Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

СОЖИДА

01.02.2019


АҲРОР ФРАНЦИЯДАГИ САНЪАТ ФЕСТИВАЛИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРМОҚДА

Айни пайтда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида таҳсил олаётган Аҳрор ўқиш билан бир қаторда, яна бир нуфузли халқаро тадбир - Францияда ўтадиган йирик санъат фестивалига тайёргарлик кўрмоқда.

- Ёшлигимдан дутор, қашқар рубоби, пианино чалишга қизиққанман, - дейди Аҳрор. - Ота-онам 8 ёшимдаёқ тумандаги 18-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига олиб келишган. Бу ерда устозларимдан жуда кўп нарсаларни ўргандим. Бир қатор танловларда қатнашиб, юқори ўринларни қўлга киритдим.

Аҳрор Низомов 2014-2018 йиллар давомида Испанияда ўтказилган "Ўрта ер денгизи афсонаси" номли халқаро фестивалда, Россиядаги  "Санъат дунёни бирлаштиради", Беларусь, Санкт-Петербург ва Пекинда ўтган нуфузли танловларда жаҳон мусиқа оламида тенгсиз асарлар яратган бастакорлар ижоди билан қатнашди. Чайковскийнинг "Апрель", Брамснинг "Вальс", В.Гаврилиннинг "Тарантелла", Э.Салиховнинг "Пьеса для фортепиано" ва яна кўплаб ижролар шулар сирасидан. Ҳар гал ажойиб чиқишлари билан барчани мафтун этган мусиқачи Ўзбекистон ёшларининг ижрочилик маҳорати қай даражада юксак эканлигини намоён этди.

Оиладаги санъат ва мусиқага бўлган иштиёқ ва Аҳрор эришаётган ютуқлар ёш Моҳидилни ҳам санъатга чорлаган бўлса ажаб эмас.

Ака-сингил мусиқачилар - Аҳрор ва Моҳидил Низомовлар Италияда бўлиб ўтган "Салом, Италия!" халқаро кўрик-танловида муваффақиятли қатнашиб қайтишди. Танловда фортепиано йўналишида қатнашган Моҳидил Низомова Шопеннинг "Вальс" асарини ижро этиб, II даражали лауреатлик дипломига сазовор бўлди.

- Акам билан биргаликдаги дуэт ижроси - Европа ва Осиё бастакорлари яратган асарлардан парчалар барчага манзур бўлди ва бу учун биз III даражали диплом билан тақдирландик, - дейди Моҳидил. - Санъат - афсонавий саҳна, у ерда қалбдан куйлаш керак. Бунинг учун эса юксак маҳорат, билим талаб этилади.

Қайд этишларича, ака-сингил Низомовлар ушбу танловнинг фольклор рақслари йўналишида ҳам ўз имкониятларини намойиш этиб, яхши натижани қўлга киритишган.

- 2017 йилнинг 4-8 январь кунлари Москвада ўтган халқаро танлов ҳам мен учун унутилмас воқеаларга бой бўлди, - дейди Аҳрор Низомов. - Ўндан ортиқ мамлакат санъатсеварлари иштирок этган "Янги йил юлдузлари" номли фестиваль-танловда синглим билан саҳнага чиққанимизда Моҳидилнинг Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори дея эълон қилингани кўпчилик хорижликларни қизиқтириб қўйди. Ўзбек адабиёти ва шеъриятидан хабардор иштирокчилар синглимга Зулфияхонимдек юксак мавқе ва ижод йўлини тилашди.

Аслида, Ватанга бўлган меҳр она сути билан танга кирса, мусиқага бўлган муҳаббат она алласи билан вужудга жо бўлади. Ватанни севган инсонгина барча ишларини чин кўнгилдан, муҳаббат билан амалга оширади. Муҳаббатдан эса мусиқа яралади. Вилоятимизда Аҳрорбек ва Моҳидил каби мусиқага ихлос қўйган истеъдодли ёшларимиз талайгина. Бу эса юртимизда Ватанни севувчи, уни ардоқловчи авлод    вояга етаётганидан дарак.

СОЖИДА

Report typo