлинмаси ижрочи директори Валентина Баҳодирова. - Беларусь ёзувчиси Георгий Скориннинг шундай сўзлари бор:  “Одамлар қаерда туғилиб, парвариш топсалар, ўша жойга чексиз меҳр қўйган бўладилар”. Дарҳақиқат шундай. Ўзбекистон - бизнинг уйимиз. Шу муқаддас заминда туғилдим, вояга етдим, бундан мамнунман. Мактабда ўқитувчи, болалар боғчасида мудира, Қамаши Меҳрибонлик уйида директор  бўлиб ишладим. 76 ёшга кирдим, бу Ватанда ҳеч ким мендан меҳр-муҳаббатини дариғ тутгани йўқ. Шу ерда қадр топдим. Ўз ўрнимга эга бўлдим. Шундай экан, бу Ватанни ҳеч нарсага алмаштириб, қиёслаб бўлмайди. Бундай Ватаннинг қадрига етмоқ, тупроғини кўзга тўтиё қилмоқ керак.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, ҳозирги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари якдил, аҳил бўлиб яшаётгани, ҳар бир инсоннинг ҳаётий манфаатлари ҳамда эзгу мақсадлари рўёби учун тенг ва кенг имкониятлар яратиб берилгани алоҳида эътирофга ҳамда ибратга лойиқ.

Бағрикенглик давлат ҳамда жамият тараққиётининг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Айниқса, ҳозир дунёда кузатилаётган таҳликали ва мураккаб бир шароитда унинг аҳамияти, қадр-қиммати тобора ортиб бормоқда. Қувонарлиси, юртимизда миллатлараро муносабатларнинг шаффофлиги ва барқарорлиги тинч, осойишта ҳаётимизда, барча соҳада қўлга киритилаётган салмоқли ютуқларимизда ўз ифодасини топмоқда.

- Миллатим осетин, - дейди Қарши шаҳрилик Лариса Нурышбоева. – 1976 йилда турмуш ўртоғим Турдимурод Нурышбоев билан шу ерга кўчиб келдик. У Қарши чўлини ўзлаштиришда самарали меҳнат қилди. Ўзим эса 2003 йилгача турли ташкилотларда иқтисодчи лавозимида ишладим ва нафақага чиқдим. 2004 йилда маҳалладошларим менга ишонч билдириб, Шодлик маҳалла фуқаролар йиғинида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимига сайлашди. 12 йилдирки, мана шу лавозимда ишлаб келаяпман. 40 йилдан буён шу юртда яшаб,  фақат яхшилик кўрдим. Қўшнилар билан жуда аҳил яшаймиз. Тўй-маъракаларни, байрамларни биргаликда ўтказамиз. Энг асосийси, тинч ва осуда мамлакатда улкан яратувчанлик ишқи билан яшаётганимиз, энг тоза, беғубор, самимий орзулар ҳавоси билан нафас олаётганимизнинг ўзи бизга қанот бағишлаяпти, шукроналар қилаяпмиз.

Бағрикенг одамлар орасида яшаб келаётган Игорь Ко ҳозир икки нафар фарзанднинг отаси. Оиладаги муҳит, туриш-турмуш, муомалаю тутумлар – ҳаммаси ҳақиқий ўзбекона. Фарзандларининг исми ҳам ўзбекча - Азиза ва Асилбек. Бу турмуш ўртоғи Нигорахон ва унинг юрти, юртдошларига бўлган ҳурматнинг бир ифодаси. 

-  Ҳаётда яхшилик ва ёмонлик ҳам, соғлик ва хасталик ҳам бир синов эканлигини ҳар бир киши англаб яшаши керак, - дейди Қарши “Мурувват” болалар интернат уйи тарбиячиси Игорь Ко. – Шукурки, мен бу юртда фақат яхшилик, омонлик кўрдим. Бошқалардан камим йўқ. Бахтим бутун. Мана шу юртда ҳар қандай вазиятда ҳам иймони бут, эътиқодига собит одамларни кўп кўрдим, уларга ҳавас қилиб яшадим. Ўз ҳаётимдаги қийинчиликларни енгишда ҳам ана шундай яхши инсонлар тажрибалари ибрат бўлди. Мен бугун Ўзбекистон фарзандиман, дея   фахрга тўлиб айтаман. Шу юрт, шу халқ менга бахт берди, муҳаббат берди. Хизматларимни эътироф этди. 2006 йилда Президент фармонига асосан “Жасорат” медали билан тақдирландим.

Ҳа, кўп миллатли юртимизнинг кичик бир бўлаги Қашқадарёда яшаётган инсонларнинг орзу-ўйлари, мақсадлари муштарак. Одамлар чеҳрасида балқиб турган шукрона, обод уйлардаги фаровон турмуш ҳам шундан далолат бериб турибди. Зотан, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Бизнинг кейинги йилларда эришган энг катта ютуғимиз - бу умумий хонадонимизда қарор топган тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувликдир. Одамларимиз  тафаккурида бу қадриятнинг беқиёс аҳамиятини англаб етиш туйғуси тобора юксалиб бормоқда”.

Ш.БОЗОРОВА

Report typo