Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

30.03.2021


АҚЛ ҚУВВАТИ БЎЛМАСА, ИНСОН ҲАЙВОНЛАРНИНГ ЭНГ ОЖИЗИГА ҲАМ БАС КЕЛОЛМАСДИ

Сараланган сатрлар

Китоб тўла жавон ўз бағрига не-не сирларни жо этмаган, дейсиз.  Ҳар гал ишдан қайтарканман, кўп қаватли уйнинг учинчи поғонасидаги хонадон балконидан кўзга ташланадиган китоблар сирли тилсим каби ўзига жалб қилаверарди. Бўлмаса денг, ёнгинамизда 60-70 минг фондга эга катта кутубхона - истаган адабиётингизни топиб ўқишингиз мумкин, аммо шахсий кутубхоналардан шундай ноёб, ҳеч қаерда топилмас китоблар чиқиб қоладики, бундай вақтларда тилла топган тентакнинг ҳолига тушасан беихтиёр...

Ажойиб кунларнинг бирида ўша шахсий кутубхона билан танишиш имкони туғилди. Китоблар эгаси ҳисоб-китоб соҳасида ишлаган, шу боис асосий манбалар математикага оид эди. Шунинг баробарида тиғиз терилган қўлланмалар орасидан Ибн Синонинг "Тиб қонунлари", Мирзо Улуғбекнинг "Тарихи арбаъ улус", Берунийнинг "Қонуни Масъудий" номли катталиги энциклопедиядек ноёб асари билан бирга "Минералогия", яъни "Жавоҳирот китоби"дан жамланган "Тарвиҳалар" номли кичик китоби ҳам топилдики, ўша пайтдаги ҳайрат миқёсини китобнинг ҳидидан маст бўлиб қоладиганларгина тушунади...

"Тарвиҳалар"ни мутолаа қила туриб, бундан нақ минг йил илгари яшаб, тафаккури чегараси бу олам кенгликларидан ошиб коинот аро кезиб юрган аждодимиз нақадар буюк шахс бўлганига ишонч ҳиссини туйдим. Кўп ҳолда жаҳон адабиёти, авангард, модерн, постмодерн деб айюҳаннос соламизу, оёғимиз остидаги хазиналарни тепкилашдан нарига ўтмаймиз, қадрини билмаймиз - чунки ўқимаймиз, ўқимаганмиз.

Майдан сархуш бўлиб дунёни унутган аҳмоқлар даврасида бўлсанг, табиийки, уларнинг нуқси урмаслиги мумкин эмас - ҳеч бўлмаса, кийимингга майнинг ҳиди уриб қолади. Донишмандлар даврасида бўлсанг, ҳечқурса ёдингда бир ҳикмат қолади. Эҳтимол бу ҳикмат бутун умрга арзигуликдир?! Бундай даврада бўлишнинг энг яхши йўли эса минг йиллар оша яшаб келаётган китобларни ўқиш, десак бўрттириш эмас.

Шундай экан, ўқинг, танлаб, саралаб ўқинг. Шов-шув қилиниб, зўрма-зўраки тиқиштирилаётган бестселлерларни эмас, дунё тан олган мутафаккирлар асарларини ўқинг. Қуйида саралаган сатрларимиз бу борада ўзига хос ундов бўлишига умид қиламиз.

* * *

Гарчи ҳайвонларда сезги бирор нарсани тутиш ва эҳтиёткорлик қилиш учун "айғоқчи" қилиб яратилган бўлса-да, албатта, инсон нави барча ҳайвонлардан устундир. Чунки у ўзининг ақл қуввати билан шарафлидир. Ҳатто инсон шу ақл қуввати борлиги туфайлигина иззат-икром қилинди ва ерда ободончилик қилишга, сиёсат ўрнатишга ўринбосар қилинди. Шунинг учун ҳайвон истар-истамас инсонга итоат эттирилди. Натижада у инсон манфаатлари учун кеча-кундуз бўйсуниб, хизматини қиладиган бўлди.

Агар шундай бўлмаганда эди, инсон ҳайвонларнинг энг ожизига ҳам қарши келолмасди.

* * *

Неъматнинг қадри у йўқолгандан кейингина билинади. Шунинг учун бу хосса (яъни эшитиш)нинг фазилати ҳам кар-соқов одамда бу нарсанинг йўқлиги билан (қаттиқ) билинади. Бордию, соқовни кўр одам билан қиёс қиладиган бўлсак, кўзнинг йўқлиги фожеийроқ ҳисобланади.

* * *

Ҳаёт қийинчиликлари, маишат машаққатлари олтин ва кумуш воситаси ила осон қилингач, кўнгиллар улар муҳаббатига ўралаб, қалблар уларга мойиллик пайдо қилди... Шу йўсинда одамлар уларни йиғишга ва кўпайтиришга ортиқча ҳирс қўя бошлади. Шу билан олтин ва кумушнинг одамлар шарафи ва баҳосида тутган ўринлари табиий ва қонуний сувратда эмас, балки шартли ва келишиш асосида юксалди.

Зотан бу иккаласи тош бўлиб, одамни очликдан тўйғиза олмайди, ташналикни қондиролмайди, зарарни тўсолмайди, машаққатдан қутқара олмайди. Гавдани тиклашга ғизо сифатида фойдаси тегмаган ва унинг турини боқий қолдиролмаган, кийим бўлиб бошқа одамларнинг унга кўрсатадиган ёмонликларидан уни асрай олмаган, иссиқ-совуқ қийинчиликларидан сақлай олмаган ва пана ер сифатида сақланишга ёрдам бера олмаган ҳар бир нарса табиатан, мақтовга сазовор эмас.

* * *

Денгизда сафар қилган бир кишининг ҳикоя қилиб беришича, шамол уларнинг кемасини йўлдан уриб, бир оролга элтиб қўйган. Кейин улар ўша ерда тўхташган. Ҳалиги киши бошқалар қатори кемадан оролга чиққан. У ўша ороллик бир одамдан ўзига керакли бир нарсани сотиб олмоқчи бўлиб, унга ёнидан динор чиқариб берган. Ороллик киши динорни олиб, у ёқ-бу ёғини ағдариб кўрган, ҳидлаган, татиб кўрган. Шунда динордан ўз сезги аъзоларида бирор фойдали нарса ёки маза кўрмагач, уни эгасига қайтариб берган. Фойдаси кўриниб турган нарсани у ҳеч қандай фойдаси бўлмаган нарсага алмаштириш ярамайди, деб билган.

* * *

Бир улуғ қабилага мансуб киши ота-буваларини пеш қилиб, Амир Исмоил ас-Сомонийга мурожаат қилиб хат ёзибди. Шунда Исмоил унинг хатига бундай жавоб берибди:

"Аждодинг шуҳратига суянма, ўзингга ўзинг шуҳрат топ".

* * *

Бир шоир бундай деган экан:

"Эрталаб нонуштасини қилиб, кечқурун шомлигини ичиб юрганни марди майдон деёлмаймиз.

Марди майдон шундай одам бўладики, эртаю кеч душманга зарару дўстга фойда келтиради".

* * *

Одамлар ўрганган, одатланган ва кўпчиликка маъқул бўлган нарсага (кўр-кўрона) қаршилик кўрсатма.

* * *

Тўғри йўлдан атайлаб энг узоқ йўлга ўтиш жуда зўр хатодир.

* * *

Тенглик ҳукм сурган жойда сотқин, алдамчи эҳтирослар, ғам-ғусса бўлмайди.

* * *

Ҳар бир илм ва санъатнинг бориб тақаладиган бошланиш жойи бор. Шу бошланиш жойига яқинлашган сари, то ўзига бориб етгунча соддалашиб боради.

* * *

Одамлар билмаган нарсаларига душманлик кўзи билан қарайдилар.

* * *

Билмаганлигимиз сабабли билган нарсаларимизни айтмай қўйишимиз ҳам яхши эмас.

* * *

Юнон файласуфлари авом халқ учун эмас, балки юқори табақалар учун усул ва қоидалар ишлаб чиққанлар.

* * *

Эҳтимол, мамлакатлари бизнинг мамлакатимиздан узоқ миллатнинг бизга етиб келмаган ёки (кейинчалик) ишлатилмай қолган тарихлари (эралари) бордир. Масалан, эронликлар маъжусийлик замонларида подшоҳларнинг тахтга чиқишидан бирин-кетин (янги) тарих бошлардилар. Подшоҳларининг бири ўлса, унинг тарихини қўйиб, ундан кейин бўлганнинг тарихига кўчардилар.

* * *

Одам бўйининг кичиклиги сабабли ернинг шарлиги сезилмайди, деган сўз тўғри эмас. Чунки одам бўйи баланд тоғ қадар бўлса ҳам бир жойда туриб, ер устига қарасаю, жойдан жойга кўчиб, ердаги бор турли ҳолатларни бир-бирига солиштириб қарай олмаса, ундай узун бўй ернинг шарлигини билишга ҳам, унинг чегарасини аниқлашга ҳам фойда келтиролмайди.

* * *

Ҳар бир инсоннинг қадр-қиймати ўз ишини қойил қилиб бажаришида.

* * *

"Калила ва Димна" китоби деб машҳур бўлган "Панчатантра" деган китобни имконият топиб таржима қилсам деган орзуйим бор. Чунки у китоб Абдулла ибн ал-Муқаффа каби ўзгартириб юбормасликларига инониб бўлмайдиган кишилар тили билан ҳиндчадан форсчага, сўнгра форсчадан арабчага таржима қилиниб келди. Абдуллоҳ ибн Муқаффа "Калила" китобига (ўзидан) Барзовайҳ бобини қўшди; бундан мақсади динга эътиқодлари кучсиз кишиларни шак-шубҳада қолдириш ва уларни Маннония мазҳабига чақираётганларга зарба бериш эди. (Китобга) боб қўшиб, ишончсиз бўлган киши таржимада ҳам (жумла) орттириб, ишончсиз бўлишдан четда қололмайди.

* * *

Оқил одам абадий қоладиган нафсоний (руҳий-маънавий) ишлар билангина лаззатланади, сезгилар сезадиган моддий нарсалар ҳамда улар келтирадиган лаззатлар ҳақиқатидан бебаҳра бўлган нодон эса кўзини ердаги турли безаклар билан зийнатланган нарсалар ва ғайри нотиқ бўлган тилсиз ҳайвонларнигина хурсанд қиладиган дунёвий гўзалликлар билан безанган нарсаларга тикади. У ўша зийнатланган ердаги нарсаларда ўйнаб-кулади, мулойим жойларда (ҳайвонга ўхшаб) ағанайди, ердаги хушбўйликлардан роҳатланади. Ваҳоланки, ҳақиқатда бу ишларни нутқда ажралиб турадиганлар (яъни ҳайвонлар) бажариши керак эди.

* * *

Авваллари подшоҳлар қудратини ошириб кўрсатишда ҳеч қандай ҳийла бўлмаган.

* * *

Сезувчи ва зарарсиз нарсаларга алам етказишдан лаззат олувчи ҳар бир кишидан худо ўч олсин!

* * *

Улуғ ҳодисалар ҳар вақт юз беравермайди; агар бир даврда юз берса ундан кейинги кишиларга асрлар ва узоқ замонлар ўтгач тарихлар ва бу тарихларнинг бир-бирига уланиши билан етиб келади.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

 

Report typo