Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Муҳаммади ҚОРАЕВ

11.05.2018


АҚЛНИНГ НАФСДАН ҒОЛИБ БЎЛИШ ПАЛЛАСИ

Рўза исломнинг беш асосидан бири бўлиб, пайғамбар юборилган ҳар бир умматга фарз қилинган. Қуръони каримда “...сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди”, “...сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин” (“Бақара” сураси, 183-184-оятлар) каби хитоблар билан рўзанинг фарзлиги собит бўлган.

Ҳар бир илоҳий амрда ўзига хос ҳикмат бўлади. Рўзанинг барча хусусияти ва ҳикмати ёлғиз Аллоҳга аён. Бир нарса аниқки, Рамазон – раҳмат ва мағфират ойи, ойларнинг султони ва энг улуғидир. Рўза жасадга ҳам, руҳга ҳам файз бағишлайди, уни қайта тирилтиради. Моддий ва маънавий зарарлардан муҳофаза қилади. Бошқа ойларга нисбатан бу ойда Аллоҳга яқинлашиш, улуғ ажру мукофотларга сазовор бўлиш имкониятлари кўпроқ. Қадр кечасининг минг ойдан афзаллиги, бу кечада қилинган ибодатнинг савоби минг ойлик ибодат савобидан ортиқлигини бир тасаввур қилиб кўринг. Бу ойда ихлос, самимият ила тавба қилсак, гуноҳларимиз кечирилади,  дуолар қилсак, ижобат бўлади, иншаоллоҳ! Ҳатто фаришталар ҳам бу ойда Аллоҳнинг махсус фармонини бажариш учун ерга тушадилар.

Қуръони карим шу ойда нозил бўлган. Аллоҳнинг расули одамларни ислом динига даъват қилишни шу ойда бошлаган. Шунинг учун ҳам Рамазон ойи ва Рамазон рўзаси бутун уммат тарафидан буюк бир муҳаббат ва айрича ҳурмат билан эъзозланади.

Рамазонда Ер юзининг турли тарафидаги мусулмонлар муштарак туйғу ва қарашлар билан бирлашадилар. Бир хил вақтда очиқадилар, чанқайдилар, жамоат бўлиб тартибли, эътиқодли ҳолатда Аллоҳга таслим бўладилар, муҳаббат намунасини кўрсатадилар. Яхшилик, хайру саховат эшиклари барчага баробар очилади. Аллоҳнинг афв ва мағфират хазинасидан ҳар бир мўмин ўз улуш ва насибасини олишга ҳаракат қилади. Мўмин-мусулмонлар рўза давомида руҳларини сабр-қаноат, машаққат ва қийинчиликларда тоблайдилар. Аллоҳ берган неъматларнинг қадрига етиш ҳақида ўйлай бошлайдилар.

Рўза исломнинг бошқа аҳкомлари ва ибодатлари каби жамият ҳаёти ва тараққиётига ҳам шубҳасиз ижобий таъсир кўрсатади. Хатми Қуръон, таровиҳ намозлари ва ифторликлар мусулмонларни янада жипслаштиради, меҳр-оқибат, дину диёнат туйғуларини кучайтиради.

Рўза ойи – ҳар йилда бир келиб кетадиган азиз меҳмон. Уйимизга бир меҳмон келадиган бўлса, уни яхши кутиб олиб, ҳурматини жойига қўйиб, кўнгилдагидек кузатиш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз. Худди шунингдек, моҳи Рамазонни ҳам иштиёқ ва ихлос билан кутиб олиб, унда қўлимиздан келганча солиҳ амалларни қилишга ҳаракат этмоғимиз лозим. Рамазон ойи дилларимизни йиғилиб қолган ғуборлардан тозалаб, вужудимизни ахлоқий фазилатлар касб этишга тайёрлаб оладиган ғанимат бир фурсатдир. Бинобарин, бу ой бошқа ўн бир ойдан фарқ қилиши керак. Шунинг учун масжидларда хатми Қуръон жорий этилади. Бундай маросимларда Қуръони карим бир карра тўлиқ ўқиб, эшиттирилади. Биламизки, Қуръони карим Ер юзидаги барча мусулмонларнинг энг муқаддас китоби ва диний ҳаётлари учун дастуриламал ҳисобланмиш илоҳий қонун-қоидалар мажмуасидир.

Рўза – руҳнинг озуқаси.  У Ҳақ таолонинг пинҳоний марҳаматларига эриштиради. Рўзадор киши руҳий покланади. Ақлини нафсидан ғолиб бўлишга ўргатади. Ўзини ҳар хил шаҳватлардан тия олади. Қалбида бева-бечора, оч-наҳорларга нисбатан меҳр пайдо бўлади.

Рўза қиёмат куни рўзадорларни шафоат қилиб: “Ё Роббим, булар сенинг розилигинг учун ейиш ва ичишни, шаҳватни тарк қилиб рўза тутдилар, буларни бизга бағишла!” дейди. Рўзанинг шафоати ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари каби рад этилмайди, қабул бўлиб, мағфирати илоҳийга ва жаннатга дохил бўлишга сабаб бўлади.

Рамазонда рўзадорга беш хислат берилдики, булар бошқа умматларнинг ҳеч бирига берилмаган:

1. Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳ таоло наздида мушк ҳидидан ҳам яхшироқдир.

2. Ифтор қилингунча фаришталар ҳам рўзадор учун истиғфор айтиб, унга мағфират талаб қиладилар.

3. Ҳақ таоло ҳар куни жаннатнинг зийнатини оширади.

4. Шайтонларнинг саркашлари банд этилади.

5. Охирги кечада бутун рўзадорлар мағфират қилинадилар.

Раҳмати илоҳий шунчалар кенгки, уни тасаввур қилишга инсониятнинг ақли етмайди. Беш вақт намоз ҳар намоз орасидаги хатоларга, жума кунги намоз икки жума орасидаги хатоларга, Рамазон ойи ибодатлари бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Фақат мўмин киши гуноҳи кабирадан, яъни катта гуноҳлардан ўзини сақлаши керак.

Рўза Аллоҳ учундир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳазратлари ривоят қилган бир ҳадиси қудсийда: “Инсонийларнинг қилган барча амаллари ўзлари учун, фақатгина рўза мен учундир (менга оиддир). Рўзанинг мукофотини мен бераман. Рўза бир қалқондир, шунинг учун рўза тутган кунингизда рафас, яъни, жимоъ ҳақида фаҳш сўзларни сўзламангки, балки, жимоъга сабаб бўлар. Ҳеч қачон бақириб-чақирманг, хусуматлашманг ва тортишманг. Агар бошқа бир киши сизни уриб-сўкишга, сиз билан жанжаллашишга мойил бўлса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман” денг”, дея марҳамат қилинади. Урушиш, ёмон сўзлар айтиш эса инсонни у кутаётган, умид қилаётган савоблардан маҳрум қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят этилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сизларга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ таоло унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннатларнинг эшиклари очилади, жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади. Бу ойда ўзбошимча шайтонлар кишанланади. Аллоҳ таоло бу ой орасида бир кечани ёзган бўлиб, у кеча минг кечадан яхшироқдир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ кўп файзлардан маҳрум бўлибди”.

Рамазон ойида мағфират кунлари бўлиб, бу кунларда Аллоҳнинг фарзи бўлган рўзани тутиб, кечалари ибодат ва дуо билан машғул бўлган одамларни Аллоҳ таоло фаришталарга кўрсатиб: “Эй фаришталар, мана бу бандаларимни қаранглар, уларнинг дастурхонга қўл узатмасдан ўтиришлари очликка, ташналикка сабр қилишлари фақат менинг розилигимни топиш учундир. Сизлар гувоҳ бўлингларки, рамазон ойи менинг ойим бўлгани ва мен итоат қилган бандаларимга ўзим хоҳлаганимча, беҳисоб мукофотлар бераман, деб ваъда қилганим учун уларнинг барча гуноҳларини бугун мағфират қилдим”, дейди.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз шундай деганлар: “Жаннатда алоҳида бир эшик бўлиб, у Раййон (чанқоқлик йўқ) дейилади. Қиёмат куни бу эшикдан фақат рўза тутган кишиларгина кирадилар”.

Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси киши бир кун рўзасини Аллоҳ розилиги учун тутса, Аллоҳ таоло ундан дўзахни етмиш йиллик масофага узоқ қилади” дейдилар (Имом Бухорий ва Сунан эгалари ривоятлари).

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойини муборак қилсин, гуноҳларимиздан покланиб, қалб кўзларимиз очилишини насиб айласин. Аллоҳ таоло юртимизнинг тинчлиги, равнақи ва фаровонлигини бундан-да зиёда қилсин! Чунки тинчлик бўлмаса ҳаётда ҳам, ибодатда ҳам ҳаловат бўлмайди.

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги етакчи мутахассиси

Report typo