Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

18.01.2024


"ҲАҚ УЧУН КУРАШГА ҲАМРОҲ ИСТАДИМ"

Чори Аваз таваллудининг 66 йиллиги

Менинг умрим нима? Мезондек дайдиб

Ҳақ учун курашга ҳамроҳ истадим.

Аммо кимларгадир дардларим айтиб,

Фақат шеърлар битмоқ бўлди қисматим.

Ушбу мисралар муаллифи, ўзбек халқининг ардоқли шоири ва таржимон Чори Аваз узоқ яшамади, 35 йиллик умр йўли давомида асрларга татигулик бебаҳо асарлар қолдирди. "Тортилган камон", "Куз эртаси", "Уйғонишдан ўзга толе излама", "Сайланма", болаларга атаб "Бир дунё савол", "Мен ҳам битта Ўзбекистонман" деб номланган шеърий тўпламлари адабиёт ихлосмандлари қалбидан ўчмас ўрин эгаллади.

Қолаверса, поляк ёзувчиси Минковскийнинг "Бақалоқ" қиссасини, япон адиби Рюноскэ Акатугаванинг "Қоронғиликдаги суҳбат", "Пигмей сўзлари" асарларини,  Исикава Такубокунинг "Танкалар"и ҳамда фин халқ эпоси ҳисобланган "Калевала" достони, Котиб Ёсиннинг "Гриф" асарларини маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Чори Аваз (1957-1992) таваллудининг 66 йиллиги муносабати билан ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда ижодкорнинг адабиётимиз ривожи учун қилган хизматлари эътироф этилди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Ғузор туманидаги шоир туғилиб-ўсган Тожик қишлоғида жойлашган 43-мактабда бўлиб, Чори Аваз бюсти пойига гуллар қўйишди. Адабиётшунос олимлар, бадиий сўз ихлосмандлари, жамоатчилик  вакиллари фикр-мулоҳазалари тингланди.

- Чори Аваз ҳар қандай шеърга ўз фикрини дадил айта оларди. Енгил-елпи "шиғир"ларни мажақлаб ташларди. Муаллифи оғринадими, йўқми, иши йўқ. Шеърни кўнгил овутарга ёзадиганларни хуш кўрмасди, - дейди шоир, ёзувчи ва таржимон Ўроз Ҳайдар. - Чори Аваз шеърияти маддоҳбозликдан холи. Замонасозлик аравасига ҳам тушиб қолгани йўқ. Атоқли шоир Абдулла Орипов унинг чинакам истеъдодига юксак баҳо берган эди. Шогирдининг ўлимидан бўзлаб, "...Армонинг сочда оқ толамдек, Беғубор эдинг бир боламдек, Ҳеч кимнинг шогирди ўлмасин", дея байтлар битган эди.

"Уйғонишдан ўзга толе излама" деб номланган  навбатдаги маънавий-маърифий тадбир Чори Аваз ўқиган, Ғузор туманидаги  1-мактабда ташкил этилди.

Дарҳақиқат, шоирнинг шу номдаги тўпламида қуллик исканжасида уйғонаётган авлоднинг безовталиги, чим босган шуурнинг истиқлол шуъласидан нурлангани, кеча ва бугуннинг зиддиятли кечинмалари акс этган шеърлар асосий ўрин эгаллаган.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети бўлим мудири Нурбой Жабборов, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети декани Акбар Нурматов,  Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова, таниқли тележурналист Нозима Воҳидова, ижодкорлар - Шарофат Ашурова, Ўроз Ҳайдар, Темирпўлат Тиллаев, шоир ва таржимон, "Халқ сўзи" газетаси бўлим мудири   Раҳмат  Бобожон, Чори Авазнинг рафиқаси Зебо Омонова, қизи - Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Гули Нигор Авазова истеъдодли ижодкорнинг шахсияти, бетакрор ижоди ҳақида фикр- мулоҳазалари, дил изҳорларини баён этишди.

Қайд этиш лозим, кейинги йилларда шоирнинг рафиқаси Зебо Омонова ташаббуси билан Чори Аваз асарлари чет тилларга таржима қилиниб, хорижий давлатларда тақдимотлари ўтказилмоқда. Жумладан, 2022 йили Чори Аваз шеърлари инглиз тилига таржима қилиниб, китоб ҳолида нашр этилди ва Мисрда тақдимот қилинди. Ўтган йили эса Анқаранинг Йилдирим Боязид университетида турк тилидаги "Aydinlik hayaller" китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда мактаб ўқувчилари томонидан Чори Аваз шеърларидан намуналар ўқилди, саҳналаштирилган кўринишлар намойиш этилди.

Рус шоири Лермонтовга нисбатан "шоирлар қишлоқларда туғилади, шаҳарларда вафот этади", Усмон Носирга нисбатан "фавқулодда истеъдодли шоир" деган таъриф берилган. Ўткир Ҳошимов эса "ижодкорда қишлоқнинг юраги, шаҳарнинг ақли бўлсин" деган фикрни айтган эди. Чори Аваз эса бу таъриф ва фикрларнинг ҳаммасини ўзида мужассам эта олган том маънодаги ҳақиқий истеъдодли шоир эди.

Дарҳақиқат, шоир мухлислари томонидан айтилган ушбу эътирофда катта ҳақиқат мужассам.

Чори Аваз таваллуди муносабати билан Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида ўтган маънавий-маърифий тадбир "Барҳаёт шеър йўли" деб номланиб, унда истеъдодли шоирнинг ўлмас мисралари, бетакрор ижоди ҳақида сўз борди.

Ижод мактаби ўқувчиларининг Чори Аваз шеърлари ва ўз ижод намуналаридан иборат  бадиий ҳамда ранг-баранг мусиқий чиқишлари тадбирга янада файз бахш этди.

Шунингдек, тадбир меҳмонлари ҳамда ижод мактаби кутубхонасига китоблар совға қилинди.

Б.САЙФИЕВ

Report typo