Бу борада туман марказига яқин аксарият маҳаллаларни сув билан таъминлайдиган Деҳқонобод сув омборининг бугунги аҳволи ҳеч бир талабга жавоб бермаслиги сир эмас. Шу боис айни вақтда мазкур сув иншоотида кенг кўламдаги қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
- Деҳқонобод сув омбори 1982 йилда қурилган, - дейди сув омбор бошлиғи Абдуғаффор Усмонов. – Ўша пайтда унинг қурилишига сув тўплашдан кўра, селнинг олдини олиш зарурати сабаб бўлган. Шунинг учун бу ерда катта сиғимдаги сувларни тўплаш имконияти йўқ эди. Айниқса, сўнгги йилларда сув омборининг турли чиқиндилар, тоғ жинслари ювиндилари билан тўлиб қолиши оқибатида унинг сиғими янада камайиб кетди. Ҳар йили йиғиладиган сув миқдори 3 миллион метр кубга ҳам етмай қолганди.
Табиийки, бугунги кунда туман аҳолиси сони ошиб, маҳалла ва қишлоқлар кенгайиб бормоқда. Айни вақтда мазкур сув омборидан ўнга яқин қишлоқ ва маҳаллалар сув олади. Табиийки, сувга талаб юқори. Шу боис иншоотни қайта қуриш маҳаллий инвестиция дастурига киритилиб, ишлар бошлаб юборилди. Қурилиш ишлари “Яккабоғ қўрғони” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилаяпти. Айни вақтга қадар лойиҳа доирасида битта автомобиль кўприги қуриб битказилди. Омбордан сув чиқиб кетишини таъминлайдиган асосий канал тубдан қайта таъмирланмоқда ҳамда омбор дамбасида тупроқ ишлари бажарилаяпти.
Қурилиш ишлари ниҳоясига етганидан сўнг сув омборида 20 миллион метр кубдан ошиқ сувни тўплаш имконияти юзага келади. Бу унинг сиғими қарийб 10 баробарга ошади, дегани. Натижада Қорашина, Деҳқонобод, Аэродром, Бибиқорасоч, Бешбулоқ, Навобод ва Гумбулоқ каби қатор қишлоқ ва маҳаллаларда оқар сув таъминоти тубдан яхшиланади.
Маълумот ўрнида келтириб ўтамиз, туманнинг Шакарбулоқ қишлоғи ҳудудида жойлашган Деҳқонобод сув омборига Ғузор дарёсининг ирмоқларидан бири - Катта Ўра ва Кичик Ўра дарёларининг сувлари йиғилади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратларда: қурилиш жараёнидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.