Биринчи масала - уй-жой ва уй-жой қуриш учун ер участкаси олиш бўйича. Бу борада 350 дан ошиқ мурожаатлар келиб тушган. Мамлакатимизда намунавий лойиҳалар асосида арзон ва бошқа турдаги уй-жойлар қурилаётган, уй-жой қуриш учун ким ошди савдоси орқали ер участкаси берилаётган бўлса-да, айрим шахслар бу тоифадаги уй-жойларнинг ҳеч бирини харид қилиш имкони йўқлигини маълум қилган. Ўз навбатида ҳар бир оилани ер участкаси билан таъминлашнинг ҳам имкони йўқ.
Хўш, нима қилмоқ керак? Бунинг ечими шундаки, келгусида ҳудудларда кўп қаватли ва арзон нархли уй-жойлар, оилавий ётоқхоналар қуриш керак. Натижа нима бўлади? Унумдор ерларнинг талон-торож бўлиши, ноқонуний қурилишларнинг олди олинади. Муҳтож оилалар уй-жойли бўлади.
Иккинчи масала - фермер ва деҳқон хўжалиги ташкил қилиш, қишлоқ аҳолисининг чорвачилик ва деҳқончилик қилишига имконият яратиб бериш ҳақида. Бу хусусда 200 дан ошиқ мурожаат ва таклиф бўлган. Мурожаатларда фермер хўжаликларининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва ролини пасайтирмаган ҳолда уларни кўп тармоқли ҳолда мақбуллаштириш, сонини кескин кўпайтириш таклиф қилинган. Масалан, бир қишлоқда 400 та оила яшаса, шундан 15-20 таси фермер хўжалиги ташкил қилиб, қишлоқ атрофидаги деярли барча ерга эгалик қилади. Қолган ерлар, дарё бўйлари ва кичик яйловлар 30-40 та деҳқон хўжаликлари томонидан эгаллаб олинган. Қолган 340 та оила аъзолари қаерда чорвачилик ва деҳқончилик қилиши кераклиги борасида саволлар қўйилган.
Бунда амалдаги фермер хўжаликлари сонини кўпайтириб, ер гектарини камайтириш керак. Фермер оила аъзолари билан биргаликда пилла, ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, топшириш имкониятига эга бўлсин. Фойдаланилмаган ерларга солиқ миқдорини ошириш ва давлат захирасига қайтариш зарур. Қишлоқнинг фермер бўлмаган аҳолисига чорвачилик ва деҳқончилик қилиши учун имконият яратиб бериш керак.
Натижа шу бўладики, қишлоқда меҳнат билан банд аҳоли кўпаяди. Ерлардан унумли фойдаланилади. Чорва сони ошади, гўшт ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари арзон бўлиши таъминланади.
Учинчи масала - иш жойи ва иш ҳақи олиш бўйича 300 дан ошиқ мурожаат бўлган. Ишсизликдан шикоят қилувчилар кўп. Мутахассислиги бўйича иш тополмаган ва олаётган маоши ҳаёт кечириши учун етарли бўлмаганлар ҳам бор. Бошқалар эса иш ўринлари яратилгани тўғрисида расмиятчилик ва юзакилик кўплиги, иш ставкалари ва иш соатлари, иш ҳақи миқдори камлигини маълум қилган.
Таклифлар иш жойларини реал яратишдан иборат. Шу орқали "умидворлар"ни камайтиришга эришиш мумкин. Чунки иш бору мени қабул қилишмаяпти, деган фикрда бўладиганлар ҳам учрайди. Мутахассисларни эса жамиятимиздаги эҳтиёжга қараб тайёрлаш талаб қилинади. Аслида дипломлиларнинг кўплиги жамият тараққиёти, халқнинг илм-савияси ва маънавияти юқорилигидан далолат бермайди.
Тўртинчи масала - иш стажи ва пенсияга чиқиш хусусида 200 дан ошиқ мурожаат бўлган. Бюджет ташкилотларида ишловчи ходимларнинг иш стажлари имкон қадар тўғри ҳисоб-китоб қилиб борилади. Аммо аксарият фермер хўжаликлари ва хусусий корхоналарда ишлаётганларнинг бу борадаги эътирозлари ўринли. Улар ё ишловчилар рўйхатида бўлмайди, ё пенсия жамғармаларига маблағ ўтказилмайди. Демак, бу фуқароларга вақти келиб пенсияга чиқиб таъминот олиш қийин бўлади.
Касаба уюшмалари, меҳнат инспекторлари норасмий ишлаётганларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга жиддий эътибор қаратиши лозим. Аслида улар меҳнаткашлар манфаатини ҳимоя қилишига ўрганиб қолганмиз, аммо ишсизлар ҳуқуқлари ҳам лозим даражада таъминланиши даркор.
Ишчилари сонини яширмаган, кўпайтириб борган фермер хўжаликлари ва хусусий корхоналарни рағбатлантиришнинг турли чораларини кўриш, мардикорлар ва ёлланма ишчилардан уларнинг ҳуқуқларини бузиб фойдаланганларга жазо чоралари кучайтирилса, бу йўналишдаги эътирозлар камайиши шубҳасиз.
Бешинчи масала - соғлиқни сақлаш, ногиронлик гуруҳига чиқиш, таълим-тарбия бўйича. Уларда даволаниш ва дориларнинг қимматлиги, соғлиқни сақлаш ходимларининг тамагирлиги, даволанишнинг қайси турлари пуллик ва қайсилари бепул эканлиги ҳақида маълумотлар берилмаслиги, ногиронлик гуруҳига чиқишдаги қоғозбозлик ҳақида айтилган.
Шунингдек, таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш шартлиги, дипломлилар кўп бўлса-да яхши кадрлар камлиги қайд этилади. Лотин алифбосига ўтиш масаласини қатъий ҳал қилиш кераклиги, аросатда юриш саводсизликка сабаб бўлаётгани кўрсатилган.
Бунинг ечими шу тизимга мутасаддиларнинг масъулияти ва жавобгарлигини оширишдан иборат. Бунинг учун тизим масъулларининг халқ олдида ҳисоб беришини жорий этиб, мазкур жараёнда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари иштирокини таъминлаш даркор.
Олтинчи масала - моддий ёрдам, нафақа ва кредит олиш муаммолари. Айтиш ўринлики, моддий ёрдам ва нафақа ойма-ой берилаётгани туфайли кўпчилик уни яшаш манбаи сифатида билиб қолган. Агарда моддий ёрдам ва нафақа берилиб, унга чорва моли ёки бирор бир ишлаб чиқариш воситаси олиш талаби қўйилса, бу фуқаро меҳнат қилиш ва тадбиркорликни ўрганади, боқимандаликдан холи бўлади. Донолар айтганидек, балиқ ейишни истаган одамга балиқ эмас, қармоқ бериш керак.
Кредитлар беришда банклардаги ҳақиқий ҳолат, уларнинг имкониятларига қараб оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишларини амалга ошириш керак. Тарғибот билан банкдаги ҳақиқий ҳолат бир-бирига мос тушиши лозим. Банклар мижознинг ишончини йўқотмаслик йўлини қидириши керак.
Еттинчи масала - оилавий ихтилофларнинг олдини олиш, фарзандлар тарбияси ва алимент олиш ҳақида. Никоҳ бузилгач, фарзандлар тарбияси ва таъминоти асосан аёллар зиммасига қолиб кетмоқда. Кўп даромадли айрим эркаклар судга кам иш ҳақи олиши тўғрисида маълумот тақдим қилиб, алимент миқдорининг кам белгиланишига эришмоқда. Уй-жойсиз қолаётган аёллар ва болалар кўп.
Нима қилмоқ керак? Оилада ёши улуғ кишилар ва эркакларнинг масъулияти ҳамда жавобгарлигини ошириш, никоҳ бузилишига сабабчи бўлаётганларнинг жавобгарлик масаласини кўриш керак. Никоҳ бузилиши оқибатида "етим" бўлаётган болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, алиментнинг энг кам миқдорини ошириш чорасини кўриш зарур.
Саккизинчи масала - коммунал соҳага тааллуқли. Аксарият ички йўллар таъмирталаб бўлиб қолгани, қишлоқларда чиқиндихоналар ташкил қилинмаётгани, электр ва газ тўловларидаги қарздорликка оид чалкашликларга асосан шу соҳага масъул ходимлар томонидан йўл қўйилаётгани бор гап. Бу ўринда ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллик кўрсатиши талаб қилинади. Чунки маҳалла раиси ҳам узоқда эмас, аҳолини турли масалалар қийнаётган ҳудудда яшайди. Унинг эса муаммоларни кўрмаслиги мумкин эмас.
Тўққизинчи масала - суд-ҳуқуқ масалалари ваколат берилган давлат органлари томонидан ҳал этилса-да, бу тоифадаги ишлар юзасидан тегишли бўлмаган идораларга шикоятлар ёзиш кўп. Жабрланувчига етказилган моддий зарарлар тергов ва суд жараёнида ундирилмасдан қолмоқда. Мулк билан боғлиқ суд қарорлари ижроси кечиктирилаётгани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг қўпол муомаласи ҳақида ҳам мурожаатлар бўлган.
Бу жараёнда фуқароларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш орқали ҳуқуқбузарлик, тергов ва судга оид муносабатлар фақат суд ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ҳал этилишини тушунтиришимиз керак. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этилиши орқали, тергов ва суд фаолиятига аралашмасликка эришиш лозим. Ҳуқуқ органларида кадрларнинг ҳуқуқий маданияти устуворлиги ва ошкораликни таъминлаш орқали халқнинг уларга бўлган ишончи янада оширилса, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка ҳам барҳам бериш имкони юзага келади.
Ўнинчи масала - мурожаат қилиш борасидаги маданият ва ҳуқуқий билимни ошириш. Қонунларимизда фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи чегараланмаган. Ўз навбатида фуқаро ўзи кўтарган масала қайси давлат идорасида ва қай тартибда ҳал бўлишини яхши билиши керак. Масалани кўриб чиқиш ваколатига эга бўлмаган идораларга ариза ёзиб, вақтини йўқотиб ва ҳаммадан норизо бўлиб юрмаслиги лозим. Аксарият масалаларда икки фуқаронинг манфаати тўқнаш келади. Бу вақтда масала қонуний ҳал этилса-да, албатта улардан бири давлат ва масъул раҳбарлардан норози бўлади. Шу сабабли ҳар бир фуқаро ўзи кўтарган масалага оид қонунлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлардан хабардор бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Фуқароларимизнинг кўп учрайдиган муаммолар борасидаги фикр-мулоҳазалари ва таклифлари ана шулардан иборат. Албатта, жамиятимиз ҳаётининг муҳим соҳалари бўйича қабул қилинаётган зарур ҳуқуқий ҳужжатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган. Бинобарин, халқнинг фаровон ва бахтли яшаши учун имконият яратиб бериш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида, қонуний, асосли ва адолатли ҳал этиш давлат, жамият ҳамда барча тоифадаги давлат хизматчиларининг муҳим вазифасидир.
Абдишукур ОМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Китоб тумани Халқ қабулхонаси мудири