Қарши шаҳридаги “Qarshi leather” Ўзбекистон-Исроил-Хитой қўшма корхонаси ҳам ана шу мақсадларни кўзлаб амалга оширилган йирик лойиҳалардан биридир. Умумий қиймати 14,5 миллион АҚШ долларига баҳоланган ушбу лойиҳанинг биринчи босқичи ўтган йили ишга туширилган эди. Бу ерда йилига 750 минг йирик ва 900 минг майда мол терисига ишлов бериш имкони мавжуд. Ҳудуддаги кўплаб йигит-қизлар бугун ана шу корхонада меҳнат қилишмоқда.
Бироқ, сўнгги пайтларда “Qarshi leather” корхонаси жойлашган Шайхали шаҳарча маҳалласи Косон йўли кўчаси аҳолиси томонидан корхона фаолиятига нисбатан норозилик, масъул ташкилотларга йўлланаётган ариза ва шикоятлар сони ортиб бормоқда. Ажабо!!! Ҳудуднинг ободлигига, оилалар ҳаётининг фаровонлигига хизмат қилиши керак бўлган корхонадан нега одамлар норози?
Гап шундаки, умумий майдони 4,52 гектар бўлган корхонада хом терига замонавий технологиялар ёрдамида бир неча босқичда ишлов берилиб, ундан тайёр чарм ишлаб чиқарилади. Бу жараёнда кўп миқдорда сувдан фойдаланилади. Хом ашё ювилган, кимёвий воситалар билан тўлиб-тошган чиқинди сув эса қувур орқали заводдан бор-йўғи 400 – 500 метр наридаги сунъий кўлга ташланмоқда. Қарийб 1 гектар ҳудудни эгаллайдиган чуқурлик айни вақтда қип-қизил рангдаги сув билан тўла. Бу ердан таралаётган бадбўй ҳидга чидаб туриш қийин. Ҳавога кўтарилаётган, ер ости сувларига бориб қўшилаётган зарарли, заҳарли моддалар ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Ваҳоланки, худди шу ҳудудда бир нечта оила истиқомат қилмоқда.
- Ўзим мана шу корхонада ишлайман, - дейди шу ердаги хонадонлардан бирининг соҳиби исмини мақолада келтирмаслигимизни илтимос қилиб. – Маошим яхши. Бола-чақамга ризқ-насиба келиб турган жой ҳақида ёмон гапиргим йўқ, лекин бу ерда яшаб ҳам бўлмай қолди-да. Ишонсангиз, ёзнинг жазирама иссиқларида ҳам бадбўй ҳиддан қочиб уй ичида, эшик-деразани беркитиб кун ўтказдик. Ҳовлига, соя-салқинга чиқиб ўтира олмаймиз. Бирор жойга борсак, тоза ҳаводан яйраб қоламиз, уйга келишга эса юрак безиллайди. Хуллас, мана шу чиқинди сувнинг бир чораси топилмаса, бизга жуда қийин бўлаяпти.
- Шу ердан уй-жой қилганимга минг пушаймонман, - дейди суҳбатимизга қўшилган хонадон эгаларидан яна бири нолиб. – Фарзандларим ёш, уларга ачинаман, саломатлигига зарар етишидан қўрқаман. Тўғриси, уйни сотиб, бошқа жойдан уй олмоқчиману, лекин бу ерни ким олади, ким бизнинг ҳолимизга тушишни истайди...
Одамларнинг нолишлари бекорга эмас. Чиқинди сув йиғилган майдонни кўздан кечириб, тасвирга олгунимизга қадар 20 дақиқача вақт сарфладик. Бу вақт давомида ундан таралаётган нохўш ҳидга чидаш қийин бўлди. Янаям шу ерда яшаётганларнинг жонига балли.
Хўш, муаммонинг юзага келишида ким айбдор? Корхона лойиҳаси тасдиқлангунига қадар нега шундай муаммо келиб чиқиши мумкинлиги инобатга олинмаган? Ахир уни аҳоли яшаш манзилидан узоқроқ жойда қуриш ҳам мумкин эди-ку.
Ана шу саволлар атрофида маълумот олиш учун субъект масъулларига мурожаат этиш истагимиз бор эди. Корхонага бориб улардан ҳеч бирини учрата олмадик.
Улар билан телефон орқали боғланиш учун қилган уринишларимиз бесамар кетди.
Суриштирувларимиз давомида маълум бўлдики, аслида бу ерда аҳолининг томорқа ерлари ва дала ҳовлилари бўлган. Кейинчалик одамлар дала ҳовлини кенгайтириб, уй-жой қуриб олишган. Ҳозир ҳам уйларнинг аксарияти тегишли кадастр ҳужжатларига эга эмас ва аҳоли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги тегишли фармонига кўра уй-жойга эгаликни расмийлаштириш ҳаракатида. Демакки, лойиҳа тасдиқланган вақтда бу ер аҳоли яшамайдиган манзил сифатида корхона учун ажратилган. Бироқ, корхона томонидан ҳам барча ишлар белгиланган меъёрларга мувофиқ амалга оширилган деб бўлмайди.
- Аҳолининг мурожаатларидан сўнг маҳалла фаоллари билан биргаликда бу масалада корхона маъмурияти билан учрашиб, лойиҳаси билан ҳам танишганмиз, - дейди Шайхали шаҳарча МФЙ посбони Отабек Бекмирзаев. – Лойиҳада чиқинди сув камида 2 километрдан ошиқ узоқликка ташланиши, ҳовузнинг усти ёпиқ ҳолда бўлиши белгиланган. Лекин ҳозирги ҳовуз билан корхона ораси нари борса 500 метр чиқади, холос. Кейин чиқинди сувни бу ҳолда очиқ майдонга ташлаб қўйиш ҳам ярамайди. Ахир, атмосфера учун ҳам турган-битгани зарар-ку. Корхона раҳбарлари муаммони ҳал этишини билдирган, лекин ҳанузгача амалий натижа бўлгани йўқ.
Хуллас, маҳалла аҳли ўз тили билан айтганда “тери завод”дан норози. Бу ҳақда масъул ташкилотларга йўллаётган мурожаатларидан ҳозирча натижа чиққани йўқ. Натижа чиқиши учун эса корхона маъмурияти чиқинди сувни аҳоли яшайдиган манзилдан узоқроқ жойга, белгиланган талабларга жавоб берадиган махсус ҳовуз қуриб, шунга ташлаши, уни зарарсизлантириш чораларини кўриши лозим. Акс ҳолда ҳудуддаги аҳоли саломатлигига, экологияга бундан жиддий зарар етиши мумкин.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.