Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

02.10.2017


ҲАҚҚИН АДО ЭТМАККА ЮЗ ГАНЖ-ДА ОЗ

Шогирд, ўқувчи бамисли ишлов берилмаган соф модда, ўқитувчи, мураббий эса бу моддани мукаммал бир шаклга келтирувчи уста кабидир. То мақсад қилинган шакл юзага келгунига қадар уста қанчалик машаққат чекса, бир шогирдни камолга етказгунча устоз ҳам шунчалик ранж чекади. Уста чеккан машаққатга балки вужудга келган маҳсулотга қараб баҳо берса бўлар. Аммо устоз чеккан ранжнинг баҳосини белгилаб, ҳаққини эса юз ганж билан ҳам адо этиб бўлмайди. Зеро, у Инсонни тарбиялайди, унга таълим беради.

Қадимдан халқимиз маърифатга, зиёга интилган миллат сифатида зиё тарқатувчилар - ўқитувчиларга алоҳида эҳтиром билан қарагани биргина иборадан ҳам маълум: болани илк марта мактабга етаклаб келган ота-она уни мураббий қўлига топширар экан, "эти сизники бўлсин, суяги бизники", деган. Ота-она фарзандга сабаби вужуд бўлди, ўстирди, билганича тарбиялади, аммо боланинг келажакда улар орзу қилган мукаммал бир инсон бўлиши учун ўқитувчига эҳтиёж бор: у боланинг руҳияти, маънавиятини юксалтириши, ҳақ йўлида ҳарф танитиши керак. Бу йўлда бола балки қийналар, озиб-тўзар, кам ер, кам ичар, кам ухлар, мушкулликлар кўрар - буёғи устозига ҳавола, аммо охирида яхши одам бўлсин. Ота-боболаримиз бу йўлда  ўқитувчига ишонганлар, бу ишонч унинг мақомини янада юксалтирган. Ўқитувчиларни жамиятнинг энг ҳурматли қатламига айлантирган.

Барча замонларда ҳам  илғор фикрли жамиятда ўқитувчи-мураббийнинг ўрни юқори, қадри баланд. Хусусан, бизнинг юртимизда ҳам бу касб эгалари эҳтиромга муносиб. Ҳар йили 1 октябрь мамлакатимизда Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида байрам қилинади. Байрам арафасида ўз фаолиятида  бошқаларга ўрнак кўрсатган фидойи касб эгалари мамлакатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланиши анъанага айланган. Жорий йилда ҳам касб байрамлари арафасида муносиб эътироф этилган бир гуруҳ ўқитувчи-мураббийлар орасида вилоятимизнинг 8 нафар вакили борлиги қувонарли. Шулардан бири - "Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси" фахрли унвонига сазовор бўлган Назокат Воҳидова касбидан эъзоз топиб келаётганлардан.

- Иш фаолиятимга 31 йил тўлди, - дейди Назокат Воҳидова. - Ҳозирда Шаҳрисабз туманидаги 78-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаб келмоқдаман. Мендай оддий қишлоқ мактаби ўқитувчисининг озгина меҳнати шундай юксак эътирофга муносиб кўрилганидан ғоятда бахтиёрлик сездим. Бу унвон менинг елкамга янада катта масъулият юклади. Шу билан бирга, меҳнат рағбат топадиган шундай юртда яшаётганимдан фахру қувонч туйдим.

Назокат опа ўқитувчилар сулоласи вакиласи. Бобо-момоси ўз даврининг домла-отини бўлганини айтади. Отаси Шариф Воҳидов мактабда математикадан дарс берарди, онаси Каромат Ражабова эса бошланғич синф ўқитувчиси эди. Оиладаги муҳит 8 фарзандни маърифатга ошно, адабиёт-санъатга ҳавасманд руҳда тарбиялади. Мактабда ўқиб юрган кезларида ака-сингил Воҳидовлар оилавий ансамбль ташкил этишган, байрам тадбирлари улар иштирокисиз ўтмасди. Бугун эса тумандагилар уларнинг бирини тарихчи ва шоир, бошқасини ижодкор ўқитувчи, боғча тарбиячиси, маҳалла маслаҳатчиси ва умуман, зиёли сифатида яхши билишади, ҳурмат қилишади.

Назокат Воҳидова Низомий номидаги Тошкент давлат   институтини тамомлаб, Шаҳрисабз педагогика билим юрти (ҳозирги Шаҳрисабз  педагогика коллежи)да иш бошлади. 7 йил давомида педагогика-психология йўналишида ёшларга сабоқ берган Назокат опа ўша йиллардаёқ ўз салоҳияти, билими билан қатор ютуқларга эришди. Оддий ўқитувчиликдан методист-ўқитувчи даражасига кўтарилди. Ҳамкасбларига дарс     методлари бўйича тавсиялар тузишда етакчи мутахассисга айланди. Шаҳрисабзнинг Ҳазора қишлоғидан Шакартери қишлоғига келин бўлиб тушгач, 3 йилча қўшни қишлоқдаги  31-мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлади. Сўнг Шакартеридаги 78-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси сифатида фаолиятини давом эттирди.

- Институтнинг психология-педагогика йўналишини тамомлаганим учун ўқувчилар билан тил топишишим қийин кечмади, - дейди Назокат опа. - Бошланғич синф таълимнинг энг асосий босқичи. Шунинг учун айнан шу синфларда дарс беришни истадим ва қайта тайёрлов курсларидан ўтиб, бошланғич синф ўқитувчиси сифатида ишлай бошладим.

Назокат опа ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашиб, синфдаги ҳар бир болага алоҳида эътибор қаратади. Болаларга қийин туюладиган мавзуларни осон йўл билан тушунтиришга ўрганган. Шу билан бирга, таълим билан тарбиянинг ўзаро узвий боғлиқлигини дарслари мобайнида сира назардан қочирмайди.

- Ўқиш дарсида "Халқ қўшиқлари" мавзусини ўтдик, - дея эслайди у. - Алла ҳақида тўхталиб, унинг нима учун айтилишини болаларга тушунтирдим. Сўнг уйга вазифа қилиб, ҳар ким ўз онаси айтган аллани ёзиб келишини топширдим. Эртасига бир қизалоқ "мен уй вазифасини бажара олмадим, устоз, онам менга ҳечам алла айтмаган эканлар", деди-да, баҳо ололмаслигидан хафа бўлиб, йиғлаб юборди. Шунда ғалати вазиятга тушиб қолдим: ахир, унга онанг она бўла туриб, ҳеч алла айтмаганми, дея олмайман-ку! Бироз ўйладим-да, "майли, унда бугун сенга мен алла айтиб бераман, ўқитувчи ҳам онадай гап", дедим-да, бир вақтлар ўзим тўқиган аллани айтиб бердим. Сўнг ўша ўқувчим шу аллани ёзди ва гўё ўз наздида вазифани аъло даражада бажарди. Бундай қилганимнинг сабаби фақат болани овутишгина эмасди. Унда вазифани бажара олишига ишонч уйғотишим,  бунинг учун кўмак беришим керак эди.

Бундай кичикдай кўринадиган, аммо ўқитувчи учун муҳим саналган воқеалар унинг иш фаолиятида кўп учрайди. Ҳар бир мавзуни ҳаётга боғлаб, оила, уй ишлари, дўстлар   билан муносабат мисолида  тушунтиришга уринади.

- Чақимчилик қанчалик ёмон одатлигини болага тўғри сингдириш учун чақадиган ҳашаротлар суратини чизганман, сўнг булар бир-бирини чаққанини кўрганмисиз, деб сўраганман. Болалар кўрмаганликларини айтишган. Мен эса хулоса ясаганман: демак, чақадиган ҳашарот ўз биродарини чақмайди, унда нега одам бошқа одамни чақиши керак экан? Бола ундан ўзига керакли хулосани тез чиқаради, - дейди ўқитувчи.

Ўқитувчининг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир гапи ўқувчи учун ибрат эканлигини чуқур англаган Назокат Воҳидова ўқувчилари дунёси билан яшайди. "Ҳар куни эрталаб мактабга отланаётганимда дарвоза тақиллашига ўрганиб қолганман, - деб кулади у. - Чунки уйимиз атрофида яшайдиган ўқувчиларим ҳар куни мен билан бирга мактабга боришга одатланишган. "Устоз, биз келдик, кетамизми?" деб туришади. Менимча, шунинг ўзи ўқитувчи учун катта бахт.

Устоз мактабда олиб бораётган фаолиятнинг бир учи психолог вазифасига боғланган. Бир вақтда шу вазифани ҳам адо этиб келаяпти. Мактаб психологининг асосий иши болаларнинг мактабга меҳрини ошириш, уларнинг руҳиятига назар солиб, ўқитувчиларга яқин кўмакчи бўлишда, деб билади. Дарвоқе, ижодкор ўқитувчи сифатида у ўқувчилари билан бирга турли ижодий танловларда ҳам фаол қатнашади. "Ўзбекистон - ватаним маним" қўшиқлар танловида сўзини ўзи ёзиб, куйга  солган қўшиқлари билан доимий равишда муваффақиятли қатнашиб келади. Таълимдаги узоқ йиллик самарали меҳнатлари эътироф этилиб, 2011 йилда "Шуҳрат" медали билан тақдирланган Назокат опа навбатдаги юксак мукофотни жамоасининг ютуғи деб билади. Хурсандчилигини ҳам энг аввал ҳамкасблари, ўқувчилари билан бўлишди. Бугунги кунда 30 нафарга яқин ўқитувчи фаолият кўрсатаётган, 180 нафар ўқувчи таълим олаётган мактабда унинг ўз ўрни бор.

- Мен ўзимни ҳар жиҳатдан бахтиёр аёл деб биламан, - дейди Назокат Воҳидова.  - Турмуш ўртоғим билан оилада 3 фарзандни тарбиялаб, вояга етказдим. Тўнғич қизимни турмушга берганман, 3 нафар неварам бор. Ўғлим билан кенжа қизим олий ўқув юрти талабаси, ҳар иккиси пойтахтимиздаги университетларда ўқишади. Айниқса, қизим Навбаҳорнинг шу йил грант асосида Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультетига ўқишга кирганидан жуда севиндим. Насиб этса, у ҳам сулоламиз давомчиси сифатида касбимни давом эттиради.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов "Юксак маънавият - енгилмас куч" асарида таъкидлагани каби дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг улуғи, энг шарафлиси ўқитувчиликдир. Шу шарафли касбдан эъзоз топиб келаётган, умрини миллат фарзандларининг камолига бахшида айлаганлар меҳнати ҳаққин адо этмакка чиндан-да юз ганж ҳам оз...

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Report typo