Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

07.05.2024


АҚШга экспорт, Хитойдан импорт ҳажми кескин ошди

Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятимизда экспорт ҳажми ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 1,4 баравар, импорт ҳажми эса 4 баравар ошди.

Вилоят статистика бошқармаси эълон қилган дастлабки маълумотларга қараганда, шу йилнинг январь-март ойларида вилоятимиздан 121,7 миллион долларлик маҳсулотлар ва хизматлар экспорт қилиниб, 2023 йилнинг дастлабки уч ойи билан таққослаганда ўсиш суръати 141,9 фоизни ташкил этган. Ўз навбатида импорт ҳажми шу даврда 169,6 миллион  долларга, ўсиш суръати эса 396,1 фоизга етган.

Вилоятимизда экспорт ҳажмининг ортиши асосан АҚШ, Хитой, Россия Покистон, Миср, Эрон ва Бирлашган Араб Амирликларига сотилган маҳсулотларнинг сезиларли даражада кўпайиши ҳисобидан таъминланган. Бу, айниқса, Америка Қўшма Штатлари мисолида яққол кўзга ташланади. Статистикага кўра, ўтган йилнинг дастлабки уч ойи давомида Қашқадарёдан ушбу мамлакатга атиги 3,2 минг долларлик экспорт амалга оширилган бўлса, жорий йилнинг январь-март ойларида мазкур рақам 14 миллион 303,9 минг долларгача (асосан “Uzbekistan GTL” МЧЖда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экспорти ҳисобидан) кўтарилган. Шу тариқа АҚШ вилоятимиз маҳсулотларининг Туркия ва Россиядан кейинги энг йирик харидорига айланмоқда.

Вилоятимизда йилнинг биринчи чорагида импорт ҳажмининг кескин ўсиши кўп жиҳатдан Қашқадарёга Хитой, Нидерландия, Германия ва Эквадордан етказиб берилган техника ва технологиялар ҳамда мевалар миқдорининг ортиши эвазига кузатилди. Эътиборлиси, импорт умумий ҳажмининг ярмидан кўпи Осмоности мамлакати ҳиссасига тўғри келмоқда.

Жорий йилнинг январь-март ойларида вилоятимизнинг ташқи савдо айланмаси ҳажми ўтган йилнинг тегишли даври билан таққослаганда 2,3 бараварга кўпайиб, 291,3 миллион долларга етди. Сальдо манфий бўлиб, -47,9 миллион долларни ташкил этди.

Report typo