Ана шундай кишилардан бири Юсуф Хос Ҳожибнинг "Қутадғу билиг" ("Саодатга йўлловчи билим") асарини ўқиганим билан қизиқиб, раҳбарларнинг чорвадор эл билан қандай муносабатда бўлиши кераклигига оид бобни қайта ўқиб чиқишни тавсия қилган эди. Шу тавсия асосида китобни қайта ўқиб чиққанман. "Туркий Шоҳнома" номи билан шуҳрат қозонган "Қутадғу билиг" асари 1070 йилда ёзилган бўлиб, унда туркий халқлар тарихи, илм-фани, урф-одатлари, маънавияти ва қадриятларига оид маълумотлар берилган.
"Қутадғу билиг"да бугунги давр тили билан айтганда раҳбарлар, давлат хизматчилари қандай бўлиши ва уларнинг зиёлилар, ҳунармандлар, деҳқону чўпонлар каби заҳматкаш инсонлар билан қандай муносабатда бўлиши зарурлигига оид умрбоқий фикрлар ўз ифодасини топган. Асарда инсоннинг камолга етишига тўсқинлик қиладиган ёмон иллатлар, нуқсон ва камчиликлардан биринчи навбатда эл-юрт хизматида бўлган амалдорлар холи бўлиши лозимлиги уқтирилади. Давлат хизматида бўлганлар ишратпарастликка берилиш, кек, гина, адоват, низо, хусумат, фисқу фасод, маиший бузуқлик, хиёнат, мол-дунё кетидан қувиш, манфаатпарастлик, худбинлик, бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқини топташ, тамагирлик каби иллатлардан холи бўлишга ундалади. Бу иллатлар давлат ривожига путур етказиб, жамиятни маънавий қашшоқликка олиб бориши таъкидланади.
Тавсияга амал қилиб, чорвадорлар билан муносабатга қайта эътибор қаратдим: "Чорвадорлар ҳам муҳим табақа. Улар мулкпараст бўлмаслиги билан ишончли кишилардир. Жамики ҳайвонот ва улардан олинадиган маҳсулот улар тасарруфида. Чорвадорларга ҳам эзгу муносабатда бўл. Тажрибамда кўрдимки, уларда ҳийла-найранг йўқ, уларнинг феъли кенг. Тартиб-интизом талаб қилишни хуш кўрмайдилар. Шу сабабли улар билан муносабатда устомонлик керак. Чорвадорлар тилини тушун, улардан билимлилик талаб қилма".
"Қутадғу билиг"да уйланмоқчи бўлган йигитларга қарата: "Сен хотин олсанг, ўзингдан қуйисини ол, зоти олийсига боқма, сен қул бўлиб қоласан. Асли, уруғи ҳамда зоти яхши бўлсин, уятли, андишали, покизасини истагин. Юзи чиройини истама, хулқи яхшисини иста, феъл-атвори яхши бўлса, сенинг юзингни ёритади", деб насиҳат қилинади.
Деҳқонободлик мен билган китобсеварлардан бири Откамар қишлоғида яшайдиган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, умр бўйи чўпонлик қилиб оила тебратган, элнинг корига яраётган фарзандлар тарбиялаган, 95 ёшли Абдулҳаким бобо Жабборовдир. Абдулҳаким бобо билан 2009-2016 йиллар мобайнида Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалаба куни байрамлари арафасида кўп бора учрашиб, мазмунли суҳбатларидан баҳраманд бўлганман. 2009 йилда Деҳқонобод туманида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари 58 нафар бўлса, ҳозирги кунда уч нафар қолишган. Шулардан бири Абдулҳаким бобо.
Абдулҳаким бобони кўргани борганимда, ҳамиша китоб мутолаа қилиб турган ҳолда учратганман. У киши билан ислом таълимоти борасида суҳбат қуришга "тишим ўтмаган" бўлса-да, Ғаззолий, Алихонтўра Соғуний, Қодирий, Фитрат, Чўлпон каби алломаларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида фикрлашганмиз. Суҳбатлар вақтида бир умр чўпонлик қилиб яшаган кишининг илму тафаккурига тан берганман. Зарур илмларни диний ва дунёвий илмга бўлмасдан ўрганиш зарурлиги, ҳар қандай дунёвий илм соҳаси диний илм билан чамбарчас боғлиқлигини тушуниб етганман.
Бир гал Абу Ҳомид Ғаззолийнинг "Мукошафат-ул қулуб" ("Қалблар кашфиёти") китобини совға қилиб, ўқиб чиқишни тавсия қилган. Умуман, Ғаззолий ҳақида нималарни биламиз? У Шарқнинг буюк мутафаккирларидан бири бўлиб, 1058-1111 йилларда ҳозирги Эрон ҳудудида яшаб ўтган. Тус, Журжон, Нишопур ва Бағдодда таҳсил олган. Салжуқийлар давлатининг улуғ вазири, кўплаб олиму фозиллар бошини силаган Низомулмулкнинг эътиборига тушган. Тарих, фалсафа, фиқҳ, ҳадис, тасаввуф олимларига амалий қўлланма бўлган "Вожиз", "Босит", "Ар-Рисолат ал-Қудсия", "Иҳё улум ад-дин", "Ҳужжат ал-Ҳақ" каби юзга яқин асарлар ёзган. Ҳаёти давомида зиддиятли, кўп масалаларга шубҳа билан қараган даврлар ҳам бўлган. Ўзидан ва ўрганганларидан қониқмаган. Ўзига "Бутун қилаётган ишларим: шон-шуҳрат, амал-мансаб, нуфуз ва мол-дунё учун эмасмикин", деган саволлар қўйиб яшаган.
Унинг асарлари ўзликни ва ҳаётни англашни, яшашнинг ғаму ташвишларига сабрли бўлишни, қалбни пок ва тоза тутишни, ҳалол яшаш ва бахт-саодатга эришишни ўргатади. Абдулҳаким бобонинг фикрича, Абу Ҳомид Ғаззолий асарларининг қадр-қиммати вақт ўтгани сари ошиб бормоқда ҳамда инсоният бор экан, бу асарлар ҳам мангу зиё манбаи бўлиб хизмат қилади.
"Мукошафат-ул қулуб"ни Абдулҳаким бобо "Қалбларни даволовчи асар" деб таърифлаган эди. Ушбу асар инсонга ҳасад, жоҳиллик, адолатсизлик, кибру ҳаво каби ғайриинсоний феъл ва туйғулардан холи бўлиш йўлларини кўрсатади. Зеро, арабча "мукошафа" сўзи "кўринмайдиган нарсаларни очиш" деган маънони англатади. Олиму орифлар бу китобни кенг маънода "қалбларни босиб ётган ғайриинсоний феъл ва туйғуларнинг кашфи" деб аташган.
Ғаззолийнинг хулосасича, жамиятда ҳақсизлик ўрнини адолат, ёлғон ўрнини рост, ахлоқсизлик ўрнини одоб, шафқатсизлик ўрнини раҳмлилик, кибру ҳаво ўрнини камтарлик эгалласа, элу халқ бахтли ва саодатли бўлади.
Китоб ўқиш зарурлиги кенг тарғиб қилинаётган вақтда китобга меҳр қўйган инсонлар ҳеч бир даврда унга бегона бўлмаганини таъкидлаб ўтишни жоиз деб топдик. Улар бизнинг орамизда, оиласи ва яқинлари даврасида бахтли-саодатли ҳаёт кечирмоқдалар. Зеро, китоб ўқиш зарурлиги ҳақида уламолар айтган экан: "Ақлни ота-онангдан тополмаган бўлсанг, кўчадан қидирма, китобдан қидир, устоз-муаллимдан қидир. Булардан ҳам тополмасанг, Қуръони каримдан қидир, ҳадиси шарифдан қидир! Демак, сен иймонга муҳтожсан!"
Абдишукур ОМОНОВ