Ушбу тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари, вилоятдан сайланган сенаторлар, маҳаллий депутатлар, соҳага алоқадор барча ташкилотлар раҳбар ва масъуллари иштирок этди. Бундан ташқари, сессия ишига кенг жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам таклиф этилди. Мажлисни Олий Мажлис Сенати аъзоси Суюн Абдиев олиб борди. Селектор тарзида ўтказилган йиғилишни маҳаллий студияларда халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, ҳокимликлар мутасаддилари, аҳоли саломатлигига жавобгар барча масъуллар кузатиб бориш имконига эга бўлишди.
Кун тартибидаги биринчи масала - вилоятимизда аҳолининг соғлом овқатланишини ташкил этишга, соғлом ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга асосий эътибор қаратилди. Афсуски, бу борадаги ишлар кўнгилдагидек эмаслиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган меъёрларга деярли риоя этилмаётгани алоҳида таъкидланди. Мисол, бугунги кунда аҳоли тузни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилаяпти. Кундалик овқат рационида ёғ ва қанд миқдори ҳам ортиб кетган. Аксарият кишилар организмида витамин етишмаслиги кўзга ташланади. Кам ҳаракатлилик ортиқча вазн, бошқа сурункали хасталиклар юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Албатта, соғлом овқатланишга кишини болаликдан ўргатиб бориш керак. Бироқ бунга масъул бўлган таълимнинг қуйи тизимларида ҳам аҳвол мақтагулик эмас. Ҳозирги пайтда воҳамиздаги мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган 450 нафардан зиёд бола жисмоний ўсишдан ортда қолмоқда. 2018 йилнинг 6 ойида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳам чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилганда, бу борадаги тегишли кўрсаткич 4487 нафарни ташкил этди.
Айни йўналишда олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари юқори самарадорликка эга, деб бўлмайди. Маҳаллаларда болаларни спортга жалб қилиш, бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳолати ўртача даражадан ҳам паст экани билдирилди. Ҳудудда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда ҳам кутилган натижаларга эришилмаяпти. Сўнгги беш йилда вилоятда жами 47 та ҳолатда овқатдан заҳарланиш ҳолати қайд этилгани ҳам шуни айтиб турибди.
Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолатини баҳолаш мақсадида ишчи гуруҳ томонидан вилоятимизнинг 10 та ҳудуди қамраб олингани маълум қилинди. 128 та маҳаллада одамлар билан учрашувлар ташкил этилган. Мулоқотлар давомида фуқаролардан 700 га яқин мурожаат келиб тушган. Қарийб 20 фоиз мурожаат жойида ижобий ҳал этилган. Қолгани бўйича ҳам аниқ амалий чоралар белгиланган.
Сессияда қайд этилишича, ўрганиш кунлари ҳудудлардаги 5611 нафар киши чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган. 514 нафар фуқаро стационар шароитда даволанишга тавсия олган. 351 нафарига туман шифохоналарига, 110 нафарига вилоят тиббиёт муассасаларига ва 53 нафарига республика клиникалари ва марказларига бепул даволанишга йўлланмалар тақдим этилган. Бундан ташқари, 118 нафар бемор уй шароитида кўрилди. Уларнинг 82 нафари 1- ва 2-гуруҳ ногиронидир. Ўрганилган ҳудудларда яшовчи 38 нафар фуқаронинг ногиронлик аравачаси, 9 кишининг эшитиш мосламаси, 9 нафарининг қўлтиқтаёққа эҳтиёжи борлиги аниқланди ва таъминлаш бўйича йўл хариталарига киритилди.
Қолаверса, ўрганиш давомида аҳоли томонидан айрим тиббиёт муассасаларида тиббий хизмат кўрсатиш сифатидан норозилик билдирилгани ҳам айтиб ўтилди. Соҳада зарур мутахассислар етишмаслиги асосий камчиликлардан бири сифатида эътироф этилди. Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган норматив ҳужжатлар ижросини таъминлашда ҳам оқсашга йўл қўйилган.
Ўрганиш натижалари бўйича тегишли мутасаддиларнинг фикр-муносабати эшитилди. Аниқланган хато-камчиликларни бартараф этиш бўйича асосли таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Унинг ижроси борасида масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
М.ШУҲРАТОВ