ҚАЛАМ ЎЗАГИДЕК КЕЛАДИГАН МИЯ
Бунга мисол қилиб Огайо штати (АҚШ) университети олимларининг шов-шувли муваффақиятини келтириш мумкин: улар дунёда илк маротаба инсон миясининг мукаммал “жонли” моделини яратишди. Сиртдан қараганда, ҳайрон қоларли ери йўқдай: жуда майда, қалам ичидаги ўзак (графит) ўлчамига тенг кашфиёт кучли микроскоп тагидагина ўз қиёфасини очиқ кўрсата олади. Лекин университет профессори Рене Ананд раҳбарлигида тайёрланган бундай нусханинг оқибат-натижасини охиригача баҳолаш, башорат қилиш мушкул. Шунинг учун бу кашфиёт ҳали қоғоздалик пайтидаёқ (ва “тўлақонли инсон миясини яратиш” ғояси учун патент олиш ҳам) МРБ томонидан махфийлаштирилди.
Нима учун? Бу саволнинг жавоби эса фақат Форт-Лодердейле (АҚШ, Флорида штати)да жуда тор доирада ўтказилган, соғломлаштирилган тизимларни яратиш ва тадқиқ қилиш (MHSRS) масалаларига бағишланган ҳарбий симпозиум қатнашчиларигагина маълум. “Симпозиумнинг ноҳарбий аъзолари” тадқиқот гуруҳи дастлаб Колумбия университетида олимлар жамияти ўтказган коллоквиум (илмий жиҳатдан текширишга бағишланган суҳбат) чоғида қисқартирилган тарзда тақдим қилинган маъруза матни билан танишиб чиқишди.
ҲАММАСИ ИНСОН МАНФААТИ УЧУН
Аввало бу гуруҳ эришган натижанинг аҳамияти, қиймати тушунарли бўлиши учун профессор Ананднинг сўзларини келтирсак. “Биз дунёда биринчи бўлиб, тўлақонли ишлайдиган инсон миясини ўстирдик”. Давомида: “Бу мия инсон тўқималаридан ҳосил қилинди ва бугунги кунда яратилган шундай аъзоларнинг энг мукаммал модели ҳисобланади”. Моделнинг “етиштирилиш” муддати тезлиги ҳам кишини ҳайратга солади: 12 ҳафта ичида у беш ҳафталик ҳомила мияси шаклига келди. Бу илмий-тадқиқот ишининг бошланишига нима туртки бўлган эди? Жавоб оддий: Паркинсон ва Альцгеймер хасталигига ўхшаш оғир дардлар миянинг илк шаклланиш босқичида келиб чиқишини ҳисобга олган ҳолда, Огайо университети олимлари “мия модели”да шу касалликларни даволаши мумкин бўлган янги тиббий воситаларни синовдан ўтказишни режалаштиришганди.
Шу ўринда эзгу истиқбол манзараси гавдаланди. Сўз яна Рене Анандга. “Агар сизда наслий хасталик бўлса, бизга шунчаки ўз тўқималарингиздан берасиз, биз эса улардан миянгизнинг мини-нусхасини яратамиз, шу йўл орқали сиздаги етишмовчиликни ҳамда айнан қайси даволаш усули сиз учун ҳаммасидан кўра мос келишини аниқлаймиз”.
Бундан ташқари, бу ишланма лаборатория каламушлари ва бошқа жониворлар устида ўтказиладиган даҳшатли тажрибалардан воз кечиш имконини ҳам беради. Бунинг ўрнига пробиркада ўстирилган мия устида синов ўтказилади. Бирмунча ғалатироқ эшитилади, шундай эмасми?
МЕН ФИКРЛАМАЯПМАН, БИНОБАРИН, МАВЖУД ЭМАСМАН?
Маълумки, маънавий-ахлоқий олам масалалари хусусида савол бериш учун олим бўлиш шарт эмас. Шундай экан, тўлақонли инсон миясининг ўстирилиши инқирозга учраган клонлаштиришдан қандай фарқ қилади? Бундай мия ўйлашга, ўз устида қандай тажрибалар ўтказилаётганини англашга қодирми?..
Колумбия университетида чиқиш қилар экан, профессор Ананд унинг ҳайратомуз бу кашфиёти “сенсор сигналларни қабул қилмаслиги”ни айтиб, олимлар жамоасини хотиржам қилишга ошиқди. Мия фикрлаш вазифасини бажариши учун сунъий қон айланиш тизими ва юрак яратиш ҳам талаб этиларди...
Умуман, Ананднинг фикрича, Рене Декартнинг машҳур иборасини ўзи яратган кашфиёт номидан қайта такрорлашга тўғри келади: “Мен фикрламаяпман, бинобарин, мавжуд эмасман”. Шундай экан, ўзининг қандайдир ишларга манба бўлаётганини англаб турувчи онг устида ҳеч қандай тажриба ўтказилмаслиги керак. Олимлар ҳозирча, мисол учун, аутизмни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлашга уринишаяпти. Илгари шу хасталикни келтириб чиқарувчи 600 та ген маълум эди, бугунги кунда эса математик моделлар аутизм сабабининг келиб чиқишини фақат бир хилда белгилашга изн бермайди. Сунъий ўстирилган инсон мияси айни шунинг учун ҳам керак.
Айни шу ўринда саҳнага АҚШ ҳарбий маҳкамаларининг “махсус олим”лари чиқади. Албатта, уларни наслий касалликларга қарши курашиш ва аутизм сабабларини ўрганиш кўп ҳам безовта қилавермайди. Уларни, масалан (интернетда тарқалган маълумотларга қараганда), ҳарбий ҳаракатлар қатнашчилари учун характерли бўлган мия тўқималарини шикастлайдиган таъсир усуллари кўпроқ қизиқтиради... Бу масалани ҳал этиш учун эса лаборатория шароитида ўстирилган, лекин фикрлашга қодир бўлган мия талаб этилади.
Кўринадики, айни шу жиҳат билан боғлиқ ҳолда Огайода амалга оширилган бу оламшумул кашфиётнинг тўлиқ маълумотлари сир тутилмоқда.
МУКАММАЛ АЙҒОҚЧИ
MHSRS симпозиуми ҳақидаги айрим далилларга кўра, америкалик “ноҳарбий олим”ларни инсон миясига худди компьютернинг ташувчи дисклари (флешка ва бошқалар)га ёзган каби турли маълумотларни киритиш ҳам қизиқтиради. Бу нега керак? Бу ерда гап маълумотлар захирасини олиб юрган ва ўзи бундан, яъни мияси бу маълумотларни сақлаётганидан бехабар бўлган универсал айғоқчиларни яратиш устида кетаяпти. Бундай универсал айғоқчилар яратилишининг истиқболларини тасаввур қилиб кўришни ўқувчининг ўзига қолдирамиз. Бунинг учун Брендон Сандерсон ижодига мансуб “Легион-2: ички сир” фантастик фильмининг қисқача сюжетини келтирамиз. “И-3” компанияси ўликхонадан ўғирланган жасадни топиш учун детектив ёллайди. Бу жасад инсон танасидан маълумотларни сақловчи восита сифатида фойдаланиш юзасидан тадқиқот ўтказган ва экспериментал биотехнологияларга асос солганлардан бирига тегишли. Тахминларга кўра, у ўз мияси тўқималарига ўта муҳим ва хавфли ахборотни жойлаштирган...
Ёзувчининг учқур хаёлоти ҳамда “махсус олим”лар қизиқишининг ҳайратланарли даражада мос келиши ғалати. Лекин аввал “ҳаракатланувчи инсон мияси модели” устида илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш шарт. Огайо университети олимлари шарофати билан бундай модель аллақачон тайёр ҳам.
КИМГА - ФОИЗЛАР, БОШҚА БИРОВГА ЭСА АБАДИЙ ҲАЁТ
Энди эса, америкалик олимлар кашфиётининг абадий ҳаёт ҳамда тор акционерлар доирасининг йирик даромад чиқаришлари билан боғлиқлиги хусусида. Ўқувчиларимизга маълумки, америкалик олимлар яқин 20-25 йил ичида одамлар “шахсий мангулик”ка эришиши мумкинлигига ишонадилар. Уммонорти бойваччалари сунъий тана яратиб беришлари учун юз миллионлаб маблағ сарфлашади. 2015 йилнинг августигача миллиардерлар учун мангу ҳаёт ясовчилар олдида янги мия ўстиришдек машаққатли муаммо кўндаланг эди. Ахир, тана аъзоларини сунъийлари билан алмаштириш фақат мия тирик бўлганидагина мумкин-да!
Энди, Огайода инсон тўқималари асосида мия ўстирилгач, абадий ҳаёт борасидаги тадқиқотлар янги босқичга кўтарилиши тайин. Гап шу ҳақида кетаяптики, ҳар нега қодир қудратли мижоз миясидаги барча ахборот - худди флешкага ўтказилган каби - пробиркада етиштирилган мияга кўчирилади. Кейин эса бу нусха сунъий танага ўрнатилади. Сўнг - репликация, яъни одамнинг тугамайдиган, эҳтиёжга кўра (қариб қолганида) қайта тикланадиган кўриниши яратилади.
Албатта, скептиклар шундай савол беришга ҳақли: нега мақола муаллифи олимларнинг яширин ғояларини бу қадар ишонч билан тасвирлаяпти? Бу ҳолатда сира сирлилик йўқ. Сизнинг камтарин қулингиз бадавлат инвестор томонидан юқори даромадли акция таклиф қилинадиган ёпиқ интернет сайтида рўйхатдан ўтган. Огайолик олимларнинг шов-шувли кашфиёти матбуотда эълон қилинмасидан олдинроқ бу сайтда шу университет билан бирга ўтказилаётган хайтек-компания акциялари ҳақида тўлиқ маълумотлар эълон қилинган эди. Акцияда инсон мияси билан ишлаш истиқболлари ҳақида сўз юритилганди.
...Бир бадавлат ва саратон туфайли ўлим ёқасида турган кекса одам сўнгги технологиялар ёрдамида кексарган, ўлаётган танани ёш ва соғлом одам танасига алмаштириш бўйича иш олиб борадиган яширин муассасага мурожаат қилади. Бироқ тананинг аввалги эгасини танага харидор пайдо бўлишидан илгари атай ўлдиришганини билгач, муассасанинг бор сирини очиб ташлашга қарор қилади. “Ўзидан ташқарида” деб номланган технотриллер жанридаги фильмнинг қисқача сюжети шундай. Умид қиламизки, бу фильмни “қалам ўзагидай мия” яратиш устида тадқиқотни давом эттираётган олимлар албатта кўришади.
Муаллиф: Константин ЗИГАНШИН.
Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.