IT-технологиялар
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали вилоятимизда IT соҳаси бўйича мутахассислар тайёрловчи етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Ушбу масканда бўлиб, ўқитувчилар, талабалар томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар, қилинаётган ихтиролар, яратилаётган янги технологиялар билан танишсангиз, ўзингизни гўёки келажак технологиялари фабрикасига тушиб қолгандек ҳис этасиз. Масалан, ТАТУ Қарши филиали доценти, техника фанлари бўйича фалсафа доктори, ёш олим Қудратжон Зоҳиров томонидан яратилган, инсоннинг фикр кучи ёрдамида, сунъий интеллект асосида ҳаракатланадиган "ақлли" протезни кўриб, ҳайратланишингиз аниқ. Ушбу протезнинг кўриниши оддий протезлардан фарқ қилмайди. Фақат унга махсус дастурий таъминотга эга сенсор ҳамда сенсор орқали берилган буйруқларни амалга оширадиган механизм ўрнатилган. Протез қўлнинг нуқсонли қисмига, сенсор эса соғ қисмига ўрнатилади. Сенсор инсон миясидаги фикрни мушаклар орқали келаётган электромиография сигнали орқали ўқиб, аппаратга "буйруқ" юборади. Натижада механизм ҳаракатга келади. Содда қилиб айтганда, сиз стол устидаги ручкани олиб, дафтарга ёзмоқчисиз. Шу ҳақда ўйлашингиз билан ручкага қўл узатасиз. Протездаги панжалар эса дарҳол ҳаракатга келиб, ручкани тутади.
- Бундай технологиялар жаҳонда мавжуд, - дейди Қудратжон Зоҳиров. - Бироқ уларнинг дастурий таъминоти, ишлаш механизмлари ва функциядорлиги бир-биридан фарқ қилади. Ушбу турдаги қурилмаларни маҳаллийлаштириш орқали анча маблағ тежалиши мумкин. Айни пайтда мазкур технологияни янада мукаммаллаштириш устида иш олиб бораяпмиз. Шундан сўнг патентлаш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш босқичларига ўтиш мумкин.
Ёш олимнинг айтишича, бундай протезларни юртимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали уларнинг бир неча баробар арзонлаштириш ҳамда ногиронлиги бўлган минглаб одамларнинг ҳаётини анча осонлаштириш мумкин.
Бундан ташқари, Қудратжон Зоҳиров жамоаси билан биргаликда спорт курашида спортчиларнинг ҳаракатларини масофавий таҳлил ва назорат қилиб бориш имконини берадиган технология яратиш устида ҳам иш олиб бормоқда экан. Ушбу лойиҳа доирасида кураш билан шуғулланувчи спортчиларнинг турли усуллар ва техник машқларни бажаришлари давомидаги ҳаракатларини таҳлил қилувчи дастурий восита яратилади. Дастурий восита сунъий интеллект асосида ишлаб, спортчининг жисмоний ҳолати қай даража эканлигини башорат қилади.
Тадқиқотчи мазкур лойиҳа учун 500 миллион сўм миқдоридаги давлат дастурлари доирасидаги грантни ҳам қўлга киритибди.
- Ушбу грант ишимиз учун зарур технологияларни харид қилиш ва изланишларни изчил давом эттиришимиз учун жуда катта кўмак бўлди, - дейди тадқиқотчи. - Айни пайтда бу лойиҳанинг илмий ечимлари устидаги ишларимиз якунланди. Энди дастурий восита ҳамда зарур механизмларни яратишга киришамиз. Йил сўнгига қадар ушбу ишланма устидаги ишларни ҳам тўлиқ якунлаймиз.
Эътиборли томони, ТАТУ Қарши филиалининг бир гуруҳ иқтидорли талабалари ҳам бу борада устозларидан қолишмаяпти.
- Масалан, иқтидорли талабаларимиздан бири Асрбек Сувонов сунъий интеллектга асосланган ўндан ортиқ реал лойиҳа ҳамда дастурларни ишлаб чиқишга эришган, - дейди ТАТУ Қарши филиали "Ахборот таълим технологияси ва гуманитар фанлар" кафедраси мудири, доцент Зебо Яхшиева. - У ҳозирда ўзининг шахсий IT компанияси ва ўқув марказини шакллантириб, 50 дан ортиқ тенгдошига IT соҳасида билим бериб келмоқда. Қувонарли томони, бундай талабаларимиз сони кам эмас.
Зебо Яхшиеванинг қўшимча қилишича, университетнинг иқтидорли талабалари ўзларининг IT соҳасида яратаётган ишланмалари билан турли нуфузли танловларда ҳам иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келишмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг 21-24 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган, соврин жамғармаси 1 миллиард 200 миллион сўмлик "TUIT bright future week" ҳафталигида филиалнинг "IT Start qizlar" жамоаси "Digital Education" йўналишида 1-ўринни эгаллаган бўлса, "TUIT Cyber Games" йўналишида ўғил болалар жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.
Собир НАРЗИЕВ
Муаллиф олган сурат.